Ўзбекистон | 12:24 / 06.10.2020
24619
11 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда автоҳалокат қурбонлари пандемия қурбонларидан кам эмас...» — Алламжонов 14 йил олдин ўзи билан рўй берган воқеани ҳикоя қилиб берди

Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раҳбари Комил Алламжонов Telegram-каналида бундан 14 йил аввал жиддий автофалокатга учрагани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Комил Алламжоновнинг ёзишича, 2006 йилда – Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматида ишлаган вақтида хизмат сафари билан Хоразмга борган ва йўл-транспорт ҳодисасига учраб, олган жароҳатлари оқибатида 6 ой тўшакда ётишига тўғри келган.

«Бундан 14 йил аввал, 3 октябр куни бир ўлимдан қолиб, Аллоҳ менга қайта умр берган кун. 2006 йил. Рўзаи рамазон ойлари.

Ўша пайтлар солиқ қўмитаси матбуот хизматида ишлар эдим. Бир куни Хоразм вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Одилхон Рустамов менга қўнғироқ қилиб, вилоят солиқчилари катта миқдорда ноқонуний ароқ ишлаб чиқарувчи цехни аниқлагани ва бир ярим тонна спирт маҳсулоти қўлга олинганини айтиб, ушбу ҳолатни матбуотга чиқариб беришни илтимос қилди.

Ўша пайтда «Солиқ хизмати хабарлари» номли кўрсатувимиз бўлар эди. Тезкор хабарлар ёритилар эди. Ва ўша кўрсатувга чиққан ҳар бир ҳолат қонуний (яъни ҳеч ким аралаша олмасди) ҳал қилинар эди, чунки бу кўрсатувни қўмита раисининг шахсан ўзи доим кузатиб борарди. Бир сўз билан айтганда, бизнинг кўрсатувда чиққан ҳар бир ҳолатга пировард натижада қонуний чора кўрилиши шарт эди. Мен барча ҳужжатларни расмийлаштириб, Хоразмга кетиш ҳаракатини бошлаб юбордим.

Лекин негадир ишларим юравермади, рухсат буйруқлари кечикиб чиқди, оператор йўқ, самолётга чипта умуман топилмаяпти. Қандайдир илоҳий куч ҳамма ишни тўхтатишга уринаётгандек. Мен эса қайсарлик билан ҳаракат қиляпман. Жуда қийинчилик билан чипта топдик, тасвирчи ҳам топилди. Асқар деган йигитни бирга боришга кўндирдим. Хуллас, Хоразмга етиб бордик.

Самолётдан тушишим билан сумкамни очиб қарасам, атир идишларим синиб кетибди. Қалин шиша идиш синиши учун сумкани қандай қилиб отиш керак, деб жаҳлим чиқди, лекин индамай бошқармага бордик. Барча ҳолатларни тасвирга олдик. Айбдорлар, ароқлар сақланадиган омборхоналар. Хазорасп туманида бир ярим тонналик спиртни бориб тасвирга олиш қолди. Сўнг Урганчни томоша қилгани боришимиз керак. Солиқчилар балки бормасмиз дейишди, мен йўқ, бориш керак, ишни охирига етказамиз ва кейин дам оламиз, деб туриб олдим. Бордик, ҳамма ҳолатни тасвирга олдик. Энди ортга қайтиш керак.

Хазораспдан Урганчга Тико машинасида қайтяпмиз. Олдимда – тасвирчи камераси билан; ҳайдовчи – бизнинг Хоразмдаги ходим Алишер ака. Тўғри, узун йўлдамиз. На чапга ва на ўнгга йўл йўқ, фақат тўғрига. Йўлнинг икки чеккаси дала. Тезлик 100–110 км/соат. Рўпарамизда трактор кетяпти, орқасида прицепи билан. Бир пайт ўша трактор рулни чапга буриб, бутун йўлни тўсиб, таққа тўхтаб қолса бўладими. Йўл бутунлай тўсилиб қолди.

Бизнинг ҳайдовчи бор кучи билан тормозни босганига қарамай, катта тезликда трактор прицепининг балонига шундай урилдикки, машинамиз консерва банкасига ўхшаб ғижимланиб кетди. Ичидаги одамларнинг ҳолатини гапирмаса ҳам бўлади. Алишер аканинг кўкрак қафаси эзилди, Асқарни қўлидаги камера қутқариб қолди, зарбдан фақат камера синди, холос. Мен эса орқа ўриндиқда эдим ва, албатта, хавфсизлик камарини ҳам тақмагандим. Биласиз, бизда хавфсизлик камари аслида кўпроқ ЙПХ ходимларининг кўзи учун тақилади, орқадаги камар эса умуман ишлатилмай, чанг босиб ётади. Хуллас, тўқнашувда кўзимдан олов чақнаб кетди, оёғимнинг икки жойи синган, тос суяги ёрилган, қўлимнинг катта вена томирлари ёрилган ва бош мия чайқалган эди.

Унинг устига, ҳозир машина портлаб кетади деб ўйлаб, бор кучимни тўплаб, машинадан ўзимни ерга отдим. Оғриқ кучидан ерда додлаб ётибман. Йўлнинг қоқ ўртаси, марказгача бир соатча йўл.

Ўшанда машинамиз яхшиям трактор балонига урилди, прицеп ўртасига эмас. Акс ҳолда калламиз шартта узилиб кетар эди, тавба қилдим. Хуллас, солиқчилар бизнинг орқамиздан кузатиб келишаётган экан, бахтимга улар дарҳол келиб, бизни олиб кетишди. Қишлоқ шифохонасига бордик. Аҳвол бир бало. Додлатиб, бақир-чақир билан амаллаб рентген қилишди ва палатага ётқизишди. Энди палатанинг аҳволи шундай ачинарли эдики, буни мендан кўра ўша қишлоқ аҳолиси яхши билса керак. Тепада узун сим ва унга илиниб турган лампочка, кровать пружинали, ҳарбий батальонлардан келиб қолганга ўхшайди.

Бир пайт бир нурли, файзли шифокор Қадам оға кириб келдилар. Улар вилоят травматологи экан. Оёғингиз бир-икки жойи синибди, ҳозир оёғингизга тош илиб қўямиз, суяк жойига тушса, гипс қилинади, кейин Тошкентга кетаверасиз, дедилар. Хайрият, Худога шукр деб, кайфиятим озгина ўнгланди. Бир пайт дурадгор қариндошимиз Мансур аканинг ускуналарига ўхшаган, симлари кўк изоленталар билан ўралган дрель, омбирлар олиб киришди.

Аввалига бирон михни деворга қоқишса керак, деб турсам, ҳамшира келиб оёғимга укол қилди ва ўша дрель билан оёғимни тешиб, сим тортиб қўйишди. Шифохонада оғир тош йўқлигидан кўчадаги тошлардан териб келиб, латтага ўраб, оёғимга боғлаб қўйишди.

Мен: «Бўлди, тамом бўлдим, мени атайлаб ўлдирмоқчи бўлишди, ўлмай қолдим, ҳозир охирига етказиб қўйишади», деб қалтираб ётибман. Чунки ароқ ишларини тушунган одам яхши билади, ўша даврларда бу бизнес деярли кўча одамлари қўлида бўлган. Хоразмда ҳам шундай эди.

Ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келиб қарасам, бутунлай бошқа реанимацияда ётибман. Белимдан оёғимгача гипс қилинган, танамдан қандайдир симлар, болтлар чиқиб турибди. Хуллас, бу азобни душманимга ҳам раво кўрмайман. Унинг устига бегона жой, таниш одамнинг ўзи йўқ. Уйдагилар хавотир олмасин деб ҳеч кимга айтмаганман. Фақат синглим Хуршидага айтганман, мабодо менга бир нарса бўлса, хабаринг бўлсин, шу ерда ётибман, лекин ойим ва адамларга ҳозирча айтма, минг километр узоқдаман, эшитиб тамом бўлишмасин деб, тайинлаб қўйганман.

Кечаси травматология бўлими роса тўполон бўлар экан, турли синган-чиққанлар, пичоқ зарби еганлар, жароҳатланганлар, дод-вой, бақир-чақир, хуллас, ҳеч кимга Худо кўрсатмасин. Мен ҳам қўрқувда тунлари йиғлаб, қалтираб, тонг отишини кутиб ўтирардим. Қўшни палатада бели синган бир аёл инграб, додлаб чиқарди. Бахтимга Асқар ёнимда эди. Ўша кечаси билан қараб чиқарди.

Шундай қилиб, реанимацияда 4-5 кун ётиб, кейин Тошкентга юборадиган бўлишди. Қандай транспортда юборишга бош қотиришди. Самолётда кетаман, машинада гипсланган аҳволда 10 соат қандай етиб бораман деб, шу фикрда тўхтадик. Самолётга носилкада олиб чиқишди, амаллаб ичкарига жойлашди. У самолёт носилка жойлаштириш учун мўлжалланмаган экан, аммалаб, бошини-оёғини айлантириб кириб олдик. Мени 3 нафар одам ўтирадиган ўриндиққа ётқизиб, оёқларим тагига баклажкалар боғлаб қўйишди. Хуллас, осилиб, амаллаб Тошкентга етиб келдим. Бир ўзим, бир ҳамроҳ ҳам қўшиб беришмабди; менимча, қутулганимизга шукр деб, Одил Боқиевич учириб юборган бўлса керак, ҳозир ёзиб туриб, шу жойи алам қилиб кетди (ёш бола эдим, қўмитада ишласам ҳам, у даврда матбуот хизматларининг обрўси бўлмас эди. Каттароқ бошқармада ишлаганимда балки бирга оборармиди ҳатто, деб ўйлаганман ўшанда).

Тошкентга қўндик, ҳамма тушиб кетиб, борт ичида бир ўзим қолиб кетсам бўладими. Ҳой, ким бор, деб бақириб турсам, ҳарбийлар кириб қолишди ва кўтариб, бир амаллаб пастга, тез ёрдам машинасига олиб тушишди. Тез ёрдам машинаси фақат ташқи кўринишидан тез ёрдам машинаси экан, ичи эса контрабанда ташийдиган машинага ўхшайди, биттагина бензин канистри турганди. У машина ҳам аэропорт ташқарисига олиб чиқиб қўйди ва у ердан ўша пайтдаги MDS машинаси қабул қилиб олиб, уйга олиб келиб қўйган.

Уйга келганимда ота-онам аҳволимни кўрганидан йиғласа, мен эсон-омон етиб келганимга йиғлардим. Ҳаттоки уйда, яқинларим бағрида жон беришга ҳам тайёр эдим.

Шундай қилиб, 6 ой кроватга михландим. Суяклар ҳам яхши битди. Кейин билсам, хоразмлик травматологлар республикада энг илғор, Қадам оға эса энг кучли мутахассис экан. Худога минг шукр, мана 14 йил бўлса ҳам, ҳалигача оғриқ умуман йўқ.

Ўша пайтда бу иш тагига бир кун етаман, бир кун барибир воқеанинг асл сабабларини ўрганаман, деб юрар эдим. Чунки бу ҳолатдан кейин бир қанча вақт ўтиб, вилоятда анча одамлар қамалди. Лекин барибир нима бўлганини ҳалигача тушуниб етмадим.

Ризқим бор экан, Аллоҳга шукр, шу кунгача етиб келиб, ҳаётимда яна қанчадан қанча воқеалар бўлиб ўтди. Шунинг учун ҳам автоҳалокатларни кўрсам сесканиб кетаман. Бизда бу борада статистик маълумотлар аниқ эмас. Автоҳалокат қурбонларининг сони аллақачон пандемия қурбонлари даражасига келиб қолган. Чунки ўлимлар сони йилига 2 мингдан ошади деб эшитдим. Нима бўлганда ҳам, барчага соғлиқ тилайман. Соғлиқ бўлса, ҳар қандай муаммога ҳам ечим топилади», – дея ҳикоя қилади Комил Алламжонов.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, 2020 йилнинг дастлабки 8 ойида Ўзбекистонда 3596та ЙТҲ рўй берган бўлиб, шундан 991таси ўлим билан тугаган, 2605тасида эса йўл ҳаракати иштирокчилари турли даражада тан жароҳати олган.

Карантин даврида автомобиль ҳаракати чеклангани боис, ўтган йилги рақамларга назар ташлаш ҳам фойдадан холи эмас: 2019 йилнинг 8 ойида 4116та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, шундан 1196таси фожиа билан тугаган, 2920тасида иштирокчилардан бир ёки бир нечтаси тан жароҳати олган.

Ҳурматли муштарийлар! Сиз ҳам йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиддий воқеаларни бошдан кечирган бўлсангиз ва уларни реал ҳаётий ҳикоя тарзида бошқалар билан ўртоқлашишни истасангиз, бу ҳақда бизга батафсил ёзиб юборинг.

Воқеа тафсилотлари, шахсий хулоса ва кузатувларингиз акс этган ҳикояни info@kun.uz электрон почтаси ёки Telegram'даги @kunuzmurojaat манзилига йўллашингиз мумкин. Энг сара ҳикоялар Kun.uz'нинг «Ҳаётий ҳикоялар» рукнида эълон қилиб борилади.

Мавзуга оид