Жаҳон | 19:52 / 22.10.2020
2289
2 дақиқада ўқилади

Adidas Reebok брендини сотиш имкониятини кўриб чиқмоқда

Adidas бош директори Каспер Рорштед Reebok брендини сотиши тўғрисидаги миш-мишларни илгари бир неча бор рад этганди.

Фото: AP Photo / Tsering Topgyal

Спорт кийимлари ва аксессуарлари ишлаб чиқарувчи Adidas AG компанияси ўзининг Reebok брендини сотиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб Блумберг агентлиги хабар берди.

"Компания яқин ойларда сотув жараёни борасида якуний қарорни қабул қилади", - деган манба.

 Агентликнинг эслатишича, Adidas бош директори Каспер Рорштед Reebok брендини сотиши тўғрисидаги миш-мишларни илгари бир неча бор рад этган. У савдо кўрсаткичлари паст бўлган Reebok дўконларини ёпганди. Reebok 2019 йил бошларида фойдага киргач, Рорштед CrossFit Nano ва FloatRide Run спорт пойабзаллари ҳисобига сотув ҳажми ўсишига умид қилганди.

 Коронавирус пандемиясидан Reebok бренди Adidas брендига нисбатан кўпроқ зарар кўрди. Иккинчи чоракда Adidas савдоси 33 фоизга пасайган бўлса, Reebok савдоси 42 фоизга пасайган.

1924 йилда Адольф Дасслер асос солган Adidas AG спорт кийимлари, пойабзали ва аксессуарлари ишлаб чиқариш бўйича етакчи компания ҳисобланади. Reebok 2005 йилдан буён Adidas компаниясига тегишли.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид