Жамият | 11:36 / 27.10.2020
22520
5 дақиқада ўқилади

Отлиққа газ йўқ, лекин ургутлик «райгазчи»нинг укасига бор. Самарқандда пропанни уч ойлаб кутишмоқда

Сўнгги ойларда биржада суюлтирилган газ нархи кескин ошиб кетгач (бугун Самарқанд вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида бир литр пропан 4 100 – 4 600 сўмдан сотилмоқда), таҳририятга турли ҳудудлардан аҳолига тарқатилиши лозим бўлган газ баллонлар кечикаётгани ҳақида хабарлар келиб тушмоқда.

Бу айни ҳақиқат. Газ баллонда пишадиган овқатнинг «узоқ йиллик мижози сифатида» айтишим мумкинки, маҳаллаларда ҳар ой газ баллон тарқатилиши аллақачон орзуга айланган. Икки ойда бир келса ҳам, дўппини терак бўйи қилиб отавериш керак.

Ана шундай хабарлар юзасидан соҳа мутасаддиларидан изоҳ олганимизда, уларнинг айримлари сўнгги ойларда суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи корхоналар тўлиқ қувват билан ишламаётгани, уни етказиб беришда узилишлар бўлаётгани, шу сабабли аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда кечикишлар юз бераётганини айтишади. Аммо бошқа гаплар ҳам борми дейманда...

Яқинда «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали ходимлари томонидан Ургут туманида аҳолига пропан етказиб бериш жараёнини ўрганиш бўйича фуқаролар билан ўтказилган мулоқотлар чоғида айрим қонунбузарликлар ва аҳолига тарқатилиши лозим бўлган газ баллонлар айрим шахслар томонидан қиммат нархларда сотилаётгани аниқланган.

Жумладан, Ургут туман «Ғиштмасжид» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли томонидан шу маҳаллада яшовчи Собир Пардаев хонадонида суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар доимий равишда 65 000 (ҳа, олтмиш беш минг!) сўмдан сотилаётгани тўғрисида мурожаат келиб тушган.

Мазкур мурожаат юзасидан «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали ходимлари Собир Пардаев хонадонида бўлганида, у ерда 25 дона суюлтирилган газ тўлдирилган ва 3 дона бўш маиший газ баллони борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, мазкур газ баллонларга онлайн тизимга улаш учун ўрнатилган махсус штрих-кодли стикерлар қасддан юлиб ташланган.

Ўрганишлар давомида Собир Пардаев «Urguttumangaz» газ таъминоти бўлимида ҳайдовчи-экспедитор бўлиб ишлаб келган Воҳид Пардаевнинг укаси эканлиги аниқланган.

«Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ўрганиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилган.

Сўнгги ойларда Самарқанд вилоятида газ баллонларини аҳолига ўз вақтида етказилмаётгани хусусида бир қанча мурожаат бўлди. Жумладан, яқинда таҳририятга Паст Дарғом тумани «Уску» маҳалласи аҳолиси 3 ойдан бери газ баллон келмаётгани тўғрисида мурожаат қилган. Мурожаатни ўрганиш жараёнида Паст Дарғом туманидаги шу маҳаллани газ баллон билан таъминлаши лозим бўлган «Go’zalkentgaz» газ таъминоти бўлими бошлиғи Абдурашид Қаршиев билан боғландик. У ҳақиқатан ҳам «Уску» маҳалласига сўнгги бор газ баллон 91 кун аввал олиб борилганини тасдиқлади.

Абдурашид Қаршиев томонидан имзоланиб бизга юборилган маълумотномада газ ишлаб чиқаришда муаммолар бўлаётгани сабаб Паст Дарғом туманининг айрим ҳудудларида газ баллон етказиб бериш 65-70 кунга чўзилаётгани маълум қилинган.

«Газ баллонларни аҳоли хонадонларига график асосида ҳар 40-45 кунда тарқатиш режалаштирилган бўлса-да, бизга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, яъни пандемия даврида аҳоли хонадонларига суюлтирилган газни хавфсиз етказиб бериш ва ишлаб чиқариш заводларида узилишлар бўлгани сабаб график 65-70 кунга кечикмоқда», дейилади Абдурашид Қаршиев тақдим этган маълумотномада.

Шу ўринда ўринли саволлар туғилади. Агар соҳа мутасаддилари айтаётганидай «уларга боғлиқ бўлмаган ва ишлаб чиқариш заводларида узилишлар бўлгани сабабли» газ баллонлар етказиб бериш кечикаётган бўлса, унда биржада савдога қўйилаётган ва газ қуйиш шохобчаларида сотилаётган газлар қаердан келяпти? Нега «заправкада» доим пропан бор? Ёки Ургутдагидай газ идораси ходимининг укасининг уйида 25та газ билан тўлдирилган баллон қаердан пайдо бўляпти? Газ баллон халққа тарқатилиши керакми ёки «райгаз»дагиларнинг укаларига уч баробар нархда пуллаш учун берилиши керакми? Ундан кўра эплай олмаяпмиз, халқ манфаатидан кўра нафс устунлик қиляпти, деб қўя қолишса, мардлик бўлармиди?!

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири

Мавзуга оид