Фан-техника | 16:53 / 01.10.2020
2845
2 дақиқада ўқилади

Facebook янги пилот илова устида ишламоқда: Instagram, Messenger ва WhatsApp бир-бирига уланади

Facebook компанияси Instagram, Messenger ва WhatsApp дастурларини бир-бирига боғлаш орқали ушбу платформалар ўртасида хабар алмашиш имкониятини яратмоқда.

Фото: Getty Images

Режа WhatsApp фойдаланувчиларини бошқа бир иловани юклаб олиш ёки бир иловадан иккинчи иловага ўтиш «заҳмат»идан халос қилиш, шунингдек, Instagram ва Messenger фойдаланувчиларига бу дастурдан WhatsApp’га хабар юбориш имкониятини яратиш фикрига асосланади.

Баъзи Instagram фойдаланувчилари Facebook’да ўз аккаунтга эга бўлмагани ҳолда Messenger фойдаланувчиларига хабар юборишни бошлашди.

Ушбу синов дастури Facebook томонидан ўтган йили эълон қилинган Instagram, WhatsApp ва Messenger’ни бирлаштириш режаси йўлидаги дастлабки қадамдир.

Ушбу одим келгуси йилларда Facebook’нинг хабар алмашиш соҳасидаги ҳукмронлигини янада кучайтириши ва АҚШда монополияга қарши курашиш доирасида текширилаётган бу компаниянинг бўлинишини янада қийинлаштириши таъкидланмоқда.

Instagram ва Messenger фойдаланувчиларининг бир-бирларига хабар жўнатиш ва видеоқўнғироқ қилиш имкониятини яратувчи хусусият баъзи бозорларда синовдан ўтказила бошлади.

Яқин ойларда дастур бутун дунё бўйлаб тарқалади. Компания мазкур хусусиятнинг WhatsApp’да қачон ишга туширилиши ҳақидаги вақт жадвалини ҳали тақдим этмади.

Маълумот учун, Facebook компанияси 2019 йил март ойида WhatsApp, Instagram ва Facebook хизматларини бирлаштириш режасини эълон қилганди. У 2012 йилда Instagram, 2014 йилда эса WhatsApp’ни сотиб олган. Компания ўзининг Messenger дастурини 2011 йилда ишга туширган.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид