Жамият | 00:34 / 20.10.2020
14794
2 дақиқада ўқилади

ХТВ: Ўқувчилар дарсдан кейин синфни тозалаш учун навбатчилик ташкил этиши мақсадга мувофиқ

Фото: Getty Images

«Мактабимизда синфхоналарни йиғиштириш учун ота-оналардан пул йиғилади. Фаррошлар зиммасига хона йиғиштириш кирмайдими?»

Фуқародан келиб тушган ушбу саволга 19 октябрь куни Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова жавоб берди.

«Жойларда баъзи ота-оналар фарзандлари синфхонани йиғиштиришини хоҳламагани учун фаррош ёллаб, унга синфхонани йиғиштириши учун қўшимча маблағ тўлаш ҳоллари кузатилади.

Шуни айтиш жоизки, болалар ўзларининг орқасидан синфини йиғиштириши учун навбатчилик ташкил қилиши ҳам болада ўзига хос тарбияни шакллантиради. Бу эса болага эрта ёшдан ўзи ўтирган жойни тоза ва озода сақлаш, бировнинг меҳнатини қадрлашни ўргатади. Шу сабабли болалар дарслардан кейин синфхонани йиғиштириш учун навбатчилик ташкил этиши мақсадга мувофиқ саналади.

Шу ўринда мактабларда фаррошлар учун ажратилган штат бирлиги – биноларнинг фойдаланиладиган ички қисми, шу жумладан, хизмат хоналари, йўлаклар, зинапоялар, фаоллар зали ва спорт зал ҳамда ўқув синфлари майдонини тозаловчи фаррош лавозими ҳар 350 квадрат метр тозалаш майдони учун 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда киритилади.

Мактабда машғулотлар иккинчи сменада ҳам олиб борилганда, ушбу сменадаги ўқувчилар фойдаланадиган ҳар 350 кв/м. тозаланадиган майдон учун қўшимча 0,25 бирлик, узайтирилган кун гуруҳи мавжуд бўлганда эса, гуруҳга қатновчилар фойдаланадиган ҳар 350 кв/м. тозаланадиган майдонга 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда фаррош лавозими киритилади», – деди Лайло Рустамова АОКАдаги брифингда.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид