Жаҳон | 21:03 / 07.10.2020
18206
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон ва Арманистон Эрон ҳудудини янглиш ўққа тутганлик учун Теҳрондан узр сўрагани маълум қилинди  

Озарбойжон ва Арманистон вакиллари ўзаро жанговар ҳаракатлар давомида Эрон ҳудудига янглиш тарзда зарба бергани учун Теҳрондан узр сўради. Бу ҳақда Эрон полицияси бошлиғи ўринбосари генерал Қосим Ризоий маълум қилди, деб хабар берди Tasnim ахборот агентлиги. 

Фото: РИА Новости

Ризоийнинг таъкидлашича, Эрон ҳудудига бир нечта артиллерия снаряди ва ракеталар тушгандан кейин эронлик чегарачилар Озарбойжон ва Арманистонга расмий огоҳлантириш қилишган. Унинг айтишича, икки томон ўз айбини тан олган ва узр сўраган. Озарбойжон ва Арманистон ҳарбийлари эронлик фермерлар ва чегараолди ҳудудларида яшовчи бошқа аҳолига зиён етказмаслик учун  ўт очиш траекториясини тўғрилашга ваъда берган.

Аввалроқ, 7 октябрда Эрон ўз ҳудудига ракеталар тушгани сабабли Боку ва Ереванга норозилик ноталарини йўллаган.  

“Биз икки томондан Эроннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни ҳамда бундай номақбул воқеалар бошқа қайтарилмаслиги учун чоралар кўришни сўраймиз”, деб таъкидлаб ўтган Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хатибзода.

Бу орада Эрон мудофаа вазирлигининг бригада генерали Амир Ҳотамий бундай воқеалар яна қайтарилса, Теҳрон огоҳлантиришлар билан чекланиб қолмаслигини айтган.

Арманистон ва Озарбойжон ўртасида деярли 30 йилдан бери Тоғли Қорабоғ учун давом этаётган қарама-қаршилик сентябрь охирида жанговар ҳаракатларга айланиб кетди. Бунинг оқибатида икки томон ҳарбийлар ва тинч аҳоли орасида йўқотишларга учрамоқда.

Мавзуга оид