Жаҳон | 22:54 / 22.10.2020
12308
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Германияда вазият оғирлашмоқда, Эфиопияда карантинни бузганлар қамалади

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда Covid-19 билан касалланганлар сони 41,5 миллион кишидан ошди ва кунига ўртача 400 мингдан ўсиш қайд этилмоқда. 31 миллион одам вирусдан соғайган, 1 миллион 138 минг киши ҳалок бўлди, деярли 75 минг одам оғир ёки ўта оғир аҳволда. 

Энг кўп зарар кўрган беш мамлакат кетма-кетлиги ўзгаришсиз қолмоқда: АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Россия ва Испания. Шунингдек Аргентинада ҳам касалланиш ҳолатлари сони миллиондан ошиб кетган, Колумбия ва Франция ушбу чегарага яқинлашмоқда. Пандемия бошланган Хитой ушбу кўрсаткич бўйича дунёда 54-ўрингача «пастлаган».

Баҳорги тўлқинни нисбатан осон ўтказган, аммо ҳозирга келиб 100 минг аҳолига тўғри келадиган ҳолатлар ва ўлим кўрсаткичлари бўйича Европада биринчи ўринни эгаллаган Чехияда яна карантин жорий қилинди: у ерда фақат ишлаш ва зарур харидлар учун ташқарига чиқишга рухсат берилади. 

Германия шимоли-ғарбидаги Делменҳорст шаҳрида Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари авж олди

Карантин чоралари Ирландия ва Италиянинг Лацио, Ломбардия ва Кампанья минтақаларида кучайтирилди.

Бельгиянинг ўтган шанба куни коронавирус ташхиси қўйилган 45 ёшли ташқи ишлар вазири Софи Вильмес реанимацияга ўтказилди.

Германиядаги вазият ёмонлашмоқда

Франкфурт: Германия армияси тиббий ходимларга ёрдам учун жалб этилди

Чоршанба куни Германия бўйлаб Covid-19’нинг 11 287та янги ҳолати аниқланди, бу пандемия бошлангандан бери энг юқори кўрсаткич.

Беморлар орасида соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан ҳам бор. У ҳозирча уйда даволаняпти. 

16 октябрда ўрнатилган аввалги антирекорд ҳозиргисидан бир ярим баравар паст бўлган - 7830 киши. 

Роберт Кох институти раҳбари Лотар Вилер вазиятни ўта жиддий деб атади ва ватандошларини эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга чақирди. 

Вилер касалликнинг кескин ортиб кетишида бир-бирлариникига ташриф буюришни давом эттираётган ва ёпиқ биноларда базмлар уюштираётган ёшларни айблади. 

Берлиннинг энг гавжум кўчаларида ниқобда бўлиш мажбурийдир. 

Тоғ чанғи мавсуми яқинлашар экан, пайшанба куни расмийлар фуқароларни Австрия, Италия ва Швейцариядаги курортларга бормасликка чақирди. Чет элда бўлиб қайтганлар 10 кунлик мажбурий карантинда ўтириши талаб этилади.

Швецияда кекса ёшли кишиларга уйдан чиқишга рухсат берилди

Сиқилиш ковиддан ҳам ёмонроқми?
Швеция соғлиқни сақлаш кенгаши раҳбари Йохан Карлсон 70 ёшдан ошган фуқароларга ўта зарурат бўлмаганда уйдан чиқмаслик ва улар билан бир том остида яшайдиганлардан ташқари, ҳеч ким билан алоқа қилмаслик тўғрисидаги тавсиянома ўз кучини йўқотганини эълон қилди. 

Пандемия давом этар экан, унинг сўзларига кўра, кекса одамлар изоляцияга ўз руҳий саломатликларига зарар етказмасдан ортиқ тоқат қила олишмайди. 

«Хавф бор. Эҳтимол, беморлар яна ортиши мумкин, аммо биз мувозанатни топишимиз керак», деди бош шифокор. 

Европанинг баъзи мамлакатларидаги каби тез суръатларда бўлмаса-да, Швецияда ҳам янги касалланиш ҳолатлари сони ортиб бормоқда.

Бундан буён барча аҳоли гуруҳлари учун эпидемиологик тавсиялар бир хил. Улар орасида оммавий тадбирларга тақиқ, қўлларни тез-тез ювиш, масофани сақлаш ва иложи бўлса, уйда ишлашни кўриш мумкин.

Кипр: ниқоб тақиш мажбурияти ва комендантлик соати

Ларнака курорт шаҳрида ҳам ковидга чалинганлар сонида ўсиш кузатилган / EPA

Кипр соғлиқни сақлаш вазири Константинос Иоанну маълум қилганидек, энди очиқ ҳаводаги ҳамма жойда ниқоб тақиш мажбурий ҳолга айланиб бормоқда. Фақатгина спорт машғулотлари бундан мустасно. 

Бунгача Кипрда фақатгина икки нафардан ортиқ инсон мавжуд бўлган бино ичида ниқоб кийиш мажбурий эди. 

Шунингдек, вазир Лимасол ва Пафоснинг иккита туманида комендантлик соати эълон қилди, у ерда Covid-19’нинг кўплаб янги ҳолатлари қайд этилган. 

Кечки соат 23:00 дан тонгги 05:00гача бўлган вақт оралиғида ҳаракатланиш чекланади, рухсат берилган ҳолатлар - дорихонага бориш ёки шошилинч тиббий ёрдам сўраш, шунингдек, ишга бориш ёки ундан қайтиш.

Ушбу фармонга мувофиқ, барча овқатланиш шохобчалари соат 22:30да ёпилиши керак, аммо улар олиб кетиш учун таом тайёрлашда давом этиши мумкин. 

Шунингдек, 18 ёшгача бўлган болалар ва ўспиринлар учун барча спорт ва кўнгилочар тадбирлар тўхтатилди. 

Ушбу чоралар жума кунидан кучга киради ва 9 ноябргача амал қилади.

Эфиопияда карантин қоидаларини бузувчилар қамоққа олинади
Эфиопия ҳукумати янги қонун қабул қилди, унга кўра карантин чекловларини бузган шахс жарималар ва икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аддис-Абеба кўчаларида инфекция тарқалишига қарши кураш / EPA

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ушбу мамлакатда қўл билан саломлашиш ва хайрлашиш, кафе ёки ресторандаги бир стол атрофида 3 кишидан ортиқ бўлиб ўтириш, ижтимоий масофани камида бир ярим метр сақламаслик ва жамоат жойида ниқоб киймаслик тақиқланади. 

Чоралар кескинлашгани тўғрисида мамлакат бош прокуратураси томонидан ижтимоий тармоқларда хабар берилди ва бунга сентябрь ойида карантин бекор қилинганидан кейин одамлар ҳушёрликни йўқотганлиги сабаб қилиб кўрсатилди.

Аҳоли сони кўплиги бўйича Африкада иккинчи ўринда турувчи Эфиопия давлати апрель ойида пандемия муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилган, аммо сентябрдаги касалланиш ҳолатлари пасайиши ортидан карантин чоралари енгиллаштирилган.

Мамлакат бўйлаб касалланиш ҳолатларининг умумий сони 91 минг 118тани ташкил этмоқда, шундан 1384таси ўлим билан якун топган.

Назокат Қаршиева
Тайёрлаган Назокат Қаршиева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид