Ўзбекистон | 16:00 / 16.10.2020
13094
7 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев етти давлат элчиларини қабул қилди

Бугун «Кўксарой» қароргоҳида хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон Ислом Республикаси, Украина, Италия Республикаси, Исроил Давлати, Покистон Ислом Республикаси ва Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари Саид ал-Қамзий, Ҳамид Найрободий, Николай Дорошенко, Агостино Пинна, Зехавит Бен Хиллел, Саид Али Асад Ғилоний ва Маниш Прабхатдан ёрлиқларни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари элчиларни Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини бошлагани билан самимий табриклаб, уларга икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги шарафли ва масъулиятли вазифада катта муваффақиятлар тилади.

Президентимиз ўз нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан, коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг оқибатларини енгиб ўтиш бўйича кўрилаётган инқирозга қарши чоралар дастурига алоҳида тўхталди.

Ўзбекистон ўзаро ишонч ва ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ҳисобга олиш, очиқлик ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида конструктив ва прагматик ташқи сиёсатни олиб боришда қатъий экани қайд этилди.

Марказий Осиё давлатлари, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Америка Қўшма Штатлари, Европа мамлакатлари, Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатлари билан кўп қиррали алоқалар ва шерикликни мустаҳкамлаш устувор йўналиш экани таъкидланди.

Айни пайтда иқтисодий дипломатияни илгари суриш – савдо ва инвестициялар, юқори технологиялар ва инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, банк-молия каби муҳим йўналишларда ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар доирасидаги изчил ва сермаҳсул ҳамкорлик мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар раҳбарларига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош органларидан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашда мамлакатимиз аъзолигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу тарихий воқеа юртимизда ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида эришилган муваффақиятларнинг халқаро миқёсдаги кенг эътирофидир.

Тадбирда давлатимиз раҳбари дипломатларга мурожаат қилар экан, тегишли хорижий шериклар билан икки томонлама алоқаларнинг асосий йўналишлари ва истиқболларини қайд этди.

Хусусан, мамлакатимизнинг Бирлашган Араб Амирликлари билан анъанавий дўстона ва яқин муносабатлари олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли принципиал жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.

Бугунги кунда Masdar, Mubadala, DP World компаниялари, Абу-Даби тараққиёт фонди ва бошқалар иштирокида умумий қиймати 4 миллиард долларлик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш фаол паллага кирди. Улар муқобил энергетика, инфратузилма, кимё тармоғи, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика соҳаларини қамраб олган.

Давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш соҳасида дастурлар ҳамда Оролбўйида ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар бажарилмоқда.

Ўзбекистон Эрон билан ҳамкорликдаги катта салоҳиятни рўёбга чиқаришдан манфаатдор экани билдирилди.

Президентлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кенгайтиришга катта эътибор қаратаётгани таъкидланди.

Товар айирбошлашни ошириш учун қулай шароитлар яратиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, Эрон бандаргоҳлари орқали юк ташишларни ташкил этиш масалалари айниқса долзарбдир. Бундан ташқари, хавфсизлик соҳасида мунтазам мулоқот олиб борилмоқда.

Украина мамлакатимизнинг анъанавий ҳамкоридир. Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда икки томонлама муносабатларда фаоллашув кузатилаётганини таъкидлади. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, муҳим иқтисодий ва гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бир қаторда, экспорт-импорт, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик ва аграр тармоқларда, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари мавжуд.

Улкан иқтисодий ва маданий салоҳиятга эга Италия мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги асосий шерикларидан бири.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, икки томонлама муносабатлар ва кўп томонлама ҳамкорликни, шу жумладан “Италия - Марказий Осиё” вазирлар учрашувлари форматида ва халқаро ташкилотлар доирасида мустаҳкамлаб бориш зарур.

Савдо-иқтисодий йўналишда Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари тармоғи ва бошқа соҳаларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларлик истиқболли қўшма лойиҳалар портфели тайёрланмоқда.

Гуманитар соҳада олий таълим ва маданий алмашинув борасида муҳим дастурлар илгари сурилмоқда.

Ўзбекистон ва Исроилни анъанавий шериклик муносабатлари яқиндан боғлаб туради. Конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва илмий-техник алоқаларни фаоллаштириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Юқори технологиялар, энергия ва ресурсларни тежовчи ечимларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва тиббиёт, таълим, туризм соҳаларида кооперацияни кучайтириш таклиф этилди.

Олий даражадаги учрашувлар ҳамда сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам ўтказиш, икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия фаолиятини бошлаш ушбу мақсадларга хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг Покистон билан кўп қиррали ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Бугунги кунда мамлакатларимиз халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати делегацияси яқинда Исломобод шаҳрига амалга оширган ташрифининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро келишувларга мувофиқ икки томонлама савдо ҳажмини ошириш борасида, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, тўқимачилик ва чарм саноатида янги имкониятлар ўрганилмоқда.

Марказий ва Жанубий Осиёни самарали боғлайдиган транспорт ва транзит бўйича муҳим инфратузилма лойиҳалари тайёрланмоқда.

Президентимиз олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларида эришилган даражани мамнуният билан қайд этди.

Ўтган йили Самарқандда Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви муваффақиятли ўтди.

Пандемияга қарамай, товар айирбошлаш кўпаймоқда, ҳудудлар ва тадбиркорлар даражасидаги жадал алмашинувлар давом этяпти, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан, Ҳиндистон инвестицияларини жалб этган ҳолда, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларидаги устувор лойиҳалар илгари сурилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқини якунлар экан, янги тайинланган элчилар ўзларининг фаол ва сермаҳсул фаолияти билан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.

Суҳбат чоғида элчилар давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон билан шерикликда сифатли янгиланишга эришиш ҳамда муносабатлар кун тартибини янги ва аниқ мазмун билан бойитишга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.

 

Мавзуга оид