Спорт | 21:40 / 08.10.2020
8122
3 дақиқада ўқилади

«Эрон билан ўйин биз учун фойдали бўлди». Вадим Абрамов ҳимоячилар хатоси, Лутфулла Тўраев ва Озмуннинг голи ҳақида

Ўзбекистон – Эрон (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида миллий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ўйин ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.

- Эрон кучли рақиб эканлиги маълум эди. Ўйинда имкониятимиз даражасидан пастроқ ҳаракат қилдик. Эрон биз учун ноқулай рақиб. Биринчи бўлимда ўз ўйинимизни намойиш эта олган бўлсак, иккинчи таймнинг айниқса охирги ярим соатида ёмон ўйин кўрсатдик. Биринчи бўлим якунида рақиб ўз имкониятини голга айлантирди. Афсуски, аксарият вазиятларда яхши ҳаракат қила олмадик. Шунга қарамай, Эрондек кучли рақиб билан ўйинда камчиликларимизни кўриб олиш имкониятига эга бўлдим. Бу баҳс биз учун ҳам, рақиб учун ҳам фойдали бўлди, деб ўйлайман. Мағлубиятга учраганингда исталганча гапириш мумкин, ҳар доим ниманидир ўзгартириш имкони бўлади.
 
- Жамоамиз оддий ўйнагандек кўринди. Эрондек жамоаларга қарши баҳсларда ўйинимизни бироз ўзгартиришимиз керак эмасми?

- Ҳар бир жамоа рақиб қанчалик имконият беришидан келиб чиқиб ўйнайди. Эрон яхши потенциалга эга кучли жамоа. Агар биринчи бўлимда яратилган вазиятларда совуққонроқ ҳаракат қилганимизда биз гол урардик. Аммо ўша вазиятлардаги бундай узатмалар билан Эрондек рақибни мағлуб этиб бўлмайди. 

- Сардор Озмун Осиёнинг энг кучли форвардларидан бири эканлиги маълум. У гол урган вазиятда зарба беришга бемалол имкон топа олди. Ўйин олдидан Озмунга алоҳида футболчи бириктирилмаганмиди?

- У жуда юқори савиядаги футболчи. Биз кечроқ тўпландик, айримлар бир неча кун олдин йиғинимизга келиб қўшилди. Ҳимоячиларимиз бундай хатоларга йўл қўйгани уларнинг етарлича ўйин амалиётига эга эмаслигини билдиради. Футболчилар оддий вазиятда хатога йўл қўйиб, ҳужумчининг тўпни бемалол қабул қилиб зарба йўллашига қўйиб беришди. Бу гол Озмуннинг даражаси ва ҳимоячиларимизнинг болаларча хатосини кўрсатиб берди. Хатолар учун эса жазоландик. 

- 2011 йилда Ўзбекистон миллий жамоасини Осиё Кубоги яримфиналига олиб чиққан эдингиз. Ўша таркибдаги футболчиларни жамоага чақириш ниятингиз борми?

- Адашмасам, ўша мусобақада тўп сурганлардан фақат Лутфулла Тўраев қолган. Уни жуда ҳам кўп танқид қилишади. Аммо бугун Тўраевни захирага олганимдан кейин майдон марказида катта бўшлиқ пайдо бўлди. Иккинчи бўлимда қилган ўзгаришларимиз ҳам жамоамиз ўйинини кучайтиргани йўқ.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид