Ўзбекистон | 16:50 / 30.10.2020
11204
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда киберспорт: илк ютуқлар, тан олишга шошилмаётган МОҚ ва спортчилар маоши ҳақида

Сўнгги йилларда киберспорт (компьютер ўйинлари) жаҳон миқёсида оммалашиб бормоқда. 2018 йилда киберспорт расмий спорт турлари реестрида юзинчи спорт тури сифатида тан олинди, ҳозирда уни Олимпия ўйинларига ҳам киритиш ҳаракатлари бошланган. Киберспортга киритилаётган сармоялар бир неча миллион долларни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда ҳам секин-аста киберспортчилар шаклланиб бормоқда. Улар орасида халқаро турнирларда иштирок этиб, медаллар ва пул маблағларини қўлга киритаётганлар ҳам бор. 2016 йилда Азиз Паттахов ташаббуси билан Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерациясининг фаолият бошлаши бу соҳадаги илк қадам бўлди.

Kun.uz мухбири федерация президенти билан суҳбатда ташкилот фаолияти, ўтган 4 йилда қилинган ишлар, эришилган ютуқлар, ечимини кутаётган муаммолар ва келгусидаги режалар ҳақида суҳбатлашди.

– Киберспорт федерацияси ташкил этилганига ҳам 4 йилча вақт бўлибди. Шу вақт оралиғида бу спорт турида қандай натижаларга эришилди?

– Федерациямиз Ўзбекистонда киберспорт турини ривожлантириш учун ташкил этилган. Дастлаб биз киберспорт турининг ижобий томонларини фуқароларга ва ҳукуматга кўрсатишга ҳаракат қилдик. Чунки мазкур спорт турига нисбатан салбий фикрлар шаклланиб қолган эди. Умумий киберспорт турлари билан федерацияни ташкил қилдик.

Биринчи қадам Парижда бўлди. Жаҳон чемпионатида спортчиларимиз билан қатнашиб келдик. Украинада ўтган Европа чемпионатига бизни таклиф қилишди. Чемпионатда финалда ўйнадик. Киберспортчимиз Муҳаммадали Турғунбоев 2-ўринни олди. Бу спортчимиз Грузияда чемпионликка эришди.

Шундан сўнг кўпчилик ўйнайдиган PES йўналишида ҳам саралаш мусобақалари ўтказдик. Alibaba sports билан шартнома туздик. Ва шу бўйича саралаш ўтказдик. Саралаш давомида навоийлик талантни кашф қилдик. Бу боламизнинг исми Салоҳиддин Эсонов. Ҳозирда уни кўпчилик танийди. У Ўзбекистон чемпиони бўлгандан сўнг, Марказий Осиё саралашига чиқдик. Минтақада ҳам чемпион бўлгач, жаҳон чемпионатида қатнашиб келдик.

Салоҳиддин Эсонов

Умумий киберспортга ўтадиган бўлсак, мобиль қурилма ва компьютер қурилмаси орқали ўйналадиган ўйинларни ҳам, кенг тармоқда қобилиятлиларни ҳам бирлаштирмоқчимиз. «Dota» ўйини бўйича ҳам Марказий Осиёда чемпион бўлдик. Марказий Осиёда қозоғистонлик киберспортчилар билан рақобатлашяпмиз. Қозоғистонлик спортчилар ойлик олади, бизникилар эса йўқ.

Энг катта ютуқларимиздан, 2017 йил Ўзбекистонда биринчи марта киберспорт бўйича халқаро турнир ташкил этдик. Соврин жамғармаси 5 минг АҚШ доллари бўлган турнирда дунёнинг энг кучлилари иштирок этишди.

Яқинда UzReport TV билан шартнома имзоладик. Эндиликда доимий равишда киберспорт мусобақалари онлайн трансляция қилиб борилади.

Спорт вазирлигини алоҳида эътироф этишим керак. Бизни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келишмоқда.

– Ҳозирги кунда «Esports Uzbekistan» федерацияси Миллий олимпия қўмитаси томонидан ҳам тан олинганми?

– Ҳозирда шу иш бўйича шуғулланяпмиз. Жаҳондаги кўплаб киберспортга алоқадор ташкилотлар федерациямизни тан олишди. Alibaba билан шартнома туздик. Осиё киберспорт федерацияси ҳам бизни тан олди.

Қийинчилик, тўсқинликлар ҳамма ерда ҳам бўлади. Биз ютуқларга ўз меҳнатимиз билан эришиб келяпмиз. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси киберспортни қабул қилиши қийин бўляпти. Лекин Сакин ака Пўлатовга (МОҚ вице-президенти – таҳр.) ўз миннатдорчилигимни билдираман. Доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Биз Олимпия қўмитасига таклифлар билан мурожаат қиляпмиз. Лекин бизга негадир эътибор паст даражада бўляпти. Биз доимий равишда ҳаракат қиляпмиз. Ўйлаймизки, тез орада натижа бўлади.

– Карантин бу спорт турига қандай таъсир қилди? Ареналар фаолият юритяптими?

– Карантин даврида онлайн ишладик. Киберспорт ареналари карантин даврида ёпилди. Ҳозирча рухсат берилгани йўқ. Ареналаримиз очилишини кутяпмиз. Карантин қоидаларига амал қилган ҳолда фаолиятимизни давом эттирмоқчимиз.

– Ўзбекистонда ушбу спорт турига инвестиция киритаётганлар борми? Тадбиркорлар бундан қандай фойда олиши мумкин?

– Албатта. Бундай тадбиркорлар бор. Киберспорт клублари очиш ҳамда федерацияга аъзо бўлиш билан яхши даромад олиш мумкин. Чемпионатлар ташкил этилади.

Бутун дунёда ҳам бу спорт турига қизиқувчилар сони ошмоқда. Ҳар йили 40 млн долларлик мусобақалар бўлиб ўтади. Барча йўналишларда мукофот пуллари баланд. Европа майдонларидаги киберспортчиларнинг ойлиги бугунга келиб ойига камида 10-15 минг доллар атрофида. Бизда эса 200-300 доллар атрофида.

Келажакда трансферлар ҳам қилиш ниятимиз бор. Хитойда ҳозирда энг кучли киберспортчи билан 1 млн долларлик шартнома тузишмоқда. Трансфери эса 500 мингдан 1 млн долларгача белгиланмоқда.

«Esports Uzbekistan» федерацияси учун янги академия ташкил қилмоқчимиз. У ерда бош офис, катта арена майдончаси бор бино режалаштиряпмиз. Бу борада раҳбариятга ҳам таклиф берганмиз. Арена халқаро стандартларга хос тарзда лойиҳалаштирилган. Ҳозирда жавобини кутяпмиз.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.

Суҳбатни тўлиқ Kun.uz'нинг YouTube канали орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид