Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МИБ: Марҳуманинг онасига ижро ҳаракатларини бажаришини сўраб 30 мартадан ортиқ мурожаат қилинган
3 октябрь куни Мажбурий ижро бюросининг Наманган вилоят бошқармасида махсус брифинг бўлиб ўтди. Анжуманда 29 сентябрь кунги ижро ҳаракатлари давомида марҳума Г.Дадабоеванинг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

“29 сентябрь куни Наманган шаҳрида истиқомат қилган 35 ёшли марҳума Гуландом Дадабоева ижро ҳаракатлари даврида ўз жонига қасд қилиб, устига бензин ёқилғиси билан ёқиши натижасида вафот этган эди. МИБ Наманган шаҳар бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 08.10.2019 йилдаги ҳал қилув қарорига кўра ундирувчи А.Джураев фойдасига жавобгар – марҳуманинг онаси М.Дадабаева ва унинг оила аъзоларини Наманган шаҳар, Истиқбол МФЙ, 9-Боғи эрам кўчаси 34-уйдан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган эди.
Масъул ходимлар Мажбурий ижро органлари суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлайди ва буни муҳокама қилмайди, лекин доим қарздорларга суд қарорини ихтиёрий бажариши учун ва ҳақиқий аҳволдан келиб чиқиб, инсонпарварлик нуқтаи назаридан ёндашиб келинишини таъкидладилар.
Қарздор М.Дадабоеванинг уйдан чиқиш ижро иши бўйича ижро ҳаракатлари жами турли сабаблар билан 3 марта тўхтатилган, қолаверса ижро иши Бюронинг Наманган шаҳар бўлимига 2019 йил ноябрь ойида келган бўлиб, давлат ижрочилари 3 маротаба қарздорнинг уйига бориб, ўз ихтиёри билан суд қарорини бажаришга ундаб келган.
Бу каби суд қарорлари бўйича кимдир қарздор, иккинчи томон эса, ундирувчи бўлади. Ушбу ижро иши бўйича ҳам ундирувчи Ахад Джураев томонидан суд қарори ижроси таъминланмаётгани ҳақида кўплаб эътирозлар ва бир нечта шикоят аризалари билдирилиб, турли шаклда 30 дан ортиқ мурожаат қилинган”, – дейилади МИБ матбуот хизмати томонидан Kun.uz сайтига тақдим этилган маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, бу масала бўйича Сенат раиси Танзила Норбоева ўз муносабатини билдирди.
“Бу ҳолатни мен мутлақо қоралайман. Балким бу ўринда аёл қайсидир маънода ноҳақдир, Мажбурий ижро бюроси тўғри талабни қўйгандир. Лекин шунда ҳам аёлнинг ҳолатини тушуниш мумкин эди. Оддий гаплашганда ҳам кимдир чарчаб қолган, кимдир асабийлашган, кимдир ўзини тутолмаётганини сезиш мумкин. Бу ҳам айб эмас, унинг саломатлигида қандайдир муаммо кузатилаётган бўлиши мумкин.
Мана шундай ҳолатда Мажбурий ижро бюроси ўзининг ички қарори билан ижрони маълум бир муддат кейинроққа суриши, аёл ўзига келгач, яқинлари орқали тушунтириб, сўнгра яна шуғулланиши мумкин эди.
Бу ҳолатда Мажбурий ижро бюросининг ҳам хатоси бор, деган хулосага келдим”, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида қилган чиқишида.
Мавзуга оид
09:10 / 17.05.2025
Намангандаги қабристонда ёнғин содир бўлди
14:18 / 15.05.2025
Шавкат Мирзиёев Kun.uz танқид қилган масала бўйича қонун лойиҳаси тайёрлашни буюрди
18:58 / 18.04.2025
Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
16:51 / 08.03.2025