Трамп ва Байден баҳси: 6 масала юзасидан иддаолар, айбловлар ва натижалар
АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг рақиби, Демократик партиядан президентликка номзод Жо Байден 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловидан олдин иккинчи ва охирги марта жонли дебат дастурида учрашишди. Коронавирус ва иммигрантлар масаласи олдинги баҳсга нисбатан анча «чегараланган» ушбу баҳснинг асосий мавзуларидан бўлди.
Ижтимоий сўровларда собиқ вице-президент Байдендан ортда бораётган амалдаги президент Дональд Трамп учун бу баҳс сўнгги имконият бўлиши мумкинлиги таъкидланаётганди.
Нэшвиллдаги Белмонт университетида бўлиб ўтган ва бир ярим соат давом этган сўнгги баҳсда NBC телеканали журналисти Кристен Велкер модераторлик қилди.
Илк баҳсда Трамп ўз рақибининг гапини тез-тез кесиб қўйганди. Шу боис бу гал шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун бир номзод гапираётган пайтда иккинчи номзоднинг микрофони узиб қўйилди.
Ўтган ҳафтага режалаштирилган иккинчи дебат эса коронавирус ташхиси қўйилган Трамп виртуал форматдан бош тортгани туфайли ўтказилмаганди.
Қайд этиш жоизки, АҚШда президентликка номзодлар 1976 йилдан бери сайловлар олдидан тўғридан тўғри телевизион дебат дастурларида иштирок этиб келишади.
Қайси мавзулар муҳокама қилинди?
Трамп ва Байден узлуксиз давом этган мунозарада модераторнинг олтита саволига жавоб беришди.
Ушбу саволлар «коронавирусга қарши кураш», «америкалик оилалар», «АҚШдаги ирқчилик муносабатлари», «иқлим ўзгариши», «миллий хавфсизлик» ва «етакчилик» каби масалаларга оид эди.
Дебатда номзодлар деярли ҳар бир мавзу бўйича бир-бирига қарама-қарши фикрларни илгари суришди.
Масалан, Трамп коронавирус эпидемияси якунланиш арафасида эканини айтган бўлса, Байден олдинда «бизни қора қиш кутмоқда» деб таъкидлади ва федерал ҳукуматни эпидемияга қарши дадил қадамлар ташлашга ундади.
Трамп агар қайта сайланса, иккинчи муддатда қандай сиёсий одимлар отишига ойдинлик киритмади.
Трамп коронавирусга қарши вакцина бир неча ҳафта ичида тайёр бўлишини ваъда қилди ва рақиби Байденнинг ўғли Ҳантер Байденнинг чет элдаги ишбилармонлик алоқалари ҳақидаги даъволарни такрорлади.
Байден эса Трампни айирмачи ва ахлоқсиз раҳбар сифатида айблади. Шунингдек, у федерал ҳукуматнинг эпидемияга қарши кураш усулларини ҳам танқид қилди. Байден иқтисодиётни рағбатлантириш учун янги пакетлар жорий этишга, эпидемияга қарши курашда штатларга янада кўпроқ молиявий ёрдам беришга, соғлиқни сақлаш тизими ва соҳа ходимларнинг ҳуқуқларини бутун мамлакат бўйлаб яхшилашга ваъда берди.
Байден шунингдек, энг кам иш ҳақини соатига 15 долларга етказиш, 11 миллион «ҳужжатсиз муҳожир»га фуқаролик йўлини очиш ва коронавирусга қарши курашда бутун мамлакат бўйлаб ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланиши билан боғлиқ ваъдаларини яна бир бор тилга олди.
Баҳс сайловчиларнинг фикрини ўзгартириши мумкинми?
Ҳозирга қадар АҚШда 48 миллионга яқин сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имконидан фойдаланиб улгурди. Шу боис ушбу дастур орқали номзодлар томонидан асосан қарор қабул қилишда иккиланиб турган сайловчиларни нишонга олиш мақсад қилиниши айтилганди.
BBC жаҳон хизматининг Америка бўйича мухбири Лаура Тревельяннинг таъкидлашича, ушбу баҳс давомида сайловчиларнинг фикрини ўзгартирадиган даражада жиддий ҳолат кузатилмаган.
Аксарият шарҳловчилар ушбу баҳсда мутлақ ғалаба қозонган тараф бўлмади, деган фикрда.
Модератор тўғри танландими?
Номзодлар бир-бирига деярли тенг салоҳият намойиш этган ушбу дебатнинг асл ғолиби 44 ёшли модератор Кристен Велкер бўлгани айтилмоқда.
NBC телеканали журналисти Андреа Митчелл ҳамкасби Велкерни бошиданоқ дастурни ўз назорати остига олгани билан табриклади.
Шунингдек, Велкер, номзодларга деярли тенг вақт бергани учун ҳам эътирофга сазовор бўлди. CNN’нинг қайд этишича, Трамп жами 41 дақиқа, Байден эса 37 дақиқа 53 сония гапирган.
«Велкер сохта журналистларнинг аксарияти каби даҳшатли ва адолатсиз одамга айланган», деган эди Трамп баҳсдан олдин модераторни нишонга олиб.
Трампнинг сайловолди маслаҳатчиси Жейсон Миллер эса Велкер ўз ишини мукаммал даражада адо этишини айтганди.
29 сентябрь куни бўлиб ўтган ва ўзаро узилишлар, ҳақорат-айбловлар билан кечган биринчи баҳснинг модератори Крис Уоллеснинг ҳаракатлари кўпчилик томонидан муваффақиятсиз деб топилган. Трампнинг тез-тез аралашишига тўсқинлик қила олмаган ва баҳс тизгинини қўлдан чиқариб юборган Уоллесни баъзи шарҳловчилар «ғолиби бўлмаган баҳснинг яққол мағлуби» деб таърифлашганди.
Номзодлар қандай тайёргарлик кўрди?
Кливлендда бўлиб ўтган биринчи баҳсда Трампни «масхарабоз», «Путиннинг пудели» (пудель – ит зотларидан бирининг номи) деб атаган ва унга «оғзингни ёп» деган 77 ёшли Жо Байден дастурга тайёргарлик кўриш учун бу ҳафта давомида сайлов йиғилиши ўтказмади.
74 ёшли Трамп эса ўз кун тартибини ўзгартирмади ва Аризона, Пенсильвания ва Шимолий Каролинада митинглар ўтказди.
Номзодлар биринчи баҳсда сайловчиларнинг фикрини ўзгартира олдими?
Сўровномалар ўтказиш ва уларни таҳлил қилишга ихтисослашган Ipsos агентлиги ва FiveThirtyEight веб-сайти томонидан дастлабки мунозарадан олдин ва кейин ўтказилган сўровнома натижасига кўра, Трампнинг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиш кўрсаткичи бир оз пасайган, Байденники эса сал кўтарилган. Муҳокамадан кейинги кунларда Байден Трамп билан ўзаро фарқни яна уч фоизга оширгани айтилмоқда.
Ушбу дастурда номзодлар беқарор сайловчиларни нишонга олишлари айтилган эди.
Яқинда ўтказилган Reuters/Ipsos сўрови натижаларига кўра, ҳали бир қарорга келмаган сайловчиларнинг миқдори 8 фоиз атрофида.
Мавзуга оид
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
08:31 / 08.11.2024
Байден ҳокимиятни тинч йўл билан Трампга топширишга ваъда берди
01:11 / 07.11.2024
Жо Байден ва Камала Ҳаррис Трампга қўнғироқ қилиб, уни ғалаба билан табриклади
14:01 / 31.10.2024