«UzAuto Motors» ишида прокурор ўзгарди ва суд ёпиқ тарзда давом этмоқда
«UzAuto Motors» иши юзасидан судда прокурор алмашди. Судья компания томонидан тақдим этилган махфий ҳужжатларни муҳокама этишни лозим топиб, даъвогар илтимосига билан судни ёпиқ тарзда давом этишига розилик берди.
16 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида «UzAuto Motors»нинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди. Суд ишининг учинчи йиғилишида прокурор ўзгарди, Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Бабаяннинг лавозими ўзгариши муносабати билан унинг ўрнига ишда прокурор ёрдамчиси Эркин Воҳидов иштирок этди. Ишни кўриб чиқиш «UzAuto Motors» вакили саволлари билан бошланди.
«Биз қўмита томонидан судга тақдим этилган ҳужжатларни асослантириб, изоҳлаб беришини сўраймиз», — деди компания вакили.
Судья Ғолиб Давлатовнинг айтишича, «UzAuto Motors» қўмита махсус комиссияси қарорига ҳукуматга киритилган маълумотнома асос бўлганини таъкидлаб, ана шу маълумотномани асослантирувчи ҳужжатларни судга тақдим этишни сўраганди. Бу илтимоснома қаноатлантирилган ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси судга асослантирувчи ҳужжатларни тақдим этди. Компания вакили эса эндиликда ана шу ҳужжатларни муҳокама этишни таклиф қилди.
Вакилнинг билдиришича, келтирилган маълумотдаги автомобиль нархлари компания тақдим этган маълумотлар билан мос келади. Шу туфайли, қўмита компания позициясини ёқлаб, буни ҳужжатлар билан тасдиқлаган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили Умматов мазкур ҳолатларга изоҳ берди:
«Ҳурматли суд, ўтган сафар жамият вакилларининг талабига асосан топшириққа киритилган далолатнома бўйича асослантирувчи ҳужжатларни бериш тақдим қилинган эди. Ҳужжатлар мазкур шаклда берилди. Ҳужжатлар нусхаси судга берилган. Бу ерда биз келтирилган маълумотларни асослаб, уларни рақамлаб ва уларга тегишли бўлган ҳужжатларни рақамлаб тақдим этдик. Тушунишимча жамият аъзосининг саволи мана шу ҳужжатлар мазмуни ҳақида. Ўтган сафар мажлисда жамият томонидан 4 масала юзасидан эътироз билдирган эди. Биринчиси маҳсулот таннархини икки фоизга камайтиришга эришилганлиги. Бу масала хатда кўрсатилган, рақобатбардошликни ўрганиш доирасида 2 фоиз дейилган. Рақобатбардошлик ўрганилган муддатда бу кўрсаткич корхона томонидан берилган маълумот хати билан берилган маълумотлар эди. У ерда бу сон 2,4 фоизни ташкил қилади, буни бутун ҳолда берадиган бўлсак 2 фоиз бу ҳолат сифатида кўрсатилган.
Улар берган маълумотда 8000дан ортиқ ускунадан фақат 167таси янгиланганлиги ўзларининг жадвалларида акс этган эди. Яна бир бор қайтарамиз маҳсулот таннархининг 2 фоизга пасайтирилиши масаласи, технологияларнинг 2,1 фоизга янгиланганлиги ва биронта ҳам янги иш ўрни яратилмаганлиги компаниянинг расмий хатида, бу ишга масъул бўлган ходимнинг юборган жадвалларда ўз ифодасини топган.
Нарх масаласига қайтадиган бўлсак. Бизни хатимизда нархлар 20-40 фоизгача камлиги кўрсатилган эди. Ҳурматли судья агар кечаги маълумотга қарайдиган бўлсак, «Равон»ни Россиядаги сайтда бераётган нархи бу ердаги билан деярли бир хил. Бошқа дилер ҳам беришмоқда ва улар чегирма билан беришмоқда. Бу айнан тенг шартларда ҳеч қандай кредитларсиз ва бошқа опцияларни қўлламасдан олсангиз амалга оширилади. Уларнинг расмий сайтида берилган нархлар 10 чегирма бериш тўғрисида эълон қилишмоқда. Бу ҳеч қандай кредит ва шартларсиз. Жойида дилерларга чиқилганида биринчи 10 фоиздан ташқари қўшимча 30 минг рублгача чегирма берилаётганлиги айтилди, демак расмий сайтида 10 фоиз эълон қилинган бўлса, бундан ташқари ҳам чегирма берилаётганини бизга билдирди.
Булар барча горизантал ва вертикал келишувларини бизларга берсин, ўшанда биз очиқ-ойдин гаплаша оламиз. Чунки дилерларга берилган бонус ёки бошқа рағбатлантирувчи тизими бордир, бундан бизни хабаримиз йўқ ва бу нарсани кўрмасдан туриб муҳокама қилсак тўғри бўлмайди», — дейди қўмита вакили Умматов.
Ўтган суд жараёнида «UzAuto Motors» вакилларининг 19 август куни ўтказилган махсус комиссия йиғилишида узрли сабабга кўра иштирок этмаганини исботловчи ҳужжат тақдим этилиши сўралганди. Компания ҳуқуқшуносига кўра, вакиллар шу йил 20 август куни давлат раҳбарининг режадаги ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида махсус комиссия йиғилишида иштирок этмаган. Аммо ходимларнинг хизмат топшириғи расман рўйхатга олинмаган, негаки давлат раҳбарининг ташрифи қўшни туманда ўтиши белгиланганди.
Компания вакили Россияда Ўзбекистон автомобилининг нархи 25 фоизгача арзон, деган маълумотни асослантириб беришини сўради.
«Биз ўша пайтда Россия сайтларидан маълумот олиб, таниш вакилларни автосалонларга жўнатганмиз, шулардан келиб чиқиб, маълумот олганмиз. Куни-кеча ҳам танишимизни «Мосмоторс» дилернинг салонига юбордик, кўриб турибсиз расмий импортларини берганмиз. Ходимни бориб гаплашганлиги ҳақида скриншот бор. Шуни ўзидан кўриниб турибдики, «Жентра» ҳозирги биздаги нарх билан (45 фоиз) фарқ қилмоқда. Худди шундай Равон «Кобалт» 12,5 фоиз, «Нексия» 10 фоиз фарқ қилмоқда. Фақат «Спарк» биздаги нархдан қимматроқ. Ҳатто расмий дилерларда ҳам кўриш мумкинки, «Кобалт» биздагига нисбатан 354 долларга қиммат», — дейди Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходими.
Шундан кейин, қўмитанинг махсус комиссия «UzAuto Motors» масаласини кўриб чиқишга ҳақли ёхуд ваколатли эдими, деган савол юзасидан муҳокама давом этди. Судья ўтган суд ишида аризачи томонидан махфий ҳужжатлар тақдим этилгани учун «UzAuto Motors» илтимосномасини муҳокамага қўйди.
«Суд аризачилар томонидан дастлабки суд мажлисида киритилган илтимосноманинг муҳокамасига ўтишни лозим топади. Яъни илтимосномада суд мажлисини таннархини шакллантиришга оид қисмини ёпиқ суд тарзида кўриш тўғрисида кўрилган эди. Мазкур илтимоснома муҳокамаси дастлабки судда кейинга қолдирилган эди. Марҳамат «UzAuto Motors»АЖ вакили илтимоснома юзасидан фикрингиз», — деди судья Ғолиб Давлатов.
Компания вакиллари илтимосномани қаноатлантиришни сўради. Қўмита эса мазкур суд ишининг айнан махфий ҳужжатлар муҳокамасига бағишланган қисми ёпиқ ўтишига розилик билдирди.
Судья ишнинг мазкур қисми, яъни солиқ ва божхона масалалари, таннарх шакллантириши ва импорт/экспорт амалиётлари юзасидан муҳокамани ёпиқ тарзда кўриш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантирди.
Навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 23 октябрь куни соат 10.00 да ўтказилади.
Мавзуга оид
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024
“Халқимизнинг соддалиги сабаб бўлмоқда”— Тошкент шаҳар суди раиси Panorama Airways ишига тўхталди
14:10 / 31.10.2024
Судгача санация қилиш жараёнида давлат томонидан ёрдам кўрсатилади
18:06 / 17.10.2024