Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кейинги кириш имтиҳонларида ўзбек тили бўйича тестда грамматика эмас, тўртта кўникма тест қилинади – Шерматов
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов АОКАда ўтказилган анжуманда ўзбек тилининг ўқитилишига эътибор борасида берилган саволга жавоб қайтарди.
“Ўзбек тилини ўқитишда бизда асосан грамматикага эътибор берилган. Биз ҳозирда буни умуман янгича йўналишда амалга оширяпмиз. Аслида, тил ўрганиш тўртта кўникмага боғлиқ. Инглиз тилига агар TOEFL топширсангиз, тўртта кўникма ўрганилади. Улар грамматикани кўрмайди. Шунинг учун Республика таълим марказига ҳам бу вазифа қўйилган. Яъни грамматикадан қочиб, тўртта кўникма – ўзбек тилида ўқиб, тушуниш, эшитиб тушуниш, ифодали гапириш, ёзиш. Афсуски, мана шу тўртта кўникма четда қолиб, болаларга фақат грамматика ўқитилган.
Оддий бир мисол. Олдинги йили Сирдарёда ўқитувчиларнинг ўзини ҳам тест қилгандик. Аксарият ўқитувчиларнинг ўзи ҳам ДТМ тестларини ечолгани йўқ. Фараз қилинг, болаларни қийнаб, грамматикага тайёрлаяпмиз. Шунинг учун бу бўйича ҳам фармонда вазифа қўйилган. Кейинги кириш имтиҳонларида ўзбек тили бўйича тест қилинганида ҳам грамматикани эмас, тўртта кўникма тест қилинади. Инглиз тилида IELTS`га тайёрлангандек, кейинчалик болаларимиз ҳам тўртта кўникмага тайёрланишга ҳаракат қилса, албатта тил билиш даражаси ҳам ошиб боради”, - дея Шерзод Шерматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазир мактаб ўқувчиларига чет тилини ўргатиш масаласи долзарб эканига ҳам тўхталди.
“Энди чет тилини ўрганмасак бўлмайди. БМТнинг олтита расмий тили бор. Шу тиллардан жуда бўлмаганида иккитасини болаларимиз билиб чиқиши шарт. Шунинг учун ҳам концепцияда болалар ўзбек тилини билсин, яна қўшимча равишда рус тилини ўргансин ва чет тили, масалан, инглиз тили, француз ёки немис ёки бошқа тилларни билсин”, - деди Шерзод Шерматов.
Шерзод Шерматов Тошкент шаҳрида аксарият ўзбек оилалар фарзандини рус мактабларига бериб, уларнинг ўзбек тилини “йўқотиб қўйиши” ҳолатлари ҳақида ҳам гапирди.
“Тошкент шаҳрида бизнинг жуда катта муаммоимиз бор эди. Ҳали ҳам бу бўйича ишлаяпмиз. Ота-оналарнинг аксарияти болаларини рус мактабига беришга ҳаракат қилади. Натижада, ўзбек оила бўлиб туриб, уйда ҳам русча гапиради, фарзанди ўзбек тилини умуман “йўқотиб қўяётган” ҳолатларимиз кўп эди. Мана бу салбий ҳолат.
Бу бўйича сўнгги икки йил статистикасини қарайдиган бўлсак, бир йил олдин кўпроқ болалар биринчи синфга русча синфга берилган экан. Бу йил Тошкент шаҳрида президентимиз топшириғи билан мактаблар реконструкция қилинди, таъмирланди, шароити яхшиланди. Ўзбек мактабларининг шароити яхшиланганидан кейин уларнинг ота-оналар учун жозибадорлиги ошди. Бу йилдан Тошкент шаҳрида ўзбек тили синфларига ўқувчилар қабул ошди”, - деди Шерзод Шерматов.
Мавзуга оид
12:44 / 08.05.2025
Мисрда ўзбек тили грамматикасини ўрганиш бўйича дарслик яратилди
18:01 / 23.04.2025
Таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат тилидан имтиҳон топширади
23:11 / 18.04.2025
Тошкент ва Москва мигрантларни танлаб олиш жараёнини Ўзбекистонга кўчириш устида ишламоқда
17:06 / 17.04.2025