Жамият | 17:11 / 01.10.2020
13748
5 дақиқада ўқилади

«Ниҳоят, ўрнимдан тура оляпман...» — даволаниши учун хайрия акцияси ташкил этилган беморлар Ҳиндистондан салом йўллашмоқда

Kun.uz сайтида эълон қилинган хайрия акциялари қаҳрамонлари орасида шифо излаб Ҳиндистонга йўл олган беморлар кўпчиликни ташкил қилади. Ана шу ҳамюртларимиздан бир гуруҳи зарур операцияларни ўтказиб, соғая бошлагач, биз билан боғланишди ва кўмак берган сахий инсонларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

«Мен ўрнимдан тура оляпман...»

– Онам Ҳиндистонга етиб бора олармикан, деган ҳадикда йўлга чиққандик. Йўл бўйи ётиб келган, ҳуши ҳам ўзида эмасди. Ўзимизда пайти ҳатто ўрнидан ҳам тура олмасди, – дейди Ўғилхон Мамадалиеванинг қизи Умида.

Kun.uz муштарийлари «Онасининг операцияси учун тикувчилик қилиб пул йиғаётган 5 қизга кўмак зарур» мақоласи орқали бу оила тақдиридан яхши хабардорлар. Унда онасини қутқариш илинжидаги қизлар уйларининг ҳам бир қисмини сотганлари, бири жигарини бераётгани, яна бири эса шифохонада парваришлаётгани ҳикоя қилинганди.

– Дастлаб келганимизда бегона юртларда қолиб кетсак нима қиламиз, деб бироз қўрққандим ҳам. Аммо Аллоҳга минг шукр, операция муваффақиятли ўтди. Мен ўрнимдан туриб юришимни, оғриқларим пасайишини шу қадар орзу қилгандимки, буни фақат ўзим биламан. Ҳозир реабилитация босқичидамиз, таҳлилларни топширсак, чипталарни ҳал қилсак, Ўзбекистонга қайтамиз. Менга кўмак берганларни бутун умр дуо қилиб ўтаман, – деди кўзида ёш билан Ўғилхон опа.

«Ўзбекистонда 14та операция ўтказган қизим Ҳиндистонда 15-операцияни бошдан кечирди»

Қўқонлик Ҳусниддин Солиевнинг уч яшар қизалоғи Осиёхон Солиева учун ҳам хайрия акция ташкил этилган эди.

– Уч яшар қизимнинг бир йили узлуксиз операцияларда ўтди. Айни ўйнаб куладиган пайти азобларда кечди. Шу пайтгача 14 марта операция ўтказдик ва ҳар сафар умидимизни узмай соғайишини кутдик, – деганди ота биз билан суҳбатда.

Ота ва бола ҳам шифо умидида Ҳиндистонга йўл олганлар ва «Респиратор қайталанувчи папилламатоз. Хиқилдоқ, трахея ва қизилўнгачга тарқалиши билан; биринчи даражали нафас етишмовчилиги» ташхиси қўйилган қизалоқ ҳинд жарроҳлари томонидан яна бир марта операция қилинган.

– Худога шукр, қизимнинг аҳволи яхши. Албатта, диагноз мураккаблиги учун бу ердаги шифокорлар ҳам тўкис тузалиб кетишга тўлиқ кафолат бера олишмаяпти. Аммо операция билан операциянинг фарқи барибир сезилди. Аллоҳдан соғайиб қайтамиз деган умидимиз бор. Юртдошларимиздан илтимосим – қизимни дуоларингизда эсланг... Бу анча мураккаб касаллик экан, эсон-омон соғайиб кетсин. Бизга ёрдам қўлини чўзганларнинг бирларига минг берсин илоҳим, – деди Ҳусниддин Солиев биз билан онлайн суҳбатда.

«Онам ҳозирча юра олмади, лекин умидни узмаяпмиз»

Шифо илинжида хорижга йўл олган яна бир бемор – 17 йилдан буён бўғимларнинг оғир касаллиги билан курашиб келаётган Насиба Худойқулова ҳам Деҳлида мураккаб операция ўтказган. Бу юртдошимиз ҳақида «Онажоним юриб кетиши учун ҳамма нарсага тайёрман – муштипар аёл ва унинг қизи кўмакка муҳтож» номли мақоламизда ҳикоя қилгандик.

– Онам билан Ҳиндистонга келишимиздан олдин бизга 8 минг долларлик операция ҳужжатини беришганди. Биз Kun.uz сайтининг саховатли муштарийлари ва танишларимиз кўмагида ана шу маблағни тўплаб келгандик, – деди биз билан суҳбатда Насиба аянинг қизи Муборак Қосимова.

– Аммо ўтган вақт давомида онамнинг аҳволи янада оғирлашган, касаллик янада зўрайиб кетган экан. Икки босқичли, қўшимча ускуналар зарур бўлган, қиймати 12 минг долларли операция тайинлашди. Иложсизликдан зудлик билан маълум шартлар асосида қарз олишга мажбур бўлдик...

Ҳозир операцияни ўтказдик, аммо тикланиш жараёнига 1–1,5 ой вақт зарур бўлиб, операция қилган шифокор назоратида бўлишимиз керак экан. Онамни эсон-омон юргизиб олиб қайтсам, армоним қолмасди. Мураккаб вазиятда бизга ёрдам берган ва бериш истагида бўлганлардан ҳамиша миннатдор бўламан, – дея сўзларини тугатди Муборак.

Муҳтожликдан ёрдам сўраган беморларнинг мушкуллари осон бўлаётганини эшитиб хурсанд бўламиз, албатта. Аммо бир ўй тинчлик бермайди: қачонгача беморлар ва ақл «экспорти» билан шуғулланамиз, замонавий технологиялар ва шижоат «импорти»ни ортга сурамиз?

Тиббиётимизда туб ислоҳотлар даври аллақачон келганини тан олиш вақти келмадими?!

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид