Ўзбекистон | 16:49 / 31.10.2020
16680
2 дақиқада ўқилади

«Катта пулга автомашина сотиб олган одам унинг сифатли бўлишини ҳам хоҳлайди» – муҳандис

Инновацион ривожланиш вазирлигида “Автомобилсозликдаги долзарб муаммолар ва инновациялар” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Семинардан соҳадаги мавжуд муаммоларга ечим сифатида қатор лойиҳалар тақдимоти ҳам жой олди. Жумладан, автомашиналардаги нуқсонларнинг олдини олишга мўлжалланган контактсиз координата ўлчов қурилмаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Лойиҳа муаллифларидан бири бўлган Турин Политехника университети мехатроника маркази раҳбари Комил Муҳсинов қурилма ҳақида маълумот берди.

“Машиналардаги эшикларнинг ёпилиши ёки компонентлар орасидаги масофаларни ўлчашдаги хато сабабли юзага келган нуқсонлар кўча шовқинининг ички кузовга кириши, ёқилғи сарфининг ортиши ва шу каби кўплаб салбий оқибатларга олиб келмоқда. Юқоридаги нуқсонларга асосий сабаб машиналар текширувида оператор бажарган ишни оператор текшириши ҳисобланади. Бу нотўғри деб ҳисоблаймиз. Катта пулга автомашина сотиб олган одам унинг сифатли бўлишини ҳам хоҳлайди“, - деди Комил Муҳсинов Kun.uz мухбири билан бўлган суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқаришдаги ушбу хатоларнинг олдини олиш мақсадида контактсиз координата ўлчов қурилмаси яратилди. Қурилма лазер орқали машина эшиклари ва компонентлар орасидаги вертикал ҳамда горизонтал масофани ўлчайди.

Агар оралиқ масофа қўйилган стандартлардан кўпайиб ёки камайиб кетган бўлса, у ушбу ахборотни маълумотлар базасига узатади. Қурилма дастлаб ярим автомат шаклида бўлиб, оператор у билан оралиқ масофаларни ўлчайди. Кейинчалик эса жараён тўлиқ автоматлаштирилиб, текширув ва ўлчаш ишлари бутунлай роботлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, янги харид қилинган маҳаллий автомобилларнинг баъзи моделлари юзасида горизонтал ва вертикал фарқлар мавжудлиги, эшиклар ёпилиши, ёритиш тизимидаги нуқсонлар акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Мавзуга оид