Ўзбекистон | 16:14 / 14.10.2020
9623
6 дақиқада ўқилади

Ички туризмни ривожлантириш бўйича Бўстонлиқ тажрибаси: хизматлар ҳамёнбоп бўлиши айтилди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ўрмон хўжаликлари мавжуд бўлган туманлари ҳокимлари ҳамда журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир доирасида йиғилганлар «Amirsoy», «Green Veranda», «Tibet», «Visitor center», «Seven Tree», «Heaven’s Garden» замонавий туризм объектлари ҳамда «Бурчмулло» давлат ўрмон хўжалигининг «Сижжак» бўлими фаолияти билан яқиндан танишишди.

Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов меҳмонларга туманда фаолият юритаётган туризм объектлари, айни пайтда барпо этилаётган ёки режадаги лойиҳалар, жумладан, Бўстонлиқ туманидаги тоғли ҳудудларда ташкил этилаётган туристик маршрутлар ва ташриф марказлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 сентябрдаги 560-сонли қарорига асосан Бўстонлиқ туманида бўш объектларни хусусийлаштириш белгиланган. Айниқса, бу ердаги иккинчи лойиҳада республикамизнинг йирик банклари кафиллиги остида катта-катта туризм объектларини ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бу борада тегишли лойиҳаларни шакллантиряпмиз.

Ушбу лойиҳалар амалга ошган тақдирда айни пайтда Бўстонлиқда одамлар дам олишга ўрганган ҳудудларда аввалгидан анча кўп, бир вақтнинг ўзида камида 1000-1500 нафар дам олувчи ҳордиқ чиқариши мумкин бўлади. 

Ҳукумат қарорига кўра, асосан енгил конструкцияли жойлар ташкил этилиши белгиланган бўлиб, бу аҳолига кўрсатиладиган туризм хизматларининг нархи чўнтакбоп бўлишини таъминлайди. Шаффофликни таъминлаш мақсадида мазкур туризм объектлари аукцион савдолари орқали сотилади», дея Жўрабек Аҳмедовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Туман ҳокимининг таъкидлашича, айни мақсад учун ўрмон хўжалиги ерларидан бир қисмини танлаб олинган. Бу ерда енгил конструкцияли контейнерлар жойлаштирилади, палаткалар ўрнатилади. Уларнинг нархи «дача»ларникидан анча арзон бўлади. Контейнер ва палаткалар жойлаштирилиши мумкин бўлган жойлар мавсумий ижарага берилади. Исталган киши уларни 6 ойга  ёки 1 йилга ижарага олиб ишлатиши, агар бу иш уни қониқтирса, кейинчалик ижара муддатини узайтириб бориши мумкин.

«Енгил конструкциялари қурилмаларни ўрнатиш мумкин бўлган ерларни аукцион орқали ижарага беришни йўлга қўямиз. Уларни олган шахсларга ижара ҳуқуқини берамиз. Ҳозирги кунда бутун республика бўйича ижарага бериш тартиби акс этган Вазирлар Маҳкамаси қарори тайёрланган. Бу нафақат Бўстонлиқ туманига, балки бутун республикага тааллуқли.

Енгил конструкцияли туризм объектлари жойлашадиган ерлар ўрмон хўжалиги балансида туради, ижарага берилади аукцион орқали. Ижара ҳақи ернинг ижарага олинадиган муддатига қараб белгиланади. Бу ерда капитал қурилишлар қилиб бўлмайди, фақат енгил конструкцияли қурилмаларни жойлаштириш мумкин.

Ҳозир одамлар тоғ ёнбағрига келиб очиқ осмон остида бетартиб дам олаётган, қайсидир маънода табиатни, экологияни ифлослантираётган бўлса, бизнинг лойиҳамиз билан бу жараённи тартибга солиш мумкин. Ижарага олувчи нафақат дам олувчиларга сифатли хизмат кўрсатади, балки атроф-муҳит тозалигига ҳам масъул бўлади.

Бу ерда нафақат ухлаш ва овқатланиш учун шароитлар, балки кинотеатр, қаердадир бадминтон майдони, футбол майдонлари қурилса, келган одамлар бемолол бир неча кун қолиб дам олиб кетаверади. Бу ҳам арзон бўлади, ҳам қулай бўлади, ҳам одам сони жиҳатидан кўпчиликни қамраб олади», дейди Жўрабек Аҳмедов.

Унинг айтишича, Бўстонлиқда енгил конструкцияли туризм объектларини барпо этиш учун 41та жой белгиланган бўлиб, 18та жойда контейнерлар, 23та нуқтада эса палаткалар ташкил этилиши кўзда тутилган. Бунинг оқибатида бир кунда бир вақтнинг ўзида 24 минг кишига хизмат кўрсатиш мумкин бўлади.

Пресс-тур давомида Франция билан ҳамкорликда Чимён – Юсуфхона – Нанай ҳалқа йўналиши бўйлаб барпо этилаётган дор йўли ва бошқа иншоотлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилишича, ушбу объектлар келгусида аукцион орқали тайёр лойиҳа сифатида инвесторларга сотилади. Бундан ташқари, мазкур ҳудудда велотуризмни ривожлантириш учун ҳам эътибор қаратилмоқда.

«Чимён зонаси 34 километрни ташкил қилади. Ҳозир биринчи бетон йўлак қиляпмиз. Биринчи навбатда пиёдаларимизга, иккинчидан велосипед учун йўл бўляпти. Унинг қурилиши 2021 йилнинг баҳорида якунланади. Ҳозир йўлнинг 60 фоизи бетонлаштирилган.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда Бўстонлиқ инфраструктурасини ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланган. У 2020-2022 йилларни ўзида қамраб олади. Лойиҳа доирасида 2021-2022 йилларда сув қувурлари, канализация, электр энергия ҳамда йўлларни тўлиқ таъмирлаш кўзда тутилган», дейди туман ҳокими.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Жамшид Ғозиевнинг айтишича, туман ҳудудида ташкил этилаётган ташриф марказида сайёҳларга энг муҳим маълумотлар тақдим этилади.

«Ташриф маркази дегани турист келиб шу ерга машинасини қўяди-да, керакли анжом, кийим-кечак, велосипедларни ижарага олади. Бу лойиҳа бутун Бўстонлиқ туризм зонасини қамраб олган. Бу ерда сойлар, тоғлар, даралар бор. Ана шундай 69та туризм объекти ҳақидаги маълумотларни ташриф марказидан олиш мумкин бўлади.

Шу ердан 69та объектнинг қайсиларига бориш мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни, ҳудудларнинг харитасини олса бўлади. Мутахассислар меҳмонларга қайси ҳудудга қанча вақтда бориш мумкинлиги, сафар учун қандай анжомлар бўлиши кераклиги ҳақида батафсил ахборот беришади. Бу сайёҳлар учун жуда қулай», дейди у.

Жамшид Ниёзов тайёрлади,
Тасвирчи Асад Алланазаров

Мавзуга оид