Ўзбекистон | 15:37 / 13.10.2020
88506
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисини «UzAuto Motors» масаласида танқид қилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 12 октябрь куни ахборот муҳити, матбуот котибларининг самарадорлиги, уларнинг ахборот билан ишлаш фаолиятидаги муаммо ва камчиликлар ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинган йиғилишда «UzAuto Motors» масаласига тўхталиб ўтди.

Kun.uz манбаси хабар қилишича, бош вазир Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг «UzAuto Motors» компанияси фаолияти юзасидан текширувига хорижий консалтинг фирма жалб этилмаганини қайд этиб ўтган.

Шунингдек, қўмита раиси Нажмиддин Шариповнинг ҳаракатлари ҳам танқид остига олиниб, унинг раҳбарлигидаги ташкилот фаолияти популизм сифатида баҳоланган.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати ушбу хабар юзасидан изоҳ бермади.

Жорий йил март ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқовга «UzAuto Motors» фаолияти юзасидан танқидий ахборотнома киритилганди. Унга кўра, бош вазир ўринбосари ишчи гуруҳ тузиб, компания фаолиятини текширишга рухсат берган. Қўмита махсус комиссияси текширув натижасида аниқланган камчиликларга асосланган ҳолда иш қўзғатган.

Махсус комиссия қарори маълум бўлгач, «UzAuto Motors» ушбу ҳужжатни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят киритганди. Айни пайтда ушбу масала юзасидан суд мажлиси давом этмоқда.

Ариповнинг танқиди ижтимоий тармоқларда флешмобга сабаб бўлди. Блогерлар ва интернетнинг бошқа фаол фойдаланувчилари «мен ҳам популистман» сарлавҳаси билан «UzAuto Motors»га қарши курашаётган қўмита ва депутатларни қўллаб-қувватламоқда.

Маълумот учун, президентнинг 2020 йил июлдаги фармони билан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Сенат ва давлат раҳбарига бўйсунуви белгиланган.

Мавзуга оид