Ўзбекистон | 15:16 / 19.10.2020
25907
4 дақиқада ўқилади

ССВ мажбурий қўлқоп борасидаги янгиликни қўллаб-қувватлади. Қўлқоплар қанчага сотиб олинаётгани очиқланди

Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев жамоат транспортида қўлқоп тақиш тартиби киритилиши сабаби ҳақида гапирди. 

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 129та йўналишда мингдан ортиқ автобуслар йўналишга чиқяпти. Автобусларда ташилаётган йўловчилар сони 300 мингта, метрополитенда 130 мингтани ташкил қилади.

«Йўловчилар коронавирусни юқтириб олиш хавфи юқори эканини инобатга олиб, Россия ва АҚШ тажрибаларини ўрганиб, йўловчиларга бир марталик қўлқопларни тарқатиб, 19 октябрдан автобус ва метрода қўлқопдан фойдаланиш талаби киритилди.

Бунинг энг асосий сабаби – ҳар бир йўловчи бир кунда ўртача 20-30 дақиқани транспортда ўтказади. Шу даврда йўловчиларимизга чиптачилар, ҳайдовчилар ҳамда метродаги касса ва метро операторлари томонидан бепул бир марталик қўлқоплар тарқатилмоқда. Метро, автобус тутқичлари қўлқоплардан фойдаланган ҳолда ушланса, касалликни юқтириб олиш хавфи камаяди», деди Анвар Жўраев 19 октябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда.

У метрополитеннинг ҳар бир вестибюли, бекатида кузатув ўтказилганини, унга кўра, антисептик қуйиш мосламаси ўрнатилган бўлишига қарамай, ундан фойдаланганлар кўрсаткичи, 5-10 фоизни ташкил қилганини таъкидлаган.

Брифингда жамоат транспортида йўловчиларга тарқатиладиган тиббий қўлқоплар кимнинг ҳисобидан харид қилиниши ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Қўлқоплар йўловчилар ҳисобидан эмас, транспорт корхоналари томонидан сотиб олинмоқда. Ҳар бир қўлқоп жуфти 56 сўмга тушяпти. Буни метрополитен ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» корхоналарининг молиявий хўжалик иши ой якуни бўйича у ерга кетган харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади», деди Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси вакили.

ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов ҳам жамоат транспортида кўлқопдан фойдаланиш зарурати ҳақида гапирди.

«Жамоат транспортида тиббий қўлқопдан фойдаланганда фуқаролар биринчи навбатда ўзини, иккинчидан, ён-атрофдагиларни, бошқаларни касаллик юқишидан ҳимоя қилади. Касалликнинг юқиш омили сифатида юқори нафас йўллари, ҳаво-томчи йўллари билан биргаликда маиший мулоқот йўллари қайд этилади. Маиший мулоқот – қўл билан оғиз-бурун, кўзнинг шиллиқ қаватига тегиниш орқали вирус юқтириш.

Қўлқоп таққан шахс ўзининг юз қисмига қўл теккизмаслиги, оғиз-бурун ёки кўзини ишқаламаслиги, қолаверса, касалликнинг «очиқ дарвозалари»дан ўзини асраши эҳтимоли юқори.

Тақилган қўлқопларни кўчаларга ташлаб кетиш ҳолатлари ҳозирда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, барчани огоҳлантирмоқчиман – давлат кўрсатаётган мазкур ғамхўрликдан тўғри фойдаланишимиз керак.

Давлат томонидан текинга тарқатилаётган (нархи 56 сўм бўладими ё 300 сўм ё 500 сўм бўладими) қадрлашимиз ва ундан мақсадли фойдаланишимиз зарур.

Чунки ушбу қўлқопдан фойдаланган ҳолда қўлимиздаги сумкани қўймай уйимизгача боришимиз, эшик тутқичларини ва бошқа нарсаларни қўлқоп билан ушлаган ҳолда уйимизга киришимиз, уй ичига киргандан кейин қўлқопни ечиб, челак ё чиқинди қутисига ташлашимиз фойдадан холи эмас», деди Ботир Қурбонов.

Эслатиб ўтамиз, 19 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан биргаликда тиббий қўлқопда бўлиш тартиби жорий этилди.

  • Қўлқопларни метро станцияларига киришда, автобус ҳамда микроавтобусга чиқиш вақтида касса ходимлари, кондуктор ва ҳайдовчилардан олиш мумкин.
  • Транспорт вазирлиги инспекторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи томонидан рейдлар ўтказилади.
Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид