Ўзбекистон | 16:18 / 13.10.2020
27148
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги «Афсоналар водийси»да хонақоҳи 4,5 минг ўринли масжид қурилмоқда

Наманган шаҳрида яна бир йирик масжид қад ростламоқда.

Kun.uz мухбири хабар беришича, Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» истироҳат боғи ҳудудида ноодатий лойиҳали масжид қурилмоқда.

Масжид 20 минг кв/метр жойда қад ростлаётган бўлиб, унга ажратилган умумий майдон 4 гектарни ташкил этади. Шундан 2 гектари автотураргоҳ учун мўлжалланган.

Масжидда бир вақтнинг ўзида 15 минг намозхон ибодат қилиши мумкин. Хонақоҳнинг ўзига 4,5 минг киши сиғади.

2 гектар масжид ҳудуди иссиқ пол технологияси билан жиҳозланган. Бундан ташқари, бир вақтнинг ўзида 100 кишига хизмат қиладиган таҳоратхона ҳам битиш арафасида.

Қурилиш тўлиқ монолит услубда амалга оширилмоқда, умуман бетон плиталар ишлатилмаган.

Масжидда учта гумбаз бор: иккита ёнда ва битта асосий гумбаз. Асосий гумбазнинг айланаси 26 метр бўлиб, баландлиги ердан ҳисоблаганда 25 метрни ташкил этади. Икки кичик гумбазининг айланаси эса 11 метр, баландлиги 20 метр.

Гумбазлари орасида икки минора бўлиши кўзда тутилган. Улар қад ростлаганда, баландлиги 50 метрга етади.  Ҳозирда масжидда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид