Жаҳон | 00:05 / 19.10.2020
16623
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кипрда президент сайловлари ғолиби эълон қилинди 

Фото: AP

Шимолий Кипр Турк республикасидаги президент сайловларида бош вазир Эрсин Татар ғалаба қозонди. 

Анқара ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан қўллаб-қувватланувчи Татар сайловларнинг 2-босқичида барча бюллетенлар ҳисоблаб чиқилгач, 51,74 фоиз овоз тўплагани қайд қилинган. Амалдаги президент Мустафо Акинжига эса 48,26 фоиз сайловчилар ўз овозини берган.

Миллий бирдамлик партияси тарафдорлари Татарнинг ғалабасини нишонлашга тушиб кетишган. 

Кипр матбуоти Татарни “Эрдўғаннинг одами” деб атайди. Эрдўған Татарни сайловлар олдидан очиқчасига қўллаб-қувватлаган.  

Сайловлар 1-турдагидан юқорироқ иштирок билан ўтган. Сайлов участкалари ёпилишидан бир соат олдин жами сайловчиларнинг 61 фоизи овоз бериб бўлган. Бир ҳафта аввал ўтган 1-босқичда 58 фоиз сайловчилар иштирок этган. Уларда ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаган. Эрсин Татар 32,35 фоиз, Мустафо Акинжи 29,24 фоиз, собиқ бош вазир Тўфон Эрҳурман 21,68 фоиз овоз олган. Ҳал қилувчи сайлов олдидан эса икки номзод – амалдаги президент ва бош вазир қолганди.

Татар Кипрда икки давлат – Кипр ва Шимолий Кипр бўлишини қўллаб-қувватлайди. 

Кипр 1974 йилда иккига бўлиниб кетган. Ўрта Ер денгизи ҳавзасидаги катта давлатлар доим стратегик муҳим орол ҳисобланувчи Кипрни назорат қилишга уриниб келган. Оролнинг шимолий қисми эса айнан 1974 йилда Туркия аскарлари томонидан эгалланган. 1983 йилда бу ҳудудда Шимолий Кипр Турк республикаси давлати тузилгани эълон қилинган. Бироқ бу давлатни фақат Туркия тан олади.

Мавзуга оид