Жаҳон | 14:22 / 20.10.2020
18158
2 дақиқада ўқилади

Тихановская куч ишлатар тузилмаларни 25 октябргача халқ тарафига ўтишга чақирди

 Тихановская «янги Беларусга» куч тузилмалари тизими кераклигини айтаркан, уларнинг ходимларига мухолифат билан алоқага чиқишни таклиф қилди.

Фото: DPA

Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская куч ишлатиш тузилмалари ходимларини 25 октябргача халқ тарафига ўтишга чақирди.

«Халқ ультиматуми – бу сизнинг беларуслар тарафида туришга имкониятингиз. Агарда жиноий буйруқларни бажаришга рози бўлмасангиз - бажарманг», - дейилади Тихановскаянинг телеграм-каналидаги мурожаатида.

 У «жавобгарлик шахсан жиноят содир этганлар зиммасида бўлиши»га ваъда берди.

Тихановская «янги Беларусга» куч тузилмалари тизими кераклигини айтаркан, уларнинг ходимларига мухолифат билан алоқага чиқишни таклиф қилди.

Беларусда 9 августдан буён президент сайлови натижаларидан норози бўлганларнинг намойишлари давом этмоқда. Сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко ғалаба қозонганлиги эълон қилинганди. Мухолифат сайлов натижаларини тан олмади ва натижалар сохталаштирилган деб ҳисобламоқда.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Тихановская сайловдан бир неча кун ўтгач Литвага кетишга мажбур бўлди. Тихановская 13 октябрда Лукашенкога ультиматум қўйди: у 25 октябргача лавозимини тарк этиши лозим, акс ҳолда мамлакатда «миллий иш ташлаш бошланади».

Мавзуга оид