Ўзбекистон | 20:23 / 24.10.2020
31179
3 дақиқада ўқилади

Ўқувчига рўмол ўрагани учун «қамаласан» дейиш аҳмоқлик – вазир Избоскандаги воқеага муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Избоскан туманидаги 25-мактаб директори рўмол ўраган ўқувчи қизни “қаматаман”, дея қўрқитгани тўғрисидаги хабар тарқалди ва омманинг кескин эътирозига сабаб бўлди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мазкур воқеа хусусида фикр билдирди. Вазирнинг сўзларига кўра, рўмол ўраган қизни “қаматаман” деб таҳдид қилиш аҳмоқликдир. 

«Бу масалани ўрганиш керак. Фақат бир кишининг гапи олинмаслиги лозим.

Иккинчидан, қайси қонунда ёзилган экан рўмол учун қамалади деган гап? Бу аҳмоқона гап. Бу масалани ўрганиб чиқишган. Избоскан тумани ҳокимлиги бунга муносабат билдирган. 

Жойларга борамиз, «мана бу ўқитувчига иш бермаётган экан», деб гапиришади. Агар ўша ўқитувчи билан гаплашиб кўрсангиз, уни умуман мактабга яқинлаштириш керак эмаслиги маълум бўлади. Чунки эртага асабий ҳолатда болани уриб майиб ҳам қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун битта томонни олиб шов-шув қилиб, бу томонни айтиб бўлмайди. Вазиятни тўлиқ ўрганиш керак.

Биз ҳуқуқий жамият қуришга ҳаракат қиляпмиз. Ноқонуний ҳаракат қилган бўлса суд ҳам, прокуратура ҳам бор. Яъни ҳамма нарса қонун доирасида ҳал қилиниши керак. Лекин ҳеч ким, ҳеч қаерда ўқитувчига «ўқувчини қаматаман дегин» деб кўрсатма бермаган», деган халқ таълими вазири.

Ушбу ҳолат бўйича Избоскан тумани ҳокимлиги муносабатида қаматиш билан таҳдид қилгани айтилган мактаб директори 23 октябрь куни фарзандини уйлантириш мақсадида тўй маросими ўтказгани, туман халқ таълими бўлими мудиридан ишга чиқмаслик учун рухсат сўрагани ва видеомурожаат тарқалган куни иш жойида бўлмагани қайд этилган.

«Қизнинг онаси билан суҳбат ўтказилганда она карантиндан аввал фарзанди диний либосда эмас, замонавий либосларда юрганлиги бўйича мактаб маъмурияти эътироз билдирганлигини, ёз мавсумидан бошлаб қизининг кийиниш услуби ўзгарганлигини, ижтимоий тармоққа қўйилган видеомурожаатдан эса хабари йўқлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, суҳбат жараёнида ўқувчи қиз астрономия фани ўқитувчиси дарс жараёнида унга мактаб формасига риоя қилишини, миллий менталитетга мос услубда кийиниш лозимлигини айтганлигини, лекин қизга либоси сабаб қаматиш ёки шунга ўхшаш чоралар қўллаш бўйича босим бўлмаганлигини таъкидлаган. Шунингдек, ўқувчи қиз мактаб директорини видеомурожаат тарқатган куни кўрмаганлиги ва гаплашмаганлигини, мурожаат қилаётган вақтида ҳиссиётга берилган ҳолда қаматиш бўйича гап-сўзларни қўшиб юборганлигини билдирган», дейилган ҳокимлик муносабатида.

Мавзуга оид