Жамият | 11:54 / 16.10.2020
6141
2 дақиқада ўқилади

ЎзМУда карантин талабларига риоя қилган ҳолда танишув дарслари бошланди

16 октябрь кунидан Ўзбекистон Миллий университетида карантин талабларига риоя қилган ҳолда танишув дарслари бошланди. Ушбу ОТМда ҳам пандемия сабабли март ойидан буён таълим онлайн шаклида давом эттирилганди.

«Ҳаётидаги муҳим бурилиш ва янги босқич бўлган, талабалик бахтига муяссар бўлган ёшлар Ўзбекистон Миллий университетига келишди. Уларни дунё тан олган академиклар, профессор–ўқитувчилар тантанали равишда кутиб олишди. Университет ректори, профессор Авазжон Мараҳимов талабаларга оқ йўл тилади.

Танишув дарсларида асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи талабалар иштирок этишди. Шунингдек, ўз ихтиёрига кўра университетдаги талабалар учун яратилган шарт-шароит, таълим жараёнлари билан танишиш мақсадида бир гуруҳ ота-оналар ҳам келишди.

Дастлаб, биринчи курсга қабул қилинган талабаларни факультетларда тантанали равишда кутиб олиш маросими ташкил этилди. Сўнгра танишув режасига кўра талаба ёшларга университет ва факультетлар фаолиятига доир видеороликлар намойиш этилди. Унда ЎзМУ таркибий тузилмаси, таълим йўналишлари, факультетлар ва кафедралар таркиби, ўқув-илмий, маънавий –маърифий ишлар билан таништирилди.

Танишув дарслари билан бир пайтнинг ўзида параллел равишда университетга ташриф буюрган ота-оналарга дарс жараёнлари учун университетда яратилган шароитлар яқиндан таништирилди», дейилади ЎзМУ ахборот хизмати хабарида.

ЎзМУдаги профессор-ўқитувчилар республикадаги барча вилоятларда танишув ва ҳафталик машғулотлар олиб боришмоқда. Машғулотлар давомида президент Шавкат Мирзиёевнинг таълим тўғрисидаги қарорлари ижроси, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ва ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимовнинг 1-курсларга табригини етказишди. Республикада, Ўзбекистон Миллий университетида олиб борилаётган ислоҳотлар, кредит-модуль тизими, онлайн ўқитиш тартиби ҳақида маълумотлар берилди.

ЎзМУдаги танишув дарслари 14-17 октябрь кунлари республиканинг барча ҳудудларида сайёр гуруҳлар томонидан жадвал асосида олиб бориляпти.

Мавзуга оид