Ўзбекистон | 19:03 / 08.10.2020
4590
4 дақиқада ўқилади

Тошкент тиббиёт академияси ректори ва Вирусология институти директори Ўзбекистондаги пандемияга қарши курашга баҳо берди

Ўзбекистон пандемия билан боғлиқ манзарани баҳолаш учун профессионал тиббий билим бўлиши керак, дейилади Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Тўйчиев ва Республика вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев ҳаммуаллифлигидаги мақолада. Мақола Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram'даги каналида эълон қилинди.

Мамлакатимизда аҳолининг коронавирус билан касалланиш ҳолатларини аниқлашда инфекцияга қарши ҳосил бўлган антитаначаларни аниқлаш ҳамда антиген экспресс тест усуллари қўлланилмоқда. Лекин коронавирус инфекциясига ташхис қўйиш учун ушбу тахлиллар ёрдамчи таҳлил усуллари сифатида ишлатилишини унутмаслик керак. Якуний ташхис қўйишда «олтин қоида» сифатида полимер занжирли реакция (ПЗР) махсус лаборатория таҳлил натижалари тан олинади. Шунинг учун ҳам статистик маълумотларда фақатгина ПЗР усулида тасдиқланган мусбат натижалар ҳисобга олинади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида коронавирус касаллигига ташхис қўйишда «гумон қилинган» ҳамда касаллик «тасдиқланган» беморлар ўзаро фарқланади. Бу бутун дунёда амал қилинаётган тажриба бўлиб, шифокорларга касалликнинг ҳақиқий ҳолати бўйича тегишли хулосага келишлари учун ёрдам бўлади.

Айни пайтда юртимизда ташкил этилган саралаш ва тақсимлаш марказларида махсус шифокор кўриги, лаборатор таҳлиллар ва заруратга қараб рентген ёки МСКТ текширувлари ўтказилмоқда. Лаборатория усулида тасдиқланган ҳар битта ҳолатни тўлиқ рўйхатга олиш, касалликка чалинганларни ўз вақтида саралаш ва беморларнинг айни пайтдаги ҳолатидан келиб чиқиб, уйда ёки малакали тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтиришга қаратилади. Саралаш ва тақсимлаш марказларига коронавирус эҳтимоли билан мурожаат қилган, лекин касаллик тасдиқланмаган беморларга ҳам зарур тавсиялар берилиб, ундаги касаллик ташхисидан келиб чиқиб, тегишли тиббиёт муассасаларига йўналтирилади.

Шу билан бирга, биз коронавирусдан ташқари бошқа юқумли касалликлар билан оғриган беморлар ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Ҳозирги кунда аҳолида мавсумий ўткир респиратор инфекциялар (грипп, рино ва аденовирус), шу билан бирга бактериал пневмония ва юқумли бўлмаган касалликларда ҳарорат кўтарилиши мумкинлигини эътибордан четда қолдирмаслик зарур.

Коронавируснинг тарқалиши, уни аниқлаш ва даволаш бўйича умумий манзарани тўлиқ тасаввур қилиш ва баҳолаш учун профессионал тиббий билимга эга бўлиш керак. Ижтимоий тармоқларда юртимиздаги пандемия вазияти ҳақида билдирилаётган турли фикрлар, айрим мутасаддиларнинг асосланмаган хулосаларига ҳам айнан шундай профессионал билимнинг етишмаслиги сабаб бўлмоқда.

Аслини олганда, пандемияни жиловлашда кўрилаётган барча чоралар жаҳон тажрибаси, халқаро ташкилотлар тавсиялари ва энг асосийси, ярим йилдан ортиқ вақт мобайнида коронавирусга қарши кураш жараёнида тўпланган миллий тажрибага таянган ҳолда амалга оширилмоқда.

Шу пайтгача мамлакатимизга ташриф буюриб, даволаш жараёнларида бевосита қатнашган россиялик, америкалик, германиялик, кореялик ва туркиялик мутахассислар ҳам COVID-19'ни жиловлашга қаратилган миллий тиббий тизимимизга ижобий баҳо беришмоқда.

Ўтган вақт давомида аҳолидан келаётган коронавирус билан боғлиқ мурожаатлар билан ишлайдиган мобил гуруҳлар, касалликка чалинганларни саралаш ва уларни тиббий ҳолатига кўра тақсимлашга қаратилган марказлар ҳамда касалликни даволаш билан шуғулланувчи шифохоналарнинг узлуксиз тизими яратилганини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Мисол учун, айни пайтда бирламчи тизимда 202 та махсус поликлиника, 1352 та мобил гуруҳ кечаю кундуз, дам олиш кунларисиз фаолият юритаётмоқда. Етакчи мутахассислар иштирокида 4 гуруҳга бўлинган ҳолда коронавирус билан касалланган ўта оғир ва оғир ҳолатдаги беморларнинг ҳолати кунлик онлайн назорат қилиб борилмоқда.

Шунингдек, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларга амал қилиш борасида барча ҳудудларда малака ошириш курслари ташкил этилиб, унда ижобий натижа кўрсатган шифокорларгина коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларига жалб қилинмоқда.

Лазиз Тўйчиев,
Тошкент тиббиёт академияси ректори.

Эркин Мусабоев,
Республика вирусология илмий текшириш институти директори.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид