Ўзбекистон | 18:11 / 01.11.2020
14536
6 дақиқада ўқилади

Онлайн таълим, ХТБ мудирлари ва «Тарбия» дарслиги — Халқ таълими вазири ўринбосари билан суҳбат

Мактабларда 2020-2021 ўқув йили бошқа йилларга қараганда анча фарқли – гибрид шаклда бошланди. Ўқитувчилар байрами арафасида эса президент ҳам табрик, ҳам мурожаат мазмунида нутқ сўзлаб, муҳим таклифларни илгари сурди.

Биз мактаблар фаолиятига доир саволлар билан Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев билан суҳбатлашдик.

– Президент 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасидаги нутқида халқ таълими бўлимлари мудирлари фаолияти қониқарли эмаслигини таъкидлади. Уларнинг фаолиятида қандай камчиликлар кўзда ташланмоқда?

– Президент ўз нутқида халқ таълими бўлими мудирлари фаолиятида зарур ваколат йўқлигини таъкидлади. Улар ҳаттоки мактаб директорини ишдан бўшатиш ваколатига эга эмас. Ёки бўлмаса, намунали директорларни рағбатлантириш учун Халқ таълими бўлимларида жамғармалари ҳам йўқ.

Албатта, 200дан ортиқ туман ва шаҳарлар бўлса, уларнинг барчасида ХТБ мудирларини зўр ишлаяпти дейишимиз қийин. Шу билан бирга, уларнинг муаммолари ҳам бор: юқоридагилардан ташқари, айримларида бинолари ҳам йўқ. Шунинг учун президентимиз туман, шаҳар, вилоят халқ таълими бўлими мудирлари бир вақтнинг ўзида ҳокимнинг маориф бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳам иш юритиши таклифини илгари сурдилар.

Агар халқ таълими бўлими мудири ҳоким олдига кириб ҳудуддаги муаммоларни айтолса, ўша ердаги таълимга оид кўплаб масалалар ўз вақтида ҳал этилишига эришган бўлардик. Масалан, бирор бир мактабни таъмирлаш керак бўлса, сув олиб келиш бўлса, иссиқлик таъминоти бўйича муаммоси бўлса, маҳаллий бюджет нуқтайи назаридан, ХТБ мудири ҳокимга унинг ўринбосари орқали эмас, тўғридан тўғри ўзига мурожаат қилиб, муаммоларни ҳал қилиш имкониятига эга бўлади.

Умумий савол бермоқчиман: биз онлайн таълимда нималарни ютамиз ва бой берамиз?

Дилшод Кенжаев

– Онлайн таълимнинг ижобий томонлари кўп. Шу билан бирга, салбий томонларини ҳам айтиб ўтиш керак. Аввал ижобий томонларини айтадиган бўлса, биринчи навбатда пандемия шароитида ўқувчи билимсиз қолиб кетмаяпти. Иккинчидан, замонавий ахборот технологиялари ҳар бир оилага кириб боряпти. Учинчидан, энг чекка ҳудудлардаги ўқувчилар ҳам онлайн дарслар учун саралаб олинган малакали ўқитувчилар орқали билим олишмоқда. Демакки, ўз мактабидаги ўқитувчисининг даражасидан қатъи назар, онлайн таълимда 6,2 миллион ўқувчи энг маҳоратли ўқитувчилардан билим ўрганиш имконига эга бўлди.

Тўртинчидан, ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам онлайн дарсларни кўриб, ҳамкасбларининг дарс ўтиш методикаси билан танишишмоқда.

Бундан ташқари, онлайн дарсларда ўқувчи ўтилган дарсларни такроран кўриш имконига эга бўлади: дарслар телевидениеда такроран эфирга узатиляпти, ижтимоий тармоқлардаги каналларимизга дарслар видеосини юклаяпмиз. Ўқувчи хоҳлаган пайтда дарсни қайта-қайта кўриши мумкин.

Онлайн таълимнинг камчиликлари ҳақида айтадиган бўлсак, биринчи навбатда ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида мулоқот йўқолди. Ўқитувчи дарсда ўртага савол ташласа, ўнлаб ўқувчилар жавоб бериш учун қўлини кўтариши мумкин. Онлайн дарсларда эса реал мулоқот анча камаяди.

Иккинчи масала, мактаб – нафақат билим берувчи, балки болаларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашувчи муассаса. Ўқувчи у ерга бориб ижтимоийлашади, дўстлари билан мулоқотга киришади. Онлайн таълимда эса у асосан ота-онаси билан мулоқотда бўляпти.

Айни пайтда давом этаётган гибрид форматдаги таълимда, онлайн ўқишни истаганлар ҳисобига бевосита мактабга келиб ўқиётган ўқувчилар сони камайди, бу эса ўқитувчи учун қулайлик, ахир битта дарсда 30 нафар болани баҳолаш қийин, ўқитувчи энди ҳар бир бола билан индивидуал ишлашга имконияти кўпроқ.

Ҳозирда ўқитувчиларнинг вазифаси ҳам кўпайди: айрим ўқувчилар онлайн таълим олишса, қолганлари мактабга бориб ўқишяпти. Уларнинг таълим олишини бирдай назорат қилиш мушкул масала.

– Чекка ҳудудларда ўқувчиларни онлайн таълим билан қамраб олинишини таъминлаш бўйича вазирлик қандай ишларни амалга оширяпти?

– Тўғри, ҳамма жойда интернет сифати талаб даражасида, деб айтолмаймиз. Бу масалани ҳал қилиш бизнинг ваколатимизга кирмайди, лекин биз бола қандай таълим олаётгани билан қизиқамиз.

Интернет етиб бормаган жойларда боланинг онлайн таълим олишини қандай назорат қилиш мумкин? Ўқитувчи боланинг ота-онаси билан алоқада бўлиб, унинг таълим олишини назорат қилиб туриши мумкин ёки боланинг уйига бориб келса ҳам бўлади.

Ўрганиб чиққанимизда маълум бўлдики, онлайн таълимга шароити йўқ ўқувчиларнинг аксарияти мактабга келиб ўқишяпти.

Ҳозирги пайтда ёшлар онгида «маънавият» тушунчасига нисбатан салбий фикр шаклланган. Янги жорий этилаётган  «Тарбия» фани дастурида шу жиҳат ҳам ҳисобга олинганми?

– Мактаб тизимида, яхши биласиз, қатор йиллар ўқитувчи даладан бери келмагани сабабли фақат «Одобнома» ёки «Тарих» каби фанлар эмас, барча фанларда ўзлаштириш кўрсаткичлари ўз-ўзидан тушиб кетди.

Маънавият керакми, деган саволлар бўлади. Маънавият керак. Аълочи бўлиш мумкин, лекин маънавиятли бўлмаса, давлатига ҳеч қачон фойда келтирмайди. Болага маънавият-маънавият деб гапириш керак эмас, ана шу маънавиятни унда тарбиялашимиз керак. Қандай қилиб? «Тарбия» дарслиги орқали «Ассалому алайкум» дейиш нималигини, эрталаб юз-қўлни ювиш кераклигини, ота-онага салом бериш, ўқитувчини ҳурмат қилиш, таълим олиш кераклигини болага оддий қилиб, унинг тилида тушунтириб беришимиз керак.

«Тарбия» дарслиги олдинги «Одобнома», «Ватан туйғуси» дарсликларидан тубдан фарқ қилади. Янги дарсликда ўқувчиларнинг мустақил фикрини ифодалашига кўпроқ эътибор берганмиз. У ерда шунчаки ёдланадиган қоидалар йўқ.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Асад Алланазаров.

Мавзуга оид