Жамият | 21:55 / 20.10.2020
15104
4 дақиқада ўқилади

Коронавирус беморлари даволанадиган касалхона чиқиндилари Чирчиқ дарёси атрофига ташланаётгани маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда Зангиота туманидаги коронавирусга чалинганлар учун ташкил этилган махсус касалхонада даволанаётган беморлар учун ишлатилган тиббий буюмлар чиқиндиси Чирчиқ дарёси атрофига ташлаб кетилгани тасвирланган видео тарқалди ва аҳолининг кескин эътирозига сабаб бўлди.

Видеода катта уюмдаги чиқиндилар ер майдони ва сув юзасига тўкиб кетилгани тасвирланган. Видео муаллифи бу ҳудудга учта машинадан тўкилган чиқинди сочилиб ётгани ҳақида айтган.

Kun.uz мухбири ҳодиса бўйича изоҳ олиш учун Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов билан боғланди.

«Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокими топшириғи билан ҳокимлик ахборот хизмати вакиллари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи, Зангиота тумани экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш минтақавий қўмитаси раиси ва бошқалар воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганишди. 

Аниқланишича, чиқиндилар белгиланган жойга олиб борилмасдан Чирчиқ дарёсининг Янгийўл тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмига, тадбиркорга тегишли ер майдонига ташлаб кетилган.

Видеода тасвирга олинган ҳолат 15 октябрь куни туманнинг «Чортоқ» маҳалласида юз берган. Шунингдек, чиқиндиларни фуқаро Абдуллоҳ Каримов ташлаб кетгани, ундан тушунтириш хати олиниб, у тегишли кодексга асосан маъмурий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди.

Чиқинди тўкилган жой ҳозирда ободонлаштирилган. Чиқиндилар касалхонадан қачон олиб чиқиб кетилган, бу иш шахсий ташаббусми ёки кимдир топшириқ бергани бўйича суриштирув ишлари олиб бориляпти», деди ҳокимлик вакили.

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов эса мазкур муассаса бошқарма тасарруфига кирмаслигини айтди.

«Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган мазкур муассасанинг бошқармамизга алоқаси йўқ. Бу республика миқёсидаги муассаса ҳисобланади. Агар Олмалиқдаги, Чирчиқ шаҳридаги, Бекободдаги муассасаларимиз бўйича саволингиз бўлса биз тўлиқ маълумотга эгамиз ва улар учун жавоб берамиз», дея таъкидлади бошқарма бошлиғи.

Интернетда мазкур ҳолат борасидаги баҳс-мунозаралар тобора авж олмоқда. Депутат Расул Кушербаев ҳам телеграмдаги каналида тиббий буюмлар чиқиндиси Зангиота ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудига ташлаб кетилаётганига эътибор қаратиб, бу ўша ҳудудлар аҳолиси орасида касаллик кенг тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлигини ёзган.

«Коронавирус билан қарши курашда аҳолини ҳушёрликка чақириб, карантин қоидаларини бузганлик учун қатъий чоралар қўлланаётган бир вақтда бир қатор масъулларнинг ўзлари коронавирусни тарқатишга атайин йўл қўйиб беришмоқда.

Зангиота туманида ташкил этилган коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус касалхонада касалланган беморлар учун ишлатилган тиббий буюмлардан иборат чиқиндиларнинг бир қисми атроф-муҳитга ташланмоқда. Хусусан, куни кеча Тошкент вилояти Зангиота, Қуйи Чирчиқ туманлари, Чирчиқ дарёси атрофига ташланган бундай чиқиндилар аҳолининг кескин эътирозига сабаб бўлди.

Бугун менга келган мурожаат ва маълумотларга кўра, айни вақтда учта ҳудудда ана шундай чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари аниқланган. Ачинарлиси, коронавирусда ишлатилган чиқиндилар дарё сувига қадар сочилиб кетган.

Ўрганиш давомида яқин вақтгача бундай чиқиндиларни йўқ қилиш билан шуғулланиб келган «Med class plus» МЧЖ бу хизматни тўхтатиши оқибатида шундай муаммо келиб чиққани маълум бўлди. Ушбу тадбиркорлик субъекти стандартларга мувофиқ, коронавирус беморларини даволашда ишлатилган буюмлар чиқиндисини ёқиб, йўқ қилиш билан шуғулланиб келган. Бироқ масъуллар томонидан негадир ушбу МЧЖдан бу хизмат олиниб, бошқа тадбиркорга берилган ва янги тадбиркор чиқиндиларни тўлиқ ёқиб, йўқ қилишнинг уддасидан чиқа олмагач, яширинча атрофга чиқариб тўкишни бошлаган», деган депутат.

Kun.uz сайти ҳам мутасаддилардан аҳолининг кескин эътирозларига сабаб бўлаётган мазкур ҳолат бўйича тегишли чоралар кўрилишини сўрайди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид