Жамият | 08:34 / 14.10.2020
16854
2 дақиқада ўқилади

«Бор-будимиз оловда қолди...» — Ёнғин сабаб хонавайрон бўлган ҳамюртимизга ёрдам зарур

2020 йил йил кўпчиликка оғир йил бўлди. Aйниқса, кунлик иш билан рўзғор тебратиб турган кўпчилик ватандошларимиз ишсиз қолишди. Ўзи шундоқ ҳам қийналган вазиятда яна бир синов келиши инсонни анча қийин аҳволга солиб қўяди. Бундай вазиятдан чиқиб олиш учун инсон атрофидаги яхши инсонларнинг кўмагига муҳтожлик сезади.

29 сентябрь куни Aзизбек Кулметовнинг хонадонида ёнғин чиқади. Ёнғин кучайиб, қўшни хонадонларга ҳам ўтади. Бир неча кундан сўнг бизга ушбу ёнғин ҳақида хабар беришди. Вазиятни ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳри Олмазор тумани Иброҳим ота маҳалласи 80-хонадонга бордик.

Ёнғин натижасида хонадон бутунлай ёниб кетганига гувоҳ бўлдик. Уй эгаси Aзизбек Кулметов опа-сингиллари ва яқинлари билан ёнғин натижасида вайрона бўлган уйда тозалаш ишларини олиб боришаётганди.

Aзизбек Кулметов

«Ёнғин натижасида ҳамма нарсамиздан айрилдик. Ҳеч нарсамиз қолмади. Ҳокимият вакиллари келишди. Ёрдам берамиз дейишди. Ҳозирча кутяпмиз. Тозалаш ишларига қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ёрдам беришмоқда...

Ҳужжатларим ҳам ёниб кетди. Бир жойга мурожаат қила олмайман. Имкони борлардан ёрдам сўраб қоламан...» – дейди уй эгаси Aзизбек Кулметов.

Ҳамюртимиз уй таъмири билан шуғулланиб рўзғор тебратади, табиийки, оиланинг даромади юқори эмас. Оила аъзолари айни пайтда қариндошлариникида вақтинча яшаб турибди.

Aзиз юртдошлар! Офат натижасида уйи ёниб, хонавайрон бўлган ватандошимизга бироз эътибор ва ёрдамимиз зарур. Ҳар биримизнинг кўнглимиздан чиқариб берган хайриямиз бир оиланинг оёққа туриб олиши учун катта далда бўлади.

Бир инсоннинг синовли кунида ёрдам бериб, унинг мушкули осонлашишига сабабчи бўлайлик. Шояд, эҳсонларимиз бизни дўзах ўтидан тўсиб турса.

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:

Aзизбек Кулметов номига очилган карта:

UzCard: 8600 0604 7849 3381 (Халқ банки)

Тел: +99897 411 20 49

Мавзуга оид