Жаҳон | 14:52 / 19.10.2020
9557
2 дақиқада ўқилади

КХДР хакерлари Россия корхоналарига ҳужум қилди

Group-IB компаниясининг мураккаб таҳдидлар бўлими бошлиғи Анастасия Тихонованинг маълумот беришича, Kimsuky гуруҳи Жанубий Корея, Россия, Украина, Словакия ва Туркиянинг ҳарбий ташкилотларига ҳужум қилган. 

Фото: Reuters

Шимолий Кореянинг Kimsuky хакерлар гуруҳи Россиянинг қатор ташкилот-корхоналарига ҳужум уюштирди, деб маълум қилди Positive Technologies хавфсизлик маркази экспертлари.

Марказнинг етакчи мутахассиси Денис Кувшиновнинг сўзларига кўра, Kimsuky гуруҳи 2013 йилдан бери маълум, "гуруҳ асосан жосусликка ихтисослашган".

 "Ўз вақтида ҳукумат ташкилотлари, аэрокосмик ва мудофаа саноати корхоналари, ядро физикаси соҳасида тадқиқотлар билан шуғулланувчи компаниялар ушбу гуруҳ қурбони бўлган. Гуруҳ одатда АҚШ ва Жанубий Корея ташкилотларига ҳужум қилиб келган", - деди Кувшинов.

Group-IB компаниясининг мураккаб таҳдидлар бўлими бошлиғи Анастасия Тихонованинг маълумот беришича, Kimsuky гуруҳи шунингдек, Velvet Chollima, Black Banshee номлари билан ҳам танилган.

Унинг сўзларига кўра, Kimsuky Жанубий Корея, Россия, Украина, Словакия ва Туркиянинг ҳарбий ташкилотларига ҳужум қилган. 

 "Касперский лабораторияси" эксперти Денис Легезонинг айтишича, гуруҳ илгари сиёсат билан боғлиқ кибержосуслик билан шуғулланган бўлса, эндиликда саноат жосуслиги ҳам гуруҳнинг фаолият доирасидан ўрин олган.

Мавзуга оид