Жаҳон | 00:16 / 08.10.2020
68576
7 дақиқада ўқилади

Қорабоғдаги уруш, 11-кун: арманларнинг йўқотишлари кескин ошди

Қорабоғдаги урушнинг ўн биринчи куни ҳалок бўлган арман аскарлари рўйхатида яна 80 ном пайдо бўлди; Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Боку ўз йўқотишларини фақат уруш якунлангач эълон қилишини билдирди; озарбойжонликлар мудофаа вазирлиги яна икки қишлоқ эгаллангани тасвирланган видеони тарқатди - аниқроғи, бу қишлоқлар харобаларини.

Фото: Reuters

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси 7 октябрь куни илк марта бир кун ичида икки бор ҳалок бўлган ҳарбийлар рўйхатини янгилади, икки сафар ҳам рўйхатга 40тадан янги ном қўшилди. Шу тариқа, қурбон бўлган арман аскарлари рўйхати бир кунда учдан бир қисмига ўсиб, жами қурбонлар сони 320 нафарга етди.

BBC хабар беришича, бугун эълон қилинган рўйхатдагиларнинг аксар қисми - 2000-2001 йилларда туғилган ёш йигитлар, улар катта эҳтимол билан хизматга энди чақирилган ёшлар бўлган.

Қайд этиш керакки, бу бир кунда 80 аскар ҳалок бўлганини англатмайди: арман ҳарбийлари кечикиб етиб келган маълумотлар билан рўйхатни тўлдираётган бўлиши ҳам мумкин.

Умуман олганда, ҳақиқий йўқотишлар кўламини аниқлашнинг имкони йўқ: ҳарбий ҳаракатлар майдонида мустақил манбалар мавжуд эмас.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев чоршанба куни Россиядаги «Биринчи канал»га берган интервьюсида Озарбойжон ўз ҳарбий йўқотишлари ҳақида ҳарбий ҳаракатлар якунланганидан сўнг батафсил маълумот беришини маълум қилди.

Эҳтимолий фаоллашув
Арманистон томонининг сўнгги йўқотишлари ва Қорабоғдан келаётган бошқа ҳисоботлар чоршанбага ўтар кечаси ҳарбий ҳаракатлар фаоллашганини тахмин қилишга асос бўлади.

Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Арцрун Ованнисян брифингда чоршанбага ўтар кечаси ва кун давомида фронтнинг барча участкаларида жанглар давом этаётганини маълум қилган. «Фақат шуни айтишим мумкинки, бу - уруш, урушда исталган нарса содир бўлиши мумкин, қийинчиликлар, чекинишлар, айланиб ўтишлар. Аммо ғалаба бизники бўлади!», дея «Арменпресс» агентлиги журналистларнинг саволларига жавоб берган Ованнисяннинг сўзларини келтирган. Журналистлар ундан арман кучлари қайси позицияларни йўқотгани ва қайси позицияларни қайтариб олгани ҳақида сўрашганди. Матбуот анжумани давомида Ованнисян арман ҳарбийлари аввал бой берилган айрим позицияларни қайтариб олишгани ҳақида гапирган, аммо айнан қайси позицияларни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган.

Агар чиндан ҳам ҳарбий ҳаракатлар фаоллашган бўлса, бу об-ҳаво билан боғлиқ бўлиши мумкин. Сўнгги кунларда минтақада кучли ёмғирлар ёққан, чоршанба куни эса ёмғир тўхтаб, булутлар ҳам тарқала бошлаганди.

Ёмғирлар вақтида тоғли ҳудудда ҳарбий техникалар қуруқликда ҳам, ҳавода ҳам ҳаракатланиши қийинлашганди.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги чоршанба куни ўз сайтига озар ҳарбийлари томонидан Шейбей ва Шукюрбейли қишлоқлари эгаллангани ҳақидаги видеоларни жойлаштирди. Аниқроғи, бу қишлоқлардан қолган харобаларни - озарбойжонлар яшаган бу қишлоқлар 90-йиллардаги уруш вақтида яксон этилган ва аҳоли бу жойларни қаровсиз қолдириб тарк этган.

Шейбей ва Шукюрбейли қишлоқлари Аракс дарёси бўйида, Эрон билан чегара яқинида, 11 кун олдин Озарбойжон ҳарбийлари юришни бошлаган чегара чизиғидан 10-15 км ичкарида жойлашган.

Шукюрбейли қишлоғи Аракс водийсини Эрон билан чегаралар томон ва Жабройил тумани марказига элтувчи йўлга уланган йўллар кесишмасида жойлашган.

Томонлар фронт чизиғи яқинидаги шаҳарлар ва қишлоқларни ўққа тутишда давом этмоқда: Тоғли Қорабоғдагилар Степанакерт, Шуши, Аскеран, Мартуни ва бошқа аҳоли пунктларига бомбалар ёғдирилгани ҳақида маълумот беришган.

Қорабоғнинг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмени Артак Бегларян журналистларга фронт чизиғи атрофида яшовчи Тоғли Қорабоғ аҳолисининг қарийб ярми - 70 мингга яқин киши Қорабоғнинг ичкарисига ёки ундан ҳам нарига - Арманистонга кетаётгани ҳақида гапирган. Унинг бу сўзларини тасдиқловчи бошқа мустақил манба йўқ.

Ўз навбатида, озарбойжонликлар ҳам фронт чизиғи яқинида жойлашган қишлоқ ва шаҳарларига ракеталар ва снарядлар учиб келиши давом этаётганини билдиришган, чоршанба куни қишлоқлардан бирида яна бир тинч аҳоли вакили - кекса аёл ҳалок бўлган.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан 8 октябрь куни Женевада ЕХҲТнинг Минск гуруҳи аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилди. Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ҳам Швейцарияга йўл олган.

Арманистон ТИВ раҳбари эса 12 октябрь куни Москвада Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашади. Бу учрашувда Франция ва АҚШ вакиллари бўлиш-бўлмаслиги маълум эмас.

Қарийб 30 йилдан буён Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш учун уриниб келадиган ушбу тузилма иштирокчилари Франция, АҚШ ва Россия ҳисобланади. Ўтган ҳафтада бу уч давлат президентлари томонларни ўт очишни тўхтатиб, масалани тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган ҳолда қўшма баёнотни эълон қилишганди.

Аммо Озарбойжон ва ушбу давлатнинг ортида турган Туркия тинчлик чақириқларини эътиборсиз қолдирмоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ушбу уч давлатда тинчлик ташаббуслари билан чиқишга маънавий ҳуқуқ йўқлиги, улар ўтган йиллар давомида музокаралар йўли билан ҳеч қандай натижага эриша олишмаганини айтиб ўтди. Озарбойжон эса ҳар куни Арманистон ҳарбийлари Қорабоғни тарк этсагина тинчлик музокаралари бошланишини такрорлаб келмоқда.

Россия президенти Владимир Путин чоршанба куни шу кунларда кўплаб сиёсатчилар ва шарҳловчилар томонидан айтилаётган фикрни такрорлади: Россия иттифоқчиси Арманистонга ёрдамга келмайди, чунки формал жиҳатдан Арманистонга ҳеч ким ҳужум қилмаган.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси - халқаро ҳамжамият нуқтайи назарига кўра Озарбойжон ҳудуди ҳисобланади.

Арманистон Озарбойжондан фарқли равишда Россия ва яна бир неча постсовет давлатлар билан бирга КХШТ (Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти) ҳарбий ташкилоти таркибига киради, келишувга кўра, бу иттифоқ аъзоларидан бирининг ҳудудига ҳужум қилинганида бошқа аъзолар ёрдамга келиши белгилаб қўйилган.

«Маълумки, Арманистон ОДКБ (КШХТ) аъзоси ҳисобланади. Ушбу шартнома бўйича Арманистон олдида муайян мажбуриятларимиз бор. Афсуски, ҳарбий ҳаракатлар ҳамон давом этмоқда. Лекин жанглар Арманистон ҳудудида олиб борилмаяпти. Россия бу келишув доирасидаги мажбуриятларини бажаришига келсак - биз мажбуриятларимизни бажариб келганмиз, бажаряпмиз ва бажаришда давом этамиз», деган Путин «Россия» телеканалига берган интервьюсида. У Арманистонда Москвага нисбатан эътироз йўқлигини қўшимча қилган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян, расмий маълумотларга кўра, уруш бошланганидан буён 11 кун ичида тўрт марта Путин билан телефон орқали мулоқот қилган.

Мавзуга оид