Ўзбекистон | 08:01 / 12.10.2020
32642
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўпкани МСКТ қилдириш нархи кескин кўтарилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бу нега юз берганини тушунтирди

Республикада, хусусан, пойтахт Тошкентда эпидемиологик вазият сабабли, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан шошилинч тиббиёт муассасаларидаги ўпканинг мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ) нархлари ўрганилди.

Фото: Getty Images

Эпидемиологик вазият аҳоли ўртасида ўпканинг мультиспирал компьютер томографиясига (МСКТ) бўлган эҳтиёж ортишига олиб келди.

Тошкентдаги хусусий клиникалардаги МСКТ хизматига бўлган нархларнинг кўтарилиши натижаси ўлароқ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан жорий йилнинг июл-август ойларида хусусий клиникалардан олинган маълумотларга асосланиб ўрганиш ўтказилди, дейилади маълумотда.

Дастлабки тезкор ўрганишлар натижасида қуйидаги маълумотлар аниқланди. Унга кўра, пойтахт бўйлаб 18та тиббиёт муассасаси томонидан МСКТ хизмати кўрсатилган. Ушбу хизматнинг умумий қиймати 185 млрд сўмни ташкил этган. Якка тартибдаги хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи бозорида устун мавқейи мавжудлиги аниқланмаган.

Олинган маълумотларга кўра хизмат нархи 195 минг-400 минг сўм оралиғида белгиланган.

Шунингдек, ўрганишлар орқали ушбу хизматнинг нархлари республикадаги эпидемиологик вазиятга қадар 90 минг-150 минг сўм оралиғида бўлганлиги аниқланган.

Тиббий муассасалардан олинган маълумотларга кўра, тақдим этилаётган хизмат нархларининг ўсишига МСКТ хизматларига бўлган талабнинг кескин ортиши, касалланганлар сони кўпайиши сабаб. Кўплаб тиббиёт муассасалари 24 соатлик иш режимига ўтган, бу эса ускуналарга ортиқча юклама тушишига, уларнинг тез бузилишига, қайта тиклаш учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларни доимий равишда сотиб олинишига олиб келган.

Тиббиёт муассасаларнинг 24 соатлик режимга ўтганлиги ортидан эса, муассаса ходимларига қўшимча ҳақ тўланишига олиб келган. Бу ҳам, ўз навбатида, хизмат нархларининг кўтарилишига таъсир кўрсатган.

“Айрим тиббиёт муассасаларининг ҳисоб-китобларини ўрганиш натижалари МСКТ нархларининг ошиши хизматнинг ўзига хос хусусиятлари ва индивидуал ёндашувидан келиб чиққан ҳолда шаклланишининг тўғрилигини кўрсатди.

Республикадаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Қўмита хусусий тиббиёт муассасаларини МСКТ хизмати учун нархларни асоссиз оширмаслигига кўрсатма берди”, - дейилади қўмита хабарида.

Таъкидланишича, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига биноан, хўжалик юритувчи субъектлар ўзларининг товарларини (ишларини, хизматларини) бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда ёки шартнома асосида мустақил равишда сотиш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид