Жамият | 01:45 / 29.10.2020
28952
2 дақиқада ўқилади

Шоир Омон Матжон 77 ёшида вафот этди

Фото: saviya.uz

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 2020 йилнинг 28 октябридан 29 октябрига ўтар кечаси 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар берди.

У 1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган. Самарқанд давлат университетида таҳсил олган. 1969–2002 йиллар мобайнида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, “Ёшлик” журналида бош муҳаррир, “Чўлпон” нашриётида директор бўлиб ишлаган.

Омон Матжон йигирмага яқин шеърий тўплами, “Тўрабекахоним” насрий қиссаси ва “Нажмиддин Кубро”, “Ардахива” бадиалари чоп қилинган.

Шунингдек, у қардош ва чет эл адабиётининг кўплаб намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

Омон Матжон адабиётимиз ривожи йўлидаги хизматлари учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган, «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Мавзуга оид