Жаҳон | 09:23 / 14.10.2020
9440
2 дақиқада ўқилади

АҚШда коронавирусга қарши яна бир восита синови тўхтатилди

АҚШнинг Eli Lilly фармацевтик компанияси коронавирусни даволаш учун мўлжалланган зардоб ACTIV-3’нинг клиник синовларини тўхтатди. Таъкидланишича, бу қарор хавфсизлик чоралари билан боғланган. 

Фото: Reuters

Компания матбуот котиби Молли Маккаллининг маълум қилишича, маълумотлар хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича мустақил комиссия воситанинг рўйхатдан ўтказилишини тўхтатишга чақирган. Маккалли синовлар тўхтатилганининг аниқ сабабларини маълум қилмаган, бироқ компания комиссия томонидан тадқиқот иштирокчилари хавфсизлигини ўйлаб қабул қилинган ушбу қарорни қўллаб-қувватлашини айтган. 

Коронавирусга қарши антитаналар негизидаги зардоб ишлаб чиқилиши АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилмоқда. Ушбу восита АҚШ президенти Дональд Трампни коронавирусдан даволашда қўлланган Regeneron компаниясининг антитаналар коктейли муқобили ҳисобланади. Бироқ ушбу воситаларнинг бир-биридан фарқи шундаки, Eli Lilly воситаси бир турдаги антитаналардан, Regeneron’ники эса икки турдаги антитаналардан иборат. 

ACTIV-3’нинг синовлари августда бошланган ва уларда АҚШ, Дания ҳамда Сингапурда 10 минг киши иштирок этмоқда.

Бир кун аввал АҚШнинг Johnson & Johnson компанияси коронавирусга қарши вакцинасининг синовларини тўхтатганини маълум қилганди. Бунга синовлар иштирокчиларидан бири номаълум касалликка чалингани сабаб бўлган.

Мавзуга оид