Жамият | 20:19 / 19.10.2020
10246
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Андижондаги «қаҳрамон симёғоч»лар ниҳоят «пенсияга чиқарилди»

Kun.uz 18 октябрь куни «Андижон шаҳридаги «қаҳрамон симёғочлар». Масъуллар уларнинг хизматидан яна қанча фойдаланмоқчи?» сарлавҳали мақола эълон қилган эди.

Мақолада Андижон шаҳар Ҳамкорлик маҳалласи Айланма Ўш кўчасидаги симёғочлар эскириб кетгани, боз устига хонадонларга тортилган жуфт электр симлари керагидан ортиқ бўлиб, техник ва хавфсизлик жиҳатдан талабга жавоб бермаслиги айтиб ўтилган эди.

Кўп ўтмай, «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати Kun.uz мухбири билан боғланиб, муаммоли ҳолат ўрганилгани ва ҳал этилганини маълум қилди.

«Андижон шаҳар Ҳамкорлик МФЙ Айланма Ўш кўчасидаги хонадонлар нимстанция 110/6 кВ фидер «Самарқанд» 6 кВли кабель тармоғига уланган 161/400 кВА трансформатор орқали электр энергияси билан таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017–2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661-сон қарори асосида юқоридаги манзилда жорий йилнинг II чорагида 26 дона темир-бетон таянч ва 1050 метр узунликдаги СИП 3×50 кабель тортилган.

Юртимизда эълон қилинган карантин қоидалари муносабати билан янги қурилган тармоқни ишга тушириш, аҳоли хонадонларини янги қурилган тармоққа монтаж-демонтаж ишлари кечиктирилганди. Андижон шаҳар электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан мурожаатда кўтарилган масалаларни жойида ҳал қилиш мақсадида, бугун, 19 октябрь кунининг ўзидаёқ янги қурилган тармоққа аҳоли хонадонларини улаш ишлари бошлаб юборилди.

Шунингдек, мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан тегишли масъуллар иштирокида ўтказилган ўрганишларда, симёғочдаги 0,4 кВли электр узатиш ҳаво тармоғидан ташқари Андижон телекоммуникация боғланмасининг алоқа воситаси учун мўлжалланган симлари ҳам ўтказилгани маълум бўлди», – дейилади «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ахборотида.

Мавзуга оид