Жаҳон | 10:30 / 23.10.2020
11878
2 дақиқада ўқилади

Путин Навалний ҳақида: «Ҳукумат кимнидир заҳарламоқчи бўлганида, уни Германияга даволаниш учун юборармиди»

Россия президенти Владимир Путин «Валдай» муҳокамалар клуби аъзолари билан йиллик учрашувда илк маротаба, номи расмий Кремлда ишлатилмайдиган Алексей Навалнийнинг заҳарланиши ҳақида гапирди.

Фото: TASS

Учрашувда Франкфурт тинчлик тадқиқотлари институти ижро қўмитаси аъзоси Ҳанс Ёаҳим Шпангер шу кунгача Путин бир маротаба ҳам изоҳ бермаган Навалнийнинг заҳарланиши мавзусида савол сўради.

Путиннинг сўзларига кўра, айнан у Навалнийнинг Германияда даволаниб келишини таъминлаш бўйича Бош прокуратурага топшириқ берган.

Шпангер Москва Карнеги маркази директори, сиёсатчи Дмитрий Трениннинг Навалнийнинг заҳарланиши Россия-Германия муносабатларида бурилиш нуқтаси бўлгани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирди. Унинг фикрича, Меркел кетгач, расмий Берлин Россияга нисбатан бошқа Ғарбий Европа давлатлари каби муносабатда бўлади.

«Сиз гапираётган шахс… Агар ҳукумат кимнидир заҳарламоқчи бўлганида, уни Германияга даволаниш учун юборган бўлармиди, шундай эмасми? – дея жавоб беришни бошлади Путин. – Ушбу фуқаронинг аёли менга мурожаат қилган заҳоти мен Бош прокуратурага уни хорижга даволаниш учун чиқариш имкониятларини кўриб чиқишни топширдим. Ахир, биз уни жиноий иш ва терговга алоқадорлиги учун қўйилган чекловлар туфайли хорижга чиқармаслигимиз ҳам мумкин эди-ку».

«Мен дарҳол Бош прокуратурадан бунга рухсат беришини сўрадим ва у кетди», – деди Путин.

Шундан сўнг Путин бутун дунёга машҳур жанговар заҳар гуруҳига кирувчи «Новичок»нинг ишлатилишига оид айблар ҳақида гапирди. У қандай асосларга кўра ушбу заҳар ишлатилгани ҳақида хулоса қилингани ва бу маълумотларни бир неча маротаба расмий Москвага тақдим қилиш сўралганини қайд этди. Путин, шунингдек, Россия Бош прокуратураси бир неча маротаба Берлинга сўров юборганини эслатиб ўтди. «Биз ноодатий нима сўрадик», – дея қўшимча қилган Владимир Путин.

Москва-Берлин муносабатларига тўхталар экан, Путин ҳарбий вақтлардан сўнг Россия Германия билан доимо яхши муносабатда бўлганини айтди.

Мавзуга оид