Ўзбекистон | 08:20 / 20.10.2020
16995
4 дақиқада ўқилади

Видео: Бир неча юз ўзбекистонлик Абхазия чегарасида тунамоқда. ТИВ улар ватанга қайтарилишини айтганди

Ташқи ишлар вазирлиги пандемия сабабли Абхазияда қолиб кетган 400га яқин ватандошларнинг биринчи гуруҳи октябрь бошида Ўзбекистонга қайтарилиши ҳақида баёнот берган эди. Kun.uz'га мурожаат қилган ўзбекистонликлар октябрь ойининг 19-куни ортда қолган бўлса-да, ушбу ваъда бажарилмаётганини айтишмоқда.

Сурхондарёлик Ринат Юсуповнинг хабар беришича, Абхазияда айни пайтда икки мингга яқин Ўзбекистон фуқароси мавжуд. Улар бу ерга Россия орқали ишлашга келишган. Пандемия туфайли чегаралар ёпилгач, Ўзбекистон фуқаролари шу ерда қолиб кетишган ва умид билан карантин чекловлари бекор қилинишини кутишган.

Ўзбекистон Абхазияни мустақил давлат сифатида тан олмаган, шу боис бу ерда Ўзбекистон элчихонаси йўқ. Абхазия ҳудудида қолиб кетган ватандошлар Ростов ва Москва шаҳридаги элчихоналарга мурожаат қилишган.

«Бир неча ой давомида қилинган мурожаатларимизга тайинли жавоб бўлмади. Элчихонадагилар бизни роса сансолар қилишди. Биз бошқа давлатларда қолиб кетганлар сингари тўполон қилмадик, кетишимизни сабр билан кутдик. Давлат бизни бепул олиб кетсин демаяпмиз, чартер рейс учун қўлимизда пулларимиз бор. Фақат Абхазиядан Россия ҳудудига ўтиб олсак бўлди.

Қайта-қайта қилган мурожаатларимиздан сўнггина Ташқи ишлар вазирлиги октябрь ойининг бошида Абхазиядаги фуқароларнинг 400 нафари Ўзбекистонга олиб келинишини, қолганлар чегаралар очилгунча шу ерда қолишини маълум қилганди.

Энг аввал оғир аҳволдагилар – қариялар, беморлар, аёллар ва болалар олиб кетилсин – розимиз. Бироқ октябрь ойининг иккинчи ўн кунлиги якунланаётган бўлса ҳамки, баёнотда келтирилган ваъда бажарилмаяпти, додимизни кимга айтишни билмаяпмиз», – дейди фарғоналик Хосиятхон Отақўзиева.

Абхазияда қолаётган ватандошлар ватанга қайтишлари учун Россия ҳудудига ўтишлари керак. Бироқ айни пайтда Россия ўзининг ҳамда Абхазия фуқароларигагина давлат чегарасини кесиб ўтишга рухсат бермоқда. Бошқа давлат фуқаролари, жумладан, ўзбекистонликларнинг Россия чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилмаяпти.

Сурхондарёлик Ринат Юсуповнинг таъкидлашича, Абхазияда қолиб кетганлар орасида Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон фуқаролари ҳам бўлган. Бироқ ушбу давлатларнинг элчихоналари аллақачон ўз фуқароларини олиб кетишган. Бироқ ўзбекистонликлар ҳамон аросатда қолмоқда.

«Россия ҳудудига ўтишимиз фақатгина Москвадаги элчихона ходимларига боғлиқ экан. Элчихонадагилар қўнғироқларга жавоб бермай қўйишди. Мурожаатларни қабул қилиш учун ташкил этилган Telegram-ботлари ҳам ишламаяпти ёки ёзган мурожаатларимизга эътибор беришмаяпти. Сабабини билмаймиз.

Абхазия чегара ва божхона хизматидагилар Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига қўнғироқ қилишганда уларнинг қўнғироқларига ҳам жавоб бўлмаётганини айтишмоқда. Сизларни чегарадан ўтказиб юборишимиз элчихоналарингизга боғлиқ, биз чегара ҳудудида тўпланаётган юзлаб ўзбекистонликларни ушлаб туришдан манфаатдор эмасмиз, деб айтишмоқда.

Айтишларича, Сочидаги чегара пунктига Россия ҳудудига ўтиши керак бўлган биринчи гуруҳнинг рўйхати етиб келган. Ўзбекистонга қайтиш истагидагилар кўп бўлгани учун рўйхат қайта-қайта тузилган. Бироқ Россия томонидан рухсат берилмаётгани, бу масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиши керак бўлган Ўзбекистон идораларнинг вазифаларини лозим даражада бажармаётгани ортидан тўрт кундирки, юзлаб Ўзбекистон фуқаролари чегара пости ёнида кўча-кўйда ухлашга мажбур бўлишмоқда», – дейди Ринат Юсупов.

Октябрь бошида ватанга қайтиб кетишлари ваъда қилинган ўзбекистонликлар айни пайтда Абхазия чегарасида тўпланишмоқда. Kun.uz’га юборилган видеоларда юзлаб эркак-аёл совуқ ҳавода кўча-кўйда тунаётганини кўриш мумкин. Уларнинг орасида аёллар, болалар, кексалар ва беморлар, ҳомиладорлар ҳам бор.

Ташқи ишлар вазирлиги 30 сентябрь куни тарқатган баёнотида Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун уларнинг Россия чегарасини кесиб ўтишларига рухсат олиш юзасидан Россия томонига яна бир бор тегишли мурожаат юборилгани келтирилган. Бироқ ушбу мурожаатга Россия томони қандай жавоб бергани ҳақида хабар берилмаган.

Кўриниб турибдики, масала Россия томонига боғлиқ бўлган тақдирда ҳам, вазирлик ва Ўзбекистоннинг РФдаги дипломатик ваколатхоналари Абхазиядаги юзлаб ватандошлар билан нормал коммуникацияни йўлга қўймаган, уларни зарур ахборот билан таъминламаяпти.

Мавзуга оид