Ўзбекистон | 10:19 / 17.10.2020
6340
4 дақиқада ўқилади

Ўтган куз-қиш мавсумида носоз газ ускуналаридан фойдаланиш оқибатида 76 киши вафот этди – ФВВ

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ҳамда табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек, 13 октябрь — Халқаро табиий офатларни камайтириш куни доирасида олиб борилган чора-тадбирлар бўйича маълумотлар ўқиб эшиттирилди.

Маълум қилинишича, аҳоли турар жойларида олиб борилган профилактик тадбирлар давомида 5 млн 737 минг 618та аҳоли турар жойларидан 496 минг 731таси ва 27 915та дала ҳовлилардан 3 157таси текшириб чиқилди. 79 410та камчиликлар аниқланиб, шулардан 58 082таси бартараф этилган.

Ўтган 2019/2020 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида республикада 6 805та ёнғин содир бўлиб, оқибатда 82 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 139 нафар инсон куйиш тан жароҳатини олган. Келтирилган моддий зарар миқдори 50 млрд сўмдан ортиқни ташкил этган. Содир бўлган ёнғинларнинг 5 986таси, яъни 88 фоизи аҳоли турар-жойларига тўғри келган.

Ёнғинлар сабаблари таҳлил қилинганда, уларнинг 30 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 23 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 20 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9 фоизи болалар шўхлиги оқибатида, 8 фоизи чекишдаги эҳтиётсизлик, 3 фоизи газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, шунингдек, 16таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашидан содир бўлган.

Айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан бўлиб, аянчли оқибатларга олиб келган.

Бундан ташқари, газ таъминоти идоралари томонидан газ жиҳозлари созлигининг ўрнатилган тартибда кўрикдан ўтказилмаслиги ва техник хизмат кўрсатилмаслиги, дудбуронларни тозалаш, созлаш, уларни қоида талаблари асосида ўрнатиш бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларнинг талаб даражасида иш олиб бормаслиги, шунингдек, фуқаролар томонидан газ, электр ва бошқа иссиқлик энергияси турларидан нотўғри фойдаланиш, техник қоидаларга риоя этмаслик, носоз газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш оқибатида 2019 йилнинг октябрь ойидан 2020 йилнинг 31 март кунига қадар (иситиш мавсумида) жами 107та нохуш ҳолат юзага келган.

Шулардан 52таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ ҳолатлар бўлиб, уларда 89 нафар фуқаро куйиш тан жароҳатини олган, 3 нафар фуқаро вафот этган, шунингдек, 55та ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар содир бўлиб, уларда 75 нафар фуқаро жабрланган ва 73 нафар фуқаро вафот этган.

Kun.uz мухбири аҳоли турар жойларида олиб борилаётган профилактик тарғибот тадбирлари қанчалик самарадорлиги, нохуш ҳолатлар қанчалик камаяётгани ҳақида савол берди.

ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Даврон Қамбаровнинг айтишича, бу тарғибот тадбирлари самарали бўляпти.

“Одамлар билан юзма-юз ҳолатда гаплашиб, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа қоидалар тушунтирилганда ёки уларга кичик варақда эслатма берилганда, улар албатта уни ўқишади ва қачондир фарзандларига ҳам бу ҳақда эслатади. Масалан, сентябрда ўтган ойга нисбатан деярли 1000тага яқин ёнғин ҳолатлари камайган” – дейди Даврон Қамбаров.

Мавзуга оид