Жамият | 12:01 / 01.11.2020
26919
7 дақиқада ўқилади

«Мен онамнинг телевизорда йиғлаб чиқишини истамайман!»

Инсон ҳамма нарсага кўникади, дейсизми? Унда билинг: баъзи нарсаларга кўникиш — жиноят! Масалан, бефарқликка, қалбнинг қотиб қолишига. Кимнингдир оғир аҳволдалигини кўриб, индамай ўтиб кетилишига. Агарда бу дард жамиятни тутса, унда бу — фожиа.

Иллюстратив фото

Биз хонадон эшигини тақиллатганимизда ичкаридан «калит газ ҳисоблагичнинг устида, болаларим устимдан қулфлаб кетишган, ўзингиз очиб кираверинг», деган овоз эшитилди. Билдикки, мурожаатини ўргангани борганимиз — 40 ёшлардаги аёл ўрнидан туролмайди. Афсуски, унинг жуссасини тўшакда фақат хасталик эмас, муаммолар ҳам босиб ётган экан.

Суҳбатлашдик, гарчи ўзи истамаса-да, журналистлигимизга бориб, исбот мустаҳкам бўлсин, дея уни видеотасвирга олишга, муаммоларини камера қаршисида айтиб беришга кўндирдик. Шу пайт ўғли — 6-синф ўқувчиси мактабдан келиб қолди ва бизга ҳайрон қаради, кўзларида орият учқунлари бор эди.

— Нега онамни камерага оляпсизлар?! Телевизорга чиқармоқчимисизлар?! — дея шошиб сўради болакай.

Унга тушунтиришга ҳаракат қилдик. Бироқ жажжи юракда нелар ғалаён кўтарганини бир пас ўтибгина тушундик.

— Кераги йўқ. Барибир бизга ҳеч ким ёрдам бермайди. Опам билан (ҳудуддаги энг бой тадбиркорлардан бирининг исмини айтди) амакининг уйига йиғлаб борганмиз, шунча бой бўлсаям ёрдам бермаган. Мен онамнинг телевизордан йиғлаб чиқишини истамайман!

Бу ерда она дарди билан бирга бола кўнгли ҳам бор эди. Ана шу кўнгил туфайли ҳамда онанинг илтимоси билан олган тасвирларимизни чиқармайдиган бўлдик.

Бироқ эшитганларимиз ва кўрганларимиз бизга тинчлик бермади — ҳолатни манзилсиз ва номсиз бўлса ҳам ёритишга қарор қилдик. Сабаби, шундай масалалар борки, бир инсон тақдири мисолида ўрганасиз-у, ўша инсон қалбидаги оғриқлар жамиятга дахлдор эканлигини ҳис қиласиз. Бир инсоннинг дардини тинглайсиз-у, бундай дард яна бошқа — юзлаб инсонларга бегона эмаслигини сезиб турасиз.

Хуллас, аёл 10 йил олдин икки боласи билан турмушидан ажралган, 8 йил олдин эса оғир хасталикка чалинган. Бугун хасталикнинг кучайиши натижасида мустақил ҳаракатлана олмайдиган ҳолга тушган. Вояга етмаган ўғли ва қизи унга қарайди. Фарзандлари мактабга кетганида эса уларни кутишга мажбур.

Ўзимизча хаёл қилдик: ҳойнаҳой, ўғли ва қизи мактабдан келгунича фарзандларининг истиқболи ҳақида хаёл суриб ётса керак, ахир, она-ку?! Улар мактабдалигида яширинча йиғлаб олса ҳам керак: ахир, аёл-ку!

Турмушидан ажралгач, болаларини олиб, ижарама-ижара яшаган. 2018 йилда унга бошланғич бадали тўланган ҳолда намунавий лойиҳалар асосида қурилган 3 хонали уйлардан бири берилган.

Уйнинг ойлик тўловларини амаллаб тўлаб келган. Аммо полиартрит туфайли бўғинларида ҳаракат йўқолиб, ўрнидан туролмай қолгач, даромадсиз қолади. Шу тобда унинг ҳар ойда 2-3 млн сўм дори-дармонга эҳтиёжи бор. Шифокорлар операция буюришганда маблағи йўқлиги сабаб қарз олиб операция қилдирган. Шундай қилиб, бир томонда рўзғор, бошқа томонда уйнинг тўлови, ойлик коммунал тўловлар, дори-дармон, қарз — яъни, муаммолар гирдоби.

Унинг маълум қилишича, оғир аҳволда қолгач, туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Хотин-қизлар бўйича масъул келиб, ҳолатни ўрганган ва тикув машинаси беришини, шу орқали даромад топиши мумкинлигини айтган. Ҳолбуки, аёлнинг қўллари ишламайди, тикувчилик қилиши имконсиз. Тикув машинасини рад қилган.

Буни қарангки, кейинчалик қаерга мурожаат қилмасин, тикув машинасини рад қилгани ҳақидаги бир хил жавоб келаверган...

Имконсиз қолиш нима эканини имконсиз қолганларгина тушунади. Тўғри, маҳалла турли ёрдамлар бериб турган. Бироқ,масаланинг марказ нуқтаси шундаки, боқувчисини йўқотган, жисмонан ва молиявий тарафдан мутлақо заифлашиб қолган бу ногирон аёлнинг уйини «тўловини тўламади», дея тортиб олиш учун ҳаракатлар бошланган... Ёрдам сўраб қилинган мурожаатлари эса бефойда бўлган.

Шу ўринда ижтимоий ҳимоя тизимимиз борасида бир қанча саволлар пайдо бўлади. Уларни лоақал ўз-ўзимизга беришимиз учун фурсат келмадими?

Нега қийин аҳволга тушиб қолган бир инсонни бу каби вазиятдан қутқарадиган лоақал битта идора ёки жамғарма йўқ? Ёки борми? Бор бўлса, нега Қизилтепа туман ҳокимлиги бу аёлнинг мурожаатини ўрганиш, унга зудлик билан ёрдам кўрсатиш учун у ерга юбормади? Бу саволларнинг бири, холос. 

Биз дуч келган ҳолатни олайлик.

Бу каби аҳволдаги аёлларга уй берилса, уларнинг бирортаси ойлик тўловларни мунтазам тўлай олмаслиги кундай равшан-ку?! Тўлолмагандан кейин уйларни тортиб олиш ва уларни кўчада қолдириш қанчалик тўғри бўлади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида»ги Низомга эътибор қаратамиз.

Низомда арзон уй-жойларни қуриш учун талаб этиладиган дастлабки бадални Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобига, шунингдек, талабгор кам таъминланган, доимий даромадга эга бўлмаган ва кредитни қоплашга лаёқати етарли бўлмаган тақдирда у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига тўланиши белгилаб қўйилган.

Айнан шу нуқта аниқ тоифаларга ажратилиб, тўлов турлари ҳам ижтимоий аҳволидан келиб чиққан ҳолда белгилаб қўйилса, баъзи тушунмовчиликлар бўлмас эди, балки.

Масалан, кам таъминланган хотин-қизнинг ижтимоий аҳволи кейинчалик яхшиланиб кетиши ва у уй тўловини тўлаш қобилиятига эга бўлиши мумкин. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ҳам кейинчалик ўзини тиклаб кетишини ҳаётда кўп кўрганмиз. Аммо ногирон ва бунинг устига боқувчисини йўқотган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тўлиқ давлат ҳисобидан бўлиши тўғри бўлмасмиди?

Бу, ҳали айтганимиздек, ижтимоий ҳимоя соҳамизга доир саволларнинг баъзиси, холос.

Тўшакда михланиб ётган оналарнинг кўзидан имконсизлик ёши оқмаслиги керак! Ёзган мурожаатлари учун эса «ёзувчи» деган тамға олмаслиги, эндигина 13 ёшга тўлган болакайнинг нигоҳида эса жамиятга нисбатан умидсизлик бўлмаслиги керак. Зеро...

Баъзи нарсаларга кўникиш — жиноят! Масалан, бефарқликка, қалбнинг қотиб қолишига. Кимнингдир оғир аҳволдалигини кўриб, индамай ўтиб кетилишига. Агарда бу дард жамиятни тутса, унда бу — фожиа.

P.S. Kun.uz сайти жамоаси бу аёлнинг оиласига 30 млн сўм миқдорида ёрдам кўрсатишга қарор қилди.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид