Жаҳон | 12:12 / 20.10.2020
18644
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги ҳайвонот боғида айиқлар сайёҳлар кўз ўнгида қўриқчини ғажиб ташлади

Фото: Dreamstime

Шанхай ёввойи ҳайвонлар боғида айиқлар ходимлардан бирини ташриф буюрганлар кўз ўнгида ғажиб ташлади. Бу ҳақда BBC рус хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса туристик автобус йўловчиларидан бири томонидан видеога олинди. Интернетда тарқалиб кетган видеода автобуснинг ёввойи ҳайвонлар жойлашган ҳудуддан ўтиб кетаётганини кўриш мумкин. Йўловчилар автобусдан ташқарида айиқлар йиғилганини кўриб, қичқиришни бошлаган.

Ҳайвонот боғи вафот этган ходимнинг оиласига ҳамдардлик билдириб, раҳбарият қайғуда экани ва бу ҳолат такрорланмаслиги учун барча чоралар кўрилишини таъкидлади. Боғ маъмурияти бу воқеага гувоҳ бўлган сайёҳлардан ҳам узр сўради ва чипталар пулини қайтариб берди. 

Боғ айиқлар тўсиқсиз ҳаракатланган ёввойи ҳайвонлар ҳудудини вақтинча ёпиб қўйди ва хавфсизлик чораларини кучайтирди. Ташриф буюрувчилар бу ҳудуддан фақат автобус ичида ўтиши мумкин. 

Ҳодиса тасвирланган видео тезлик билан Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида тарқалди ва ҳайвонот боғларига эҳтиёж борлиги тўғрисида турли тортишувларга сабаб бўлди. 

Баъзи фойдаланувчилар айиқлар шунчаки ёввойи ҳайвонлар каби ўзини тутганини таъкидлаб, ҳайвонот боғларини умуман ёпиб ташлашга чақирди. Бошқалар фожиа учун ҳайвонот боғи маъмурияти айбдор эканини айтиб, хавфсизлик чоралари етарли даражада бўлмаганини билдирди.

Хитойда ҳайвонот боғи ишчиларига ҳайвонлар томонидан ҳужум қилиниши кам кузатилади, аммо бироз олдин ташриф буюрувчилар провокациясидан сўнг бир неча ҳолат кузатилди. Масалан, 2017 йилда айиқ Хитой сафари-паркига ташриф буюрган шахсни тишлаб олган, у огоҳлантириш белгиларига аҳамият бермаган ва айиққа овқат бериш учун деразани очган. 

Мавзуга оид