Ўзбекистон | 15:40 / 20.10.2020
9062
6 дақиқада ўқилади

«Даромаднинг катта қисми олимнинг чўнтагига тушади» — Иброҳим Абдураҳмонов грант ажратишдаги янги тизим ҳақида

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида илмий лойиҳаларни грант маблағлари асосида молиялаштириш бўйича янги тизим ҳақида маълумот берди.

Вазирнинг айтишича, аввалги тизимда бир қатор камчиликлар кўзга ташланган. Хусусан, олимларни моддий манфаатдорлигига бўлган эътиборсизлик, рақобатсиз муҳит сабаб илм-фан иқтисодиётда етарли ўрин эгаллай олмаган. Натижада боқимандалик кайфияти ва «қўл учида» ишлаш ҳоллари юзага келган.

«Вазирлигимиз илм-фанни ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шунинг учун бу соҳада жудаям кўп тизимли ишларни бажариш олдимизда вазифа бўлиб турибди. Айниқса, грантлар бериш масаласида.

Бу тизим узоқ йиллар рақобатсиз бўлгани учун боқимандалик кайфияти мавжудлиги, лойиҳалар таҳлилий материаллар ёки бошқа бирор мақола чоп этиш билан якунлангани охирги йилларда илм-фанни иқтисодиётда кўринмаётганига сабаблардан бири бўлиб турибди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов

Бундан ташқари, илмий йўналишда яратилаётган технологияларнинг стандарти йўқлиги, сертификати мавжуд эмаслиги ва буларнинг патентлари папкаларига қарайдиган бўлсангиз, мавзу жуда чуқур ўрганилмагани, кетма-кетликлари белгиланмагани натижасида тижоратлаштириш имкониятлари чекланиб қоляпти.

Шунинг учун биз вазирлик тузилгандан бери биринчи эътибор бериб келаётганимиз, бу – грант лойиҳаларига бюджетдан бериладиган маблағларни самарали ишлатиш ва олимларимизга рақобат асосида лойиҳалар бериш бўляпти.

Ўтган йилларда ташаббускор лойиҳалар амалга оширилган. Яъни олим ўзи ташаббус қилса, ўша лойиҳа молиялаштирилган. Сир эмаски, у тизимда натижага жавобгарлик ҳисси бўлмаган. Биз охирги йилларда давлат буюртмасини жорий қилиш, тематик грантлар шакллантириш бўйича янги тизимни ишга туширдик.

Энг катта муаммолардан мен ўзим билганим, бир олим ишлаб чиққан лойиҳаси учун 1 млрд сўм сўраса, унга 10 млн ёки 100 млн сўм пул берилган. Лойиҳа учун 10та одам ишласа, ойлигига етадиган пул берилган, холос. Шу маънода лойиҳалар натижаси самарали бўлмаган.

Иккинчидан, маҳсулот ишлаб чиқаришдан мақсад бўлмаган. Шунинг учун кўп лойиҳалар, чоп этилган мақола сифатида полкаларда қолиб кетган.

Бу масалаларни ҳал қилиш мақсадида давлат буюртмаси тизимини жорий қилдик. Бунда белгиланган йўналишдаги битта мавзуга оид камида иккита лойиҳа кўриб чиқилади. Уларни бир-бирига таққослаб энг яхшисига грант маблағи берилади», – деди академик Иброҳим Абдураҳмонов.

Вазирнинг сўзларига кўра, эндиликда янги лойиҳалар асосида маҳсулот ишлаб чиқариладиган бўлса, уни сотишда вазирлик бевосита ёрдамлашади ва даромаднинг катта қисми олимнинг ўзига берилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Шунингдек, лойиҳалар сони аввалгидан камроқ бўлса-да, уларнинг сифати ва кўпроқ грант маблағлари ажратишга бўлган эътибор кучаяди.

«Биз яна бир механизмни ишга туширдик. Олимларга айтяпмиз: «Энди мана, давлат бюджетидан пул бериляпти. Илмий ишингиздан моддий фойда ҳатто неварангизга ҳам етиб борсин. Яъни қандай қилиб? Агар сиз бу лойиҳангиз натижасида маҳсулот чиқара олсангиз ва унга патент берилса, ўша маҳсулотни сотиб берамиз. Бу пулларнинг 70 фоизи олимнинг чўнтагига тушади.

Биз кўпроқ лойиҳа бермоқчимиз. Ўзбекистонда 37 минг нафар илмий тадқиқотчиларимиз бор. Бу жуда кам. Тадқиқотчилар сонини оширишимиз керак. Бунинг учун ишчи столларини яратишимиз лозим.

Шунинг учун лойиҳаларга кўпроқ грант бериш, кўпроқ молиялаштиришга эътибор ортган. Яхши шарт-шароитлар яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз.

Лекин иккинчи томони, албатта, бу лойиҳалар қоғоз ҳолда қолиб кетмаслиги керак. Маҳсулот чиқарилиб, олимларимиз эртага шу берилган пуллардан яна манфаатдор бўлишлари керак.

Бугун бир сўм берган пулимиз, уларни авлод-авлодини боқиши зарур. Эски қобиқлардан чиқиш вақти аллақачон келган.

Таҳлил қилиб кўрдик, ҳар бир олим 5та лойиҳани олган. Бири тугаса, озгина вақт ўтказиб кейингисини, кейин учинчи, тўртинчи қилиб бир хил қобиқда қолиб кетган. Ўша йўналишини белгилаб олган, шуни ичида ишлаган. Бунақа бўлиши керак эмас. Олим жамоаси билан ҳар доим тайёр бўлиши, олдин қилган ишларини такрорламаслиги керак. Янгиликка интилиши лозим.

Афсуски, кўп ҳолларда аввалги қилган ишларини олиб келадиган олимлар ҳам учрайди. Шу сабаб аксарият лойиҳалар қайтариб юборилади. Рақамлаштириш даврида электрон базаларимиз бор. Булар дарров кўринади.

Олимларда нотўғри тушунча борки, «Эртага нима қиламиз, кўчада қолиб кетамиз. Энди бизга лойиҳа бермас экан булар», деб ўйлашади. Унақа нарса бўлмайди. Биз ҳар ой янги-янги мавзуларни, буюртмаларни эълон қиляпмиз.

Мана ҳозир вазирлик сайтига кириб кўрадиган бўлсангиз, қарийб 70 млрд сўм миқдордаги лойиҳалар партфелида эълон турибди. 33-турни эълон қилдик, яқинда 34-турни эълон қиламиз. Соҳалар бўйича эълонлар беряпмиз. Хусусий сектор билан ҳам келишиб, уларнинг маблағларини ҳам жалб қилган ҳолда эълонларни беряпмиз», – деди инновацион ривожланиш вазири.

Маълум қилинишича, таклиф этилаётган илмий лойиҳаларни молиялаштиришда уларнинг ҳар бири учун йилига 500 млн.дан 1 млрд сўмгача маблағ берилади. Бунда лойиҳанинг натижадорлигига, муайян якуний маҳсулот олинишига ҳамда тижоратлаштириш имкониятларига эътибор қаратилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид