Жаҳон | 22:36 / 02.11.2020
11241
7 дақиқада ўқилади

Фанерли сайлов. АҚШдаги йирик шаҳарларда эҳтимолий тартибсизликларга тайёрланишмоқда

АҚШ пойтахти оммавий тартибсизликларга тайёрланмоқда. Меҳмонхоналар, банклар, дўконлар ва ресторанлар бинолари сирти ҳимоя панеллари билан қопланган, федерал биноларни қўриқлаш учун қўшимча ҳарбийлар жалб этилган.

Mario Cruz / EPA / Scanpix / LETA

Сайловлар арафасидаги дам олиш кунларида Вашингтонда болғалар ва «болгарка» овози тинмади. Шаҳар марказидаги офислар бинолари олдида, меҳмонхоналар ва ресторанларнинг кириш қисмида фанер листларининг ҳақиқий пирамидалари ҳосил бўлди. Деярли ҳар бир иншоот олдида бир гуруҳ ишчилар ойна ва витриналарни ёғоч қобиқлар билан ўраб қўйиш учун куймаланишаётганига гувоҳ бўлиш мумкин эди.

«Биз июнь ойида, Жорж Флойднинг ўлимидан кейинги илк намойишлар вақтида ҳам шундай қилгандик», деди BBC рус хизмати мухбири билан суҳбатда эндигина 19-кўчадаги Jos A Bank номли кийимлар дўконини ёғоч қобиқлар билан ҳимоялаш ишларини якунлаган қурувчилар бошлиғи Диего Диас.

CVS дорихоналар тармоғи ўтган ҳафтадаёқ бутунлай фанер панеллар билан ўраб олинганди. 

«Ёздаги намойишлар вақтида дорихонамиз талон-торож қилинганди. Ҳозир биз барчаси тинч ўтишига умид қилмоқдамиз, лекин ҳар эҳтимолга қарши хавфсизликни таъминлаб қўйдик», деган менежер Фрэнк.

Mario Cruz / EPA / Scanpix / LETA

Ёмон сценарий
Октябрь ойи охирида YouGov компанияси томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг қарийб 56 фоизи АҚШдаги сайловлар кунида оммавий намойишлар ва зўравонлик ҳолатлари кузатилишига шубҳа қилмайди.

Мамлакатдаги бир неча штат ва шаҳарлар расмийлари воқеаларнинг энг ёмон ривожига ҳам тайёрланиб турибди.

Ўтган ҳафтада Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом Politico нашрига берган интервьюсида айтишича, штат маъмурлари овозларни ҳисоблаш жараёни оммавий тартибсизликлар билан бирга кечиши, кўчаларда Трамп ва Байден тарафдорлари ўртасида ҳақиқий тўқнашувлар келиб чиқишини истисно этмаяпти.

«Биз ҳамиша турли сценарийларни ҳисобга оламиз ва уларга олдиндан тайёрланамиз», деганди губернатор.

Чикаго мэрлиги ҳам сайловга тайёрланиш жараёнида барча оператив хизматларнинг махсус машғулотларини ўтказди.

«Баҳор ва ёзда нималар бўлганини ҳисобга олсак, биз олдиндаги кунлар тинч ўтишига умид ҳам қилмаймиз ва энг ёмонига тайёрланамиз», дея очиқ гапирган ўтган ҳафтадаги матбуот анжумани вақтида Чикаго мэри Лори Лайтфут.

АҚШ ички хавфсизлиги вазирлиги мамлакатнинг йирик шаҳарларидаги ҳукумат бинолари муҳофазаси учун қўшимча махсус отрядлар юборган.

«Бизнинг бўлинмаларимиз зарурат туғилганда ишга солинади, лекин ҳозирча бизда тартибсизликлар режалаштирилаётгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ», деган вазирликнинг юқори мартабали амалдори Кен Куччинелли CNN  мухбирига берган интервьюсида.

Шу телекомпаниянинг АҚШ администрациясидаги манбаси сайловда Дональд Трамп ғалаба қозонгудек бўлса, АҚШнинг йирик шаҳарларини намойишлар тўлқини қамраб олиши мумкинлигини айтган. Федерал ҳукумат сайлов натижаларидан кейин Нью-Йорк, Вашингтон ва демократлар тарафдорлари кўпчиликни ташкил этувчи бошқа шаҳарларда оммавий намойишлар бошланиб кетиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Шу билан биргаликда, амалдорлар Жо Байденнинг ғалабаси кенг кўламли намойишларга сабаб бўлмаслигини айтишмоқда.

Mario Cruz / EPA / Scanpix / LETA

Трамп нима қилмоқчи?
Бундай прогнозлар берилишининг асосий сабабчиси президент Трампнинг баёнотларидир. Сўнгги ойларда у бир неча марта сайловлар вақтида сохталаштиришлар рўй беришини айтиб, ўз тарафдорларини сайлов кунида «демократлар ундан ғалабани тортиб олиши»га халал бериш учун сайлов участкаларига келишга чақирди.

АҚШ президенти сайловда ютқазган тақдирда ҳокимиятни тинч йўл билан топшириши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб беришни истамаяпти, ўтган ҳафтанинг жума кунида эса у твиттердаги саҳифасида сайловда Жо Байден ғалаба қозониши эҳтимолини абсурд деб атади ва бу фақат Олий суд сайлов натижаларига аралашган тақдирда рўй бериши мумкинлигини айтди.

Байденнинг штаби бунга худди шу тахлит жавоб қайтарди.

«Қўшма штатлар ҳукумати Оқ уйга ноқонуний кириб олганларни чиқариб юбора олади», деди собиқ вице-президент штаби вакили.

Сайловолди йўқотишлари
Сайлов кунига бир неча ҳафта қолганидаёқ Вашингтондаги тадбиркорлар оммавий акциялар туфайли рўй бериши мумкин бўлган йўқотишларини ҳисоблай бошлашганди.

«Ўтган ёзда талончилар менинг учта ресторанимдаги ойналарни синдириб, мебелларга шикаст етказишганди. Суғурта компаниялари шу вақтгача келтирилган зарарни қоплай олмади, ҳозирда мен тартибсизликлар такрорланмаслигига, намойишлар тинч ўтишига умид қиляпман», деган Америка пойтахтидаги Knightsbridge Restaurant Group ресторани хўжайини Ашок Бажаж.

Ўтган ёзда полиция зўравонлигига қарши намойишлар асосан тинч тарзда ўтган бўлсада, намойишларнинг илк кунлари талончилик ҳолатлари билан бирга кечганди. Ўшанда уюшган гуруҳлар машиналарни ёқишган, дўконлар ва ресторанларнинг витриналарини синдириб, ичкаридаги буюмларни кўчага улоқтиришганди.

Шу вақтгача талончилик ҳолатлари туфайли етказилган зарар миқдори аниқ ҳисобланмаган. Вашингтон суғурта маълумотлари институти (Insurance Information Institute) ходими Лоретта Вортерснинг сўзларига кўра, ўтган ёздаги тартибсизликлар туфайли етказилган зарар миқдори 500 млн доллардан 900 млн долларгача бўлиши мумкин.

«Мен суғурта компаниялари ҳали ҳам зарар етган ва ўғирланган мулклар учун товон тўланиши учун барча зарур ҳужжатларни расмийлаштирмаганини истисно этмайман, шу туфайли жами зарар миқдори 2 млрд долларни ташкил этиши ҳам мумкин», дея тахмин қилган у.

Вашингтондаги Service Channel фирмаси маълумотларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида Америка пойтахтида қурувчилар фирмаларга 310 компания ёғочдан қилинган ҳимоя воситалари бўйича мурожаат қилган. 30дан ортиқ фирма эса сайловлар кунида қуролли қўриқчилар билан таъминлашни сўраб мурожаат этган.

Айрим тадбиркорлар эса бундай хавотирлар ўринсиз деган фикрда. Оқ уйдан икки квартал нарида жойлашган Grilled Cheese Bar ресторани хўжайини Брюс Клорес ва унинг қўшнилари ҳам сайловлар арафасида витриналарни фанерлар билан қоплашган.

«Бу бино эгасининг талаби бўлди, менинг ташаббусим эмас. Вашингтонда намойишлар доим бўлади, одатда одамлар намойишлардан кейин ресторанга кириб қаҳва ва сэндвич буюртма қилишади. Умид қиламанки, 3 ноябрь куни ҳам истисноли бўлмайди, шу куни бизда мижоз кўп бўлади», деган у.

Mario Cruz / EPA / Scanpix / LETA
Mario Cruz / EPA / Scanpix / LETA

Мавзуга оид