Ўзбекистон | 20:16 / 08.10.2020
20128
7 дақиқада ўқилади

«Одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак» - Президент

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда хотин-қизлар ва ёшлар масалалари билан шуғулланиш учун ҳокимликларда алоҳида штат бирликлари ташкил этилгани, ёшлар масалаларини ҳал этишга президентнинг Халқ қабулхоналари, хотин-қизлар масалаларини ҳал этишга эса касаба уюшмалари бириктирилгани, лекин жойларда ушбу идоралар, тўртта сектор ишни самарали ташкил эта олаётгани юзасидан кўплаб саволлар туғилаётгани қайд этилган.

Видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланган.

«Маълумки, юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни «темир дафтар» тузилган эди. Энди худди шунингдек ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилади. Бу рўйхатлар «темир дафтар»дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизими Хатирчи тумани ва Янгиер шаҳри мисолида муҳокама қилинган.

Мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида, яъни 28та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилган.

Сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакилларига ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш ҳамда шу асосда манзилли чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

«Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш», деган президент.

Ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш муҳимлиги таъкидланган.

Масалан, оилавий психолог хизмати ва туман адлия бўлими орқали ҳуқуқий маслаҳатларни бепул ташкил қилиш мумкин. Ёлғиз кекса аёллар билан патронаж ҳамширалар, ёшлар, маҳалла ва оила бўлимлари ишлаши лозимлиги қайд этилган.

«Ишсиз ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосари, туман ва шаҳар бандлик бўлими, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази, Бош вазир қабулхоналари ва банкларнинг энг муҳим вазифаси бўлиши кераклиги айтилди.

Ўз меҳнати, иродаси билан катта ютуқларга эришган машҳур шахслар билан учрашувлар ташкил этиб, ёшлар ва хотин-қизларга кучли мотивация бериш, чет тили, касб-ҳунар ва бизнесга ўргатадиган аудио ва видео материаллар тайёрлаб тарқатиш ҳам яхши самара беради», дейилади хабарда.

Йиғилишда «ижтимоий шартнома» тажрибасини кенг қўллаш муҳимлиги айтилган. Бунда, аввало, фуқаро касб ўрганиши, ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиши учун давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатилади.

«Дафтар»лар билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилган. Улар билан ҳамкорликни кенгайтириб, жазони ўтаб қайтганларнинг ижтимоий мослашуви, ёшлар ва аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, уларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш муҳимлиги айтилган.

Бу ишларга «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг салоҳияти сафарбар этилади. Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.

Йиғилишда мўлжалдаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун уларни барқарор молиявий манбалар билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўрганишларда маълум бўлишича, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли. Ишсиз ёшларнинг ҳам кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган.

«Ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйсак, уларнинг муносиб иш топишига кўмаклашсак, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳал бўлади. Бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини ҳам жалб қилиш зарур», деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилиши қайд этилган. Шундан 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. «Ижтимоий шартнома» орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.

«Яна бир масала – Касб ва лавозимлар классификатори бугунги замон ва меҳнат бозори талабларига мос келмайди. Мисол учун, унда 2 минг 484 та, яъни 70 фоиз хизматчи лавозими бўйича олий маълумот талаб этилади. Хусусан, маълумотлар базаси билан ишлайдиган мутахассис, веб дизайнер каби ихтисосликларга олий малака талаби қўйилган. Ушбу касбларни IT-марказларда ярим йилда яхши ўрганиш мумкин.

Кутубхоначи, таржимон, банк агенти, реклама мутахассиси каби кўплаб вазифаларга ҳам олий маълумот талаби қўйилган. Меҳнат бозорида бундай касблар бўйича 4 мингга яқин вакансия мавжуд», дейилади хабарда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Касб ва лавозимлар классификаторида олий маълумот талаб қиладиган мутахассисликлар ва лавозимларни қисқартириш вазифаси қўйилган. 

Ҳокимларнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари «ёшлар дафтари» бўйича, маҳалла ва оила масалалари бўйича ўринбосарлари «аёллар дафтари» бўйича масъуллиги белгиланди.

Видеоселектор йиғилишида Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимларнинг ахбороти эшитилди.

Мавзуга оид