АҚШ-2020: президентлик сайлови натижаларига қайси штатлар таъсир ўтказиши мумкин?
АҚШда президент сайловлари бошланишига икки ҳафта қолди. Ижтимоий сўровлар Демократик партия номзоди, собиқ вице-президент Жо Байден пешқадамлик қилаётганини кўрсатмоқда.
Бироқ АҚШдаги сайлов тизимига кўра, мамлакат бўйича кўп овоз олиш сайловда ғалаба қозониш учун етарли эмас.
АҚШда татбиқ этилган икки босқичли тизимда президентни штатлар жўнатган 538 нафар делегат мансуб сайлов ҳайъати белгилайди. Ушбу кенгашдан эса ҳар бир штатнинг аҳолисига мос равишда делегатлар ўрин олган.
538 нафар делегатнинг 270таси томонидан қўллаб-қувватланган номзод ғалаба қозонади. Штатларнинг аксарияти маълум бир партиянинг таянчи сифатида танилган. Одатда, улар овоз берувчи партия ўзгармайди.
Бироқ кам сонли штатлар номзодга унинг сиёсати ёки амалдаги кун тартибига қараб овоз беради. Асосий кураш ҳам ушбу «калит» штатлардаги сайловчиларни ўз томонига «оғдириш» борасида кечади.
2016 йилги сайловларда президент Дональд Трамп Демократик рақиби Ҳиллари Клинтондан бутун мамлакат бўйлаб 3 миллионга яқин кам овоз тўплаган, аммо шунга қарамай, делегатлар сони кўп бўлган штатларда қўли баланд келиб, президентликка сайланганди.
Хўш, 2020 йилги сайловларда қайси штатлар муҳим рол ўйнайди? Бу штатлардаги сўнгги вазият қандай?
Висконсин
2016 йил Трамп бу штатда кичик фарқ билан устун келганди. Унинг ғалаба қозонишида эса штатнинг қишлоқ ҳудудларидаги оқ танли ишчи синфига мансуб аёлларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим рол ўйнаган.
Шу билан бир қаторда, айни шу сайловчилар гуруҳи 2018 йилда Демократик партияга мансуб номзоднинг губернатор этиб сайланишида муҳим ўрин тутди.
Сўнгги оммавий сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, Байден 10 делегатга эга ушбу штатда етакчилик қилмоқда.
Трамп томонидан амалга оширилган савдо сиёсати ушбу штатдаги сут фермер хўжаликлари экспортига салбий таъсир кўрсатди. Бу эса ўз навбатида нархлар пасайишига ва баъзи корхоналар ёпилишига сабаб бўлди.
Мазкур штатдаги сайловчиларнинг муносабатига таъсир қилиши кутилаётган яна бир омил – ирқлар ўртасидаги зиддиятнинг кучайишидир. Кеноша шаҳрида полиция томонидан қора танли одам отиб ташланганидан кейин бутун штат бўйлаб улкан норозилик намойишлари бўлиб ўтди.
Республикачилар демократларнинг ғалаба қозониши зўравонлик ва тартибсизликни янада кучайтиради, деб таъкидлашмоқда.
Аризона
Бу штат 2016 йил Трамп ғолиб чиққан штатлар қаторидан ўрин олган. Одатда, Республикачилар партиясидан кўрсатилган номзодларни қўллайдиган бу штатда Трамп атиги 4 фоиз устунлик билан ғалаба қозонганди. Бу йил ўтказилган ижтимоий сўровнома натижалари эса Байденнинг устунлигига ишора қилмоқда.
11 делегатга эга бўлган Аризонада келиб чиқишига кўра лотин америкалик ва шаҳарлик ўрта-юқори тоифага мансуб синф нуфуси тобора ортиб бормоқда. Ҳар иккала сайлов гуруҳи ҳам асосан демократларни афзал кўради. Шунингдек, бу штат коронавирус эпидемиясидан энг кўп зарар кўрган штатлар қаторига киради. Сайловчиларнинг аксарият қисми Трамп инқирозни нотўғри бошқарди, деган фикрда.
Аммо Трампнинг Мексика чегарасида девор қуриш, шунингдек, чет элликларнинг меҳнат визасини олишини қийинлаштиришга қаратилган иммиграция сиёсати унга айрим сегментлардан овоз тўплашга имкон бериши мумкин.
Шимолий Каролина
Барак Обаманинг 2008 йилги ғалабасига қадар бу штат мамлакатдаги энг ашаддий республикачи штатлардан бири эди. Натижалар 15 делегатга эга ушбу штатнинг эндиликда Республикачилар партиясининг таянч пункти эмаслигини кўрсатмоқда.
Бу йил Байден ҳам, Трамп ҳам мазкур штат бўйлаб жуда жиддий реклама кампанияларини олиб боришмоқда ва шу орқали сайловчиларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилишмоқда. Сўровнома натижалари эса Байден олдинда эканлигини тасдиқламоқда.
Шимолий Каролина почта орқали овоз бериш жараёнини бошлаб берган илк штат бўлиб, почта орқали овоз бериш истагини билдирган сайловчилар сони ҳам рекорд даражада. Уларнинг ярмидан кўпи Демократик партия тарафдорларидир.
Агар почта орқали берилган овозлар якуний натижани ўзгартирса, бу ҳол Трампга ёқмаслиги аниқ.
Мичиган
2016 йилда Трамп 16 делегатдан иборат бу штатда атиги 0,3 фоиз фарқ билан устун келган. Анъанавий равишда Демократик партияга овоз берувчи, ишчи синфи асосий ўрин тутган ушбу штат ўшанда ишлаб чиқариш соҳасини жонлантиришни кўзда тутувчи савдо сиёсатини амалга оширишга ваъда берган Трампни танлаб, 28 йиллик анъанани бузганди.
Отаси автомобил сотувчиси бўлган Жо Байден штатдаги автомобилсозлик саноатининг юраги бўлган Детройт шаҳри билан қалбан боғланган. У вице-президентлик даврида ҳам ушбу штатга тез-тез ташриф буюриб турган.
Байден кучли ва мўътадил номзод сифатида кўрилмоқда. Мичиган эса одатда ушбу профилдаги номларни афзал кўради.
Пенсильвания
20 делегатга эга бўлган Пенсильвания анъанавий равишда демократ номзодга овоз берувчи штатдир. Аммо тўрт йил олдин ушбу штатнинг ғарбида яшовчи сайловчиларнинг овози эвазига бу ерда Трампнинг қўли баланд келганди.
Ушбу ғалаба ортида эса демократлар томонидан штатнинг ғарбий қисмидаги энг муҳим иқтисодий фаолият – энергетика соҳасига оид берилган ваъдаларга нисбатан норозилик ётади.
Трамп ўз сайловолди ташвиқотида демократларнинг кўмир қазиб олиш ва сланец гази соҳасида режалаштирган ислоҳотларидан штатни ҳимоя қилишга ваъда берганди. Трампнинг ўз ваъдасининг устидан чиқиб-чиқмагани эса алоҳида масала. Коронавирус эпидемияси бошланганидан бери штатда ишсизлик даражаси сезиларли даражада ортган.
Бошқа томондан, Байден бу штатда – Пенсильваниянинг шарқида жойлашган Скрантон шаҳрида туғилган сиёсатчи. Шу боис у бу ерда маълум-у машҳур.
Флорида
Флорида – сайловлар пойгаси аёвсиз кечадиган штат. Гарчи бу ерга Дональд Трамп тез-тез ташриф буюриб турса-да, 2016 йил у мазкур штатда жуда кам фарқ билан ғалаба қозонганди.
Флорида штатида 26 делегат мавжудлиги ва у ҳеч бир партиянинг таянч нуқтасига айланмагани бу штатни энг муҳим штатлардан бирига айлантирмоқда. Ушбу штатнинг яна бир хусусияти шундан иборатки, 1964 йилдан буён ушбу штатда ғолиб бўлган номзод президентлик сайловларида ҳам ғалаба қозонган.
Ушбу штат натижаларини тахмин қилиш эса жуда ҳам қийин, чунки унинг демографик тузилиши турли гуруҳларни ўз ичига олади ва у доимий равишда ўзгариб туради.
Штатда Лотин Америкасидан келган муҳожир аҳоли бор. Бу гуруҳ эса умуман олганда, Республикачилар партиясига яқинроқ. Бироқ улар штатнинг Демократик партияни қўллаб-қувватлайдиган қисмларида яшашади.
Бундан ташқари, бошқа штатларда яшаб, нафақадаги даврини Флоридада ўтказувчи жуда кўплаб одамлар бор. Ушбу гуруҳнинг сайловда иштирок этиш даражаси ҳам жуда юқори.
Демократик партияга овоз беришга мойил бўлган ёш сайловчилар сони тобора ортиб бораётган бир пайтда штатнинг қишлоқ жойларида яшовчи сайловчилар Республикачилар партиясидан узоқлаша бошладилар.
Жоржия
Жоржия штати 1960 йилдан бери, иккитадан ташқари барча сайловларда Республикачилар партиясидан президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шунга қарамай, Байден бу йил 16 нафар делегатга эга ушбу штатда ғолиб чиқишга умид қилмоқда.
Ирқ билан боғлиқ масалалар бўйича ўтказилган ижтимоий сўровлар шуни кўрсатадики, Байденнинг сиёсати бу ерда Трампникига қараганда кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда.
Бу йил Жоржиянинг айрим ҳудудларида, айниқса, ёшлар Black Lives Matter (Қора танлилар ҳаёти муҳим) шиори остида намойишлар ўтказишди.
Аммо Трамп ўзини «тартиб ва тинчлик» олиб келувчи номзод сифатида таърифламоқда. Бу эса штатнинг сиёсий йўналишини белгилайдиган оқ танли, консерватив сайловчилар диққатини ўзига тортмоқда. Ушбу штатдаги сайловчиларнинг иштироки ғолиб номзодни аниқлашда муҳим рол ўйнаши тахмин қилинмоқда.
Мавзуга оид
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
09:02 / 20.11.2024
Қайта сайланмаслик эркинлиги: Байден Киевга қўйилган чекловларни бекор қилмоқда
05:07 / 18.11.2024
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
12:44 / 17.11.2024