Иқтисодиёт | 12:46 / 29.10.2020
23195
3 дақиқада ўқилади

Базавий ҳисоблаш миқдорини қўллаш соҳаси кенгайтирилди

Президентнинг айрим ҳужжатларига базавий ҳисоблаш миқдорини қўллаш соҳасини кенгайтирувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

Фото: Shutterstock

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ) ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ), базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори (ПҲБМ) амал қилмоқда. Шу муносабат билан қонунлар ва айрим қонуности ҳужжатларидаги атамаларга тузатишлар киритилди. 
 
Norma’нинг ёзишича, БҲМ қуйидагиларни ҳисоблаб чиқаришда ҳам қўлланилади:

  • давлат мукофотлари (шу жумладан, мукофот пуллари), идоравий мукофотлар, жумладан унвонлар, эсдалик ва кўкрак нишонлари учун назарда тутилган мукофотлар миқдорларини;
  • озиқ-овқат ва йўлкира учун харажатлар қийматини қоплаш ва шу каби айрим компенсацияларни.

 Хусусан, энди қуйидагиларга БҲМга каррали миқдорда компенсациялар тўланади:

а) қуйидагиларга турар жой хизмати бўйича коммунал ва бошқа кўрсатилган хизматлар тўлови учун - ҳар ярим йилда бир марта БҲМнинг 3 баравари миқдорида пул компенсацияси тўлови учун:

  • терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ИИОлари ходимларига;
  • қарамоғида терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ИИОлари ходимларининг вояга етмаган фарзандлари бўлган шахсларга.

б) ободонлаштириш бўлинмалари ходимларининг озиқ-овқати учун – БҲМнинг 1 баравари.

Шунингдек, биржа савдоларида пахта техник чигитини реализация қилиш шартларига тузатишлар киритилди:

  • улар ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар маҳаллий корхоналарга сотилади (илгари – мулкчилик шакллари);
  • сотиб олувчилар тўлиқ технологик циклда - мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш цехларида қайта ишлаб олинган тайёр маҳсулотлар учун тегишли гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлишлари керак;
  • чигитни тўлиқ технологик циклда мақсадли қайта ишлаганлиги ҳамда зарур ҳужжатларнинг мавжудлигини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси текширади.

 
Ҳужжат 27.10.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид