Жаҳон | 10:55 / 04.10.2020
35327
7 дақиқада ўқилади

Камчаткада денгиз жониворларига қирғин келди. Маҳаллий расмийлар «ҳеч нарса кўришмаган»

Шанба куни Россия тергов қўмитаси Камчатка ўлкасидаги бир неча пляжларда денгиз жониворлари ёппасига ҳалокатга учрагани ҳолати бўйича текширув бошланганини эълон қилди. Аввалроқ маҳаллий сёрферлар ва туристлар сув ифлослангани ва шу туфайли уларнинг кўриш қобилияти кескин ёмонлашганидан шикоят қилишганди. «Гринпис»дагилар вазиятни экологик фалокат деб атамоқда.

Фото: ANNA STRELCHENKO/TASS

«Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, денгиз жониворлари ўлими Малая, Средняя ва Большая Лагерная кўрфазларидагидаги номаълум манбадан Тинч океани қирғоқ сувларига нефть углеводородлари ва фенол концентрацияси ортиши туфайли содир бўлган. Денгиз суви ранги ҳам ўзгарган», дейилади хабарда.

Петропавловск-Камчатка ҳудудидаги сув ифлослангани ва кўплаб жониворлар ҳалок бўлаётгани ҳақидаги хабарлар ҳафта бошидаёқ пайдо бўлганди. Маҳаллий аҳоли вакиллари ва сайёҳлар денгиз сувида чўмилишганидан кейин кўришда муаммолар пайдо бўлгани, томоқ оғриши, кўнгил айниши ва бошқа аломатлар кузатилаётгани ҳақида ёзишган.

«Денгиз тубидаги барча жонзотлар - ўлган. Саккизоёқлар, балиқлар, денгиз юлдузчалари ва денгиз кирпилари - Наличев бурнидан Авачинская бухтасигача жониворларнинг жасадларига тўлиб кетган. Бу эса 40 километрдан ортиқ масофа», деб ёзади жабрланувчилардан бири Инстаграмдаги саҳифасида.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by Ёла (@yola_la) on

«Халактирский пляждаги сёрфинглардан кейин мен деярли кўрмай қолдим. Кўз олдим хиралашиб, туман ичида қолгандек эдим», дейилади бошқа бир постда.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by Походы и Видео в Сочи (@ionovmaxim) on

Таниқли журналист Юрий Дудь сёрфинг мактаби асосчиси Антон Морозов томонидан олинган кадрларни эълон қилди, юқоридан олинган тасвирда денгизнинг қирғоқ қисми қора рангга киргани ва қирғоқдаги нобуд бўлган жониворларни кўриш мумкин.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by Юрий Дудь (@yurydud) on

Халактирский пляжида нефть маҳсулотлари ва фенол аниқланган, Авачинская кўрфази акваториясидаги яна учта участкада сув ифлосланиши белгилари мавжуд.

Версиялар

Ифлосланиш сабаби ҳозиргача маълум эмас. Камчатка табиий ресурслар ва экология вазири вазифасини бажарувчиси Алексей Кумарьков 2 октябрь куни бу ҳолатга ўткинчи кемалардан чиқинди сувлар ёки нефть маҳсулотлари чиқариб юборилиши сабаб бўлганини тахмин қилганди. Унинг баёнотида сувдан олинган намуналарда саноат мойига ўхшаш ифлослантирувчи моддалар борлиги айтилган.

ТАСС агентлигининг Узоқ Шарқ региони фавқулодда вазиятлар хизматидаги манбаси хабар беришича, сувнинг ифлосланишига қирғоқ яқинидан сузиб ўтган тижорий танкердан нефть маҳсулотлари сизиб чиқиши сабаб бўлган. Ҳозирда бу кема кимга тегишли бўлганини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: ANNA STRELCHENKO/TASS

«Медуза»нинг Камчатка ўлкаси ҳукуматига яқин манбаси ифлосланиш дарёга чиқиндиларни оқизган ҳарбийлар туфайли келиб чиққан бўлиши мумкинлигини айтган. Россия мудофаа вазирлиги ҳодисага алоқадор эмаслигини таъкидламоқда.

Тинч океани флоти матбуот хизмати флот пляж сувлари ифлосланишига алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар асосга эмаслиги, бундай маълумотлар ғарбдаги ташкилотлар томонидан тарқатилаётгани қайд этилган.

3 октябрь куни Камчатка расмийлари сувнинг ифлосланиши кенг миқёсда бўлганини рад этиб чиқди, жониворларнинг ўлими эса шторм билан изоҳланди. Алексей Кумарьков 3 октябрь куни тонгида пляжда текширув ўтказган инспекция жониворларнинг оммавий ўлими, сувнинг ранги хиралашгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаганини айтди. У олинган намуналар сувда феноллар ва нефть маҳсулотлари кам миқдорда ортганини кўрсатганини қўшимча қилган.

«Биз ҳеч қандай жониворлар ўлимини қайд этмадик — ижтимоий тармоқларда айтилаётган гапларнинг ҳеч бири ўз исботини топмади. Денгиз кирпилари ва денгиз юлдузчалари қирғоққа чиқиб қолгани 29 сентябрь кунги бўрон туфайли», — деган амалдор Mash билан суҳбатда. 

Халактирский пляжи сувларида нефть маҳсулотлари миқдори нормадан 4 баравар юқори эканини Кумарьков «нормал бўлмаган вазият» деб атаган, лекин бу «экологик оқибатларга олиб келувчи даражада эмаслиги»ни қўшимча қилган.

Экологлар нима дейишмоқда

Фото: Анна Стрельченко/ТАСС

«Гринпис» «Росприроднадзор», «Роспотребнадзор», Россия мудофаа вазирлиги ва бош прокуратурага зудлик билан ҳодиса сабабларини текшириш ва оқибатларини бартараф этиш талаби билан мурожаат қилган.

Ташкилот бу ҳодисани экологик фалокат деб атаган ва воқеа жойига текширувлар учун экспедиция юборилишини маълум қилган.

«Халактирский пляжи атрофидаги сув ҳавзаси ифлосланиши денгиз жониворлари оммавий равишда ҳалок бўлиши ва инсонлар заҳарланишига сабаб бўлди. Камчатканинг ноёб табиати, ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон табиий мероси хавф остида. [...] Соҳилдаги ифлосланиш манбаси имкон қадар тез фурсатда аниқланиши ва бартараф этилиши зарур», деган «Гринпис» лойиҳаси раҳбари Василий Яблоков.

Расмийлар нима демоқда

Бош вазир ўринбосари - президентнинг Узоқ Шарқдаги мухтор вакили Юрий Трутнев жума куни жониворларнинг оммавий ҳалок бўлиши сабабларини текшириш бўйича кўрсатма берган.

«Атроф-муҳит ифлосланиши оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун бор имкониятларни ишга солиш зарур. Айбдорлар жавобгарликка тортилиши лозим», дея маълум қилган у.

Шанба куни Камчатка ўлкаси табиий ресурслар ва экология вазирлиги пляж тозалиги ва денгиз суви одатдаги рангда экани тасвирланган видеони эълон қилди.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by Официальная страница (@kamgov) on

«Сув ранги нормал ҳолатда, ҳаводаги ҳид ҳам одатдагидек, пляж мутлақо тоза. Тонгда «Наличево» табиат парки инспектори қирғоқ ҳудудини текширди - ҳеч қандай аномал ҳолат кузатилмади», дейилган хабарда.

Пост остидаги кўплаб изоҳларда кескин салбий муносабат билдирилган — улар ҳукуматни ҳаракатсизликда айблашган, шунингдек, амалдорлар бу видеони саҳналаштиришгани айтилган, бунга асос сифатида қирғоқдаги махсус техникалар қолдирган излар келтирилган, изоҳ ёзувчиларнинг фикрича, пляжнинг бу участкаси съемка олдидан махсус техникалар воситасида тозаланган.

Тергов қўмитаси денгиз жониворларининг оммавий ўлими билан боғлиқ факт бўйича текширув бошлаган. Муассаса денгиз сувларидан, ҳаводан ва қумдан қўшимча намуналар олинганини маълум қилган. Уларнинг текширувлари натижаларига кўра ҳодисага ҳуқуқий баҳо берилади. Шунингдек, регион прокуратураси ҳам ўз текширувини ўтказмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид