Ўзбекистон | 12:30 / 22.10.2020
21712
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари ўтказилиши режалаштирилди

21 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари билан  музокаралар ўтказди.

Мазкур компания томонидан ишлаб чиқилган ва ҳозирда клиник синовда ўтаётган вакцина коронавирус юза антигенининг генетик-муҳандислик оқсили бўлиб, у аденовирус ҳамда инактивлашган вакцина турлари билан таққосланганда юқори даражада хавфсиз ҳисобланади. Генетик-муҳандислик оқсили зарарланган организмда айнан унга қарши антитаначалар ишлаб чиқаради.

Музокаралар давомида ўтказиладиган клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунланган тақдирда, Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари хитойлик ҳамкорлар билан эмлаш жараёнини ташкил этиш, жараёнга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди. Клиник синовлар 18 ва ундан катта ёшдаги кўнгилли инсонларда ўтказилиши кутилмоқда. Синов бошланишидан олдин Хитой Халқ Республикаси вакиллари томонидан эмлаш шартларини тушунтиришга қаратилган бир қатор тренинглар ўтказилади.

Мавзуга оид