Жамият | 18:22 / 01.10.2020
53179
5 дақиқада ўқилади

Мутахассис қандли диабетнинг қайси турлари хавфли экани ҳақида маълумот берди

Аҳоли орасида қандли диабетнинг бир неча тури тарқалган бўлиб, унинг 1-тури энг хавфлиси ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабетология бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза Тоҳирова билан уюштирилган интервьюни тақдим этди. Интервьюда қандли диабетнинг қайси тури наслдан наслга ўтиши, ушбу хасталик билан оғриган беморлар узоқ умр кўриши учун нималарга эътибор қаратишлари кераклиги ҳамда мавзуга оид бошқа долзарб саволларга жавоблар берилган.

— Қандли диабет наслдан наслга ўтадими? Агар шундай бўлса, олдини олиш чораси борми?

— Қандли диабетнинг иккинчи тури наслдан наслга ўтади. Мойиллиги бор инсонлар ушбу хасталикка умрбод чалинмаслик учун соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари зарур бўлади.

— Ушбу хасталик билан оғриган беморлар узоқ умр кўриши учун нималарга эътибор қаратиши лозим бўлади?

— Энг аввало, қандли диабет билан оғрийдиган бемор ҳар ярим йилда стационар шароитда даволаниб туриши керак. Қандли диабет касаллигининг даво чоралари кўп. Бемор доимий равишда парҳезда бўлиши, қанд пасайтирувчи воситаларни истеъмол қилиб бориши, жисмоний фаолликни ошириши зарур. Диабетга чалинган кишиларда ёшидан қатъи назар, у ёки бу даражада жисмоний юклама бўлиши лозим.

Қондаги қанд миқдори сутка давомида доимо тўлиқ меъёрида юрсагина қандли диабет асоратларининг олдини олиш ёки кечиктириш мумкин. Акс ҳолда стационар даволаниш ҳам бу касалликда ёрдам бера олмайди. Бемор бир йилда икки марта тиббий кўрикдан ўтиши, умумий қон, умумий пешоб ва биокимёвий таҳлилларни ўз вақтида ўтказиши зарур.

— Қандли диабет билан касалланган беморлар қайси мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда даволанади? Одатда ташхис қандай қўйилади?

— Қандли диабет билан касалланган беморлар, авваламбор, эндокринолог назоратида бўлиши лозим. Эҳтиёж бўлганда кардиолог, невропатолог, нефролог, хирург мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда даволаниш чораларини кўриши керак.

Бемор билан суҳбатда бўлган шифокор шубҳали белгиларни сезса, оч қоринга бармоқдан қон олиш (қандли диабетга), глюкоза учун пешоб таҳлили, қондаги инсулин ва гликозил гемоглабин даражасини аниқлашга киришади. Қандли диабет белгиларини аниқлаш учун ушбу текширувлар етарли.

Агар диабетнинг аниқ белгилари бўлмаса, лекин сиз хавф гуруҳида бўлсангиз, йилда бир марта қандли диабетга қон топширинг. Соғлом одамлар эса бундай текширувдан уч йилда бир марта ўтишлари керак.

— Қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун нималарга аҳамият қаратган афзал?

— Беморлар нафақат қонда қанд миқдорининг балансига, балки липидлар миқдорига, қон босими меъёрда бўлишига ва қоннинг қуюқлашмаслигига эътибор қаратишлари лозим. Қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш – тўғри овқатланиш, серҳаракат бўлиш, шифокор назоратида бўлиб, дори воситаларини мунтазам қабул қилиш тавсия этилади.

— Аҳоли орасида тарқалган қандли диабетнинг қайси турлари хавфли? Ушбу хасталикка чалинмаслик учун қандай профилактик чораларга жиддий аҳамият беришлари талаб этилади?

— Қандли диабетнинг бир неча турлари фарқланади, аҳоли орасида қандли диабетнинг иккинчи тури кўпроқ тарқалган. Хавфлиси 1-тури ҳисобланади. Сабаби у кўпроқ болалар ва ўсмирлар орасида учрайди. Агар ўз вақтида даволаш чоралари кўрилиб, назоратга олинмаса, кома ҳолатига олиб келиши мумкин.

Касалликнинг кенг тарқалган 2-турининг эса олдини олса бўлади. Агар инсонда диабет олди ҳолат кузатилса, метформин дори воситасини қабул қилиш тавсия қилинади.

Кундалик рациондан енгил сингувчи углевод сақловчи маҳсулотлар (шакар, асал, ширин кондитер маҳсулотлари, мураббо, ширин ва газли сунъий бўёқли ичимликлар) чиқариб ташланади.

Инсоннинг табиий ширинликка бўлган эҳтиёжини беморлар қанд ўрнини босувчи воситалар ёрдамида қондириши мумкин. Улар ширинликсиз тура олмайдиган инсонларга тавсия этилади.

Мавзуга оид