Ўзбекистон | 14:12 / 13.10.2020
12420
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг совға олиши қонун билан тақиқланиши мумкин

Давлат хизматида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ва соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон президенти ташаббуси билан қонунчиликка қатор янги механизм ва нормаларни киритиш таклиф этилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ишларини якунлаш ва уни қисқа муддатда парламентга киритиш белгиланди. Мазкур қонун билан “совға” тушунчасига аниқлик киритилиб, давлат хизматчилари томонидан совға олиш ва бериш тартибини белгиловчи “Совға сиёсати” деб номланган алоҳида боб билан тўлдирилади.

Бундан ташқари, давлат органларида коррупция ҳолатлари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида қонун билан тартибга солинадиган Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси ишлаб чиқилади ва унда давлат хизматчилари учун чекловларнинг аниқ рўйхати белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган фуқаронинг ҳимояси кафолатланиб, унинг шахси сир сақланиши тўғрисидаги норма билан тўлдирилади.

Бундан олдин, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов амалдорлар 2021 йилдан даромад ва мулклари ҳақида мажбурий декларация тўлдириши ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид