Ўзбекистон | 21:17 / 28.10.2020
11969
4 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органлари ходимлари ҳам ниқобсиз юришга оид маъмурий ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлди

Куни кеча “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан МЖтК 248-моддасининг биринчи қисмига қўшимча киритилиб, унга кўра, ички ишлар органлари кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхатига эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш(МЖтК 54-модда) ҳам киритилди.

Бу нимани англатади?

Маълумки, МЖтК 54-моддаси икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда карантин шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш учун жавобгарлик назарда тутилган.

Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишга ички ишлар органларини ваколатли этиб белгилаш шундан далолат берадики, эндиликда ички ишлар органлари ходимлари фуқароларнинг жамоат жойларида ниқобсиз юриш ҳолати билан боғлиқ маъмурий ишларни ҳам давлат санитария назорати органлари ходимларининг иштирокисиз, ўзлари мустақил кўриб чиқа олади.

Кодексга киритилган сўнгги қўшимчалардан шуни англаш мумкинки, ички ишлар органларининг қуйидаги тоифадаги ходимлари карантин қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва маъмурий жазо қўллашга ваколатли этиб белгиланди:

  • туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманлар ички ишлар бўлимларининг (бошқармаларининг) бошлиқлари ёки  бошлиқ ўринбосарлари, шунингдек, транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаларининг (бўлимларининг) бошлиқлари;
  • метрополитенни муҳофаза қилиш бўйича ички ишлар бўлимининг бошлиғи ёки бошлиғи ўринбосарлари;
  • темир йўл вокзаллари ва аэропортлардаги бўлинмаларнинг, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларининг (бошқармаларининг) бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари;
  • ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика катта инспекторлари ва инспекторлари;
  • йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг (Бош бошқармасининг) бошлиғи, унинг ўринбосарлари, йўл-патруль хизматини ҳамда маъмурий амалиётни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлимининг бошлиғи, муҳим топшириқлар бўйича бош инспектор, инспектор (маъмурий амалиёт бўйича), маъмурий амалиёт бўлинмасининг (бўлимининг) бошлиғи, маъмурий ҳуқуқбузарликлар материалларини кўриб чиқиш бўйича бош инспектор, катта инспектор (инспектор), йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимининг (бўлинмасининг) бошлиғи, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг катта инспектори ва йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳининг маъмурий амалиёт бўйича инспектори, улар йўқлигида эса ички ишлар бўлимининг бошлиғи ёки унинг ўринбосари;
  • йўл-патруль хизмати бригадаси (батальони, дивизиони, отряди, сафарбар гуруҳи) командири ёки командирининг ўринбосари;
  • йўл-патруль хизматининг катта инспектори (инспектори) ва йўл ҳаракати қоидаларига ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи бошқа ходимлар.

Бунга қадар ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларга оид ишлар давлат санитария назорати органлари ходимлари томонидан кўриб чиқиларди.

Шунингдек, Кодекснинг 291-моддасига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши муносабати билан тегишли ҳудудларда ёки объектларда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилган шароитларда транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан ушбу Кодекс 54-моддасининг иккинчи қисмида (транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар бузилиши қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда, транспорт воситаларини ушлаб туриш ички ишлар органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунига қадар амалга оширилиши белгиланди.

Бунда бир жиҳатга эътибор қилиш лозим бўлади: транспорт воситаларини ушлаб туриш ички ишлар органлари томонидан фақатгина маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунига қадар амалга оширилиши мумкин. Яъни ички ишлар ходими маъмурий ишни кўриб бўлиб, маъмурий жазо чорасини тайинлаш тўғрисида қарор чиқарганидан сўнг, транспорт воситаси қўйиб юборилиши лозим бўлади.

Мавзуга оид