Жаҳон | 11:03 / 03.11.2020
22278
8 дақиқада ўқилади

АҚШ-2020: Кимда қандай имконият?

Америка Қўшма Штатлари президентлиги сайлови ҳал қилув палласига яқинлашди. Яқин вақтлар ичида сайлов участкаларида овоз бериш жараёни бошланади. Сайлов куни арафасида таҳлилчиларнинг аксари Жо Байден Трампни ортда қолдириб, АҚШнинг янги президенти бўлишини тахмин қилишмоқда.

Гарчи демократик партия вакили яқин вақтгача Трампни катта устунлик билан ортда қолдириб келган бўлса ҳам, сўнгги паллаларга келиб орадаги фарқ камайди. Шундай бўлса ҳам бугун кўпчилик Жо Байден ғалаба қозонади деб ишонмоқда. Шу билан бирга, ҳатто Демократик партияни қўллайдиган нашрлар ҳам Трампда ғалаба қозониш учун имконият борлигини ёзмоқда.

АҚШнинг 50та штати президентлик сайловида учга бўлинади. Бир қисми демократик партияни қўлласа, яна бир қисми республикачилар партияси вакили тараф бўлади. Учинчи қисм эса ҳар икки партияга ҳам хайрихоҳ бўлмасдан, ким сайловолди пойгасида яхшироқ қатнашса ва реал ваъдалар берса, ўшани қўллайди. Аксарият ҳолларда АҚШда ким президент бўлиши ана шу бетараф штатларнинг овозига боғлиқ бўлади.

Сайловлар бошлангунга қадар номзодларнинг ҳар бири ўзини қўллайдиган штатларни аниқ билади. Масалан, Калифорния ҳар доим демократик партия вакилларини қўллаб келган ва бу штатда Байденнинг ғалаба қозониши кундай равшан. Алабама эса ҳар доим республикачилар партиясига овоз берган. Шу сабабли бу штатда Трамп ғалаба қозонишига ҳеч ким шубҳа билдирмайди.

Агар демократлар ва республикачилар партиясининг номзодларини қўллайдиганларнинг аниқ ҳисоб-китоби қилинса ва бетараф штатлар чиқариб ташланса, у ҳолда сайловларда Байден 183:113 ҳисоби билан ғалаба қозонади.

Кейин икки номзоддан бири фаворит бўлиши мумкин бўлган штатлар бор. Бундай штатларда кутилмаган натижалар ҳам рўй бериши мумкин. Аммо бунинг эҳтимоли жуда паст.

Жо Байден бундай штатлардан Нью-Мехико (13 фоиз), Мэн ва Виржиния (12 фоиз), Колорадо (11 фоиз), Нью-Ҳемпшир (10 фоиздан) да устунликка эга. Бу унга яна 33 делегат овозини беради. Трамп эса Аляска, Жанубий Каролинада (ҳар бирида 9 фоиздан) ва Монтанада (8 фоиз) фаворит бўлиб кўринди. Бу унга яна 15та овоз тақдим этади.

Ғолиб ёки фаворит аниқ бўлган штатлар ҳисоблангандан сўнг, тахминий ҳисоб Байден фойдасига 216-128 бўлади. Бу бир қарашда, Трамп учун умидсиз вазиятга ўхшаб кўринади. Бироқ бу бироз чалғитувчи ҳолат ҳисобланади. Бунга сабаб шуки, бир қанча штатларда қоғозда кураш қизғин кетаётганга ўхшаса ҳам, аслида уларда республикачи номзоднинг ғалаба қозониш эҳтимоли юқори.

Ушбу штатларнинг энг йириги Техас бўлиб, у АҚШдаги сайловчилар сони бўйича иккинчи ўринда туради (38 овоз). Сўровларга кўра, Трамп ушбу штатда 4 фоиз билан етакчилик қилмоқда, аммо дастлабки овоз бериш чалғитувчи бўлиши ҳам мумкин. У ерда рекорд кўрсаткич қайд этилди, муддатидан олдин овоз берганларнинг 53 фоизи республикачиларга овоз берган, 36 фоизи демократларга. Бундай ҳолатда Трамп Техасда ғалаба қозониши ва вазиятни ўнглаши мумкин.

Анъанавий равишда бетараф бўлган штатлардан Айова (6 овоз) ва Оҳайо (18 овоз) ҳам Трампга овоз бериши эҳтимоли катта. Сўровларга кўра, Трамп Айовада 2 фоиз, Оҳайода 1 фоиз устунлик билан етакчилик қилмоқда.

Аммо дастлабки овоз бериш натижалари ушбу штатларда турлича бўлганини инобатга олсак, вазият яна ўзгариши мумкин. Оҳайода муддатидан олдин овоз бериш натижаларига кўра, республикачилар 49 фоиз, демократлар 38 фоиз овоз олган. Айовада эса аксинча, дастлабки овоз беришга кўра, демократлар вакили етакчилик қилмоқда (46 фоиз 33 фоизга қарши), аммо ҳар икки штатда ҳам натижа сайлов куни аниқ бўлиши айтилмоқда. Консерватив электорат шу куни тўғридан тўғри овоз бериши кутилмоқда.

Агар ушбу штатларда Трамп ғалаба қозонса, унда ҳисоб 216-190 кўринишида ўзгаради. Ана шундан сўнг қизғин кураш бошланади ва сайлов натижаларини қолган 9та бетараф штат ҳал қилади. Бу штатларда Трамп ҳам, Байден ҳам ғалаба қозониши мумкин.

Ўз навбатида, шу 9 штат ҳам уч тоифага бўлинади.

Биринчи тоифа – оқ танли аҳоли кам бўлган жанубий штатлар. Буларга Жоржия (16 овоз), Флорида (29 овоз), Аризона (11 овоз) ва Невада (6 овоз) киради. Трампнинг энг яхши имкониятлари Жоржияда бўлиб, у ерда республикачилар вакили 51 фоиз, демократлар вакили эса 42 фоиз овоз олиши тахмин қилинмоқда.

Флорида ва Аризонада сайлов участкаларида овоз беришнинг дастлабки маълумотларида тахминий тенглик кетяпти. Агар сайлов кунидаги фаоллик ошса, унда бу штатларда ҳам Трамп ғалаба қозониши мумкин.

Невадада вазият бироз мураккаб – бу штат анъанавий равишда демократларни қўллаши билан танилган. Бундан ташқари, олдиндан овоз бериш натижаларига кўра, Байден 5 фоиз овоз билан 3 фоиз овоз олган Трампни ортда қолдирмоқда. Катта эҳтимол билан ушбу штатда демократлар вакили ғалаба қозонади.

Бетараф штатларнинг иккинчи гуруҳи бир пайтлар ўз заводлари билан машҳур бўлган, аммо янги минг йилликда кучли инқирозга учраган шимолдаги штатлар ҳисобланади. Ушбу штатларга Мичиган (16 овоз), Висконсин, Миннесота (ҳар бири 10 овоз) ва Пенсильвания киради.

Бу штатлар бўйича бир нарса дейиш қийин. Уларда ўтказилган сўровномалар Байденнинг 7-8 фоиз устунлигини кўрсатмоқда. Бироқ ҳал қилувчи овоз республикачилар партиясида қолади. Ҳозирча Трамп Мичиган штатида 3 фоиз, Висконсин штатида – 8 фоиз овоз оляпти. Фақат Миннесота штатида демократлар партиясини яхшироқ қўллашмоқда (15 фоиз). Катта эҳтимол билан, Миннесота Байден учун овоз беради, аммо Мичиган ва Висконсин Трампнинг ғалабасида ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин.

Сўнгги икки штат – овозларни олдиндан айтиб бўлмайдиган штатлар ҳисобланади. Демократлар 6-12 ноябрь кунлари оралиғида почта орқали келган овозларни ҳисоблаш ҳуқуқига эга бўлишди. У ердаги ҳисоб-китобларда катта ўзгаришлар тахмин қилинмоқда, икки томон ҳам олдиндан бир-бирини овозларни сохталаштиришда айблай бошлади. Ушбу штатлардан Пенсильвания 20 овоз ва Шимолий Каролина 15 овозга эга.

Шимолий Каролина анча рақобатбардош штат ҳисобланади. Биринчидан, бу штатда муддатидан олдин овоз беришда кутилмаган натижалар қайд этилмайди. Иккинчидан, у ерда овоз бериш жараёни катта бўшлиқни келтириб чиқармайди. Шимолий Каролинада демократларга 37 фоиз,  республикачиларга 32 фоиз овоз олдиндан бериб бўлинган. Бу штатдаги овоз бериш жараёнлари Байденнинг 2 фоизлик устунлигини кўрсатмоқда. Жами овозлар 12 ноябргача ҳисобланади. Бу штатда ҳам сўнгги натижа қандай бўлишини олдиндан тахмин қилиш қийин.

Пенсильвания ҳам натижани олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган штатлардан бири ҳисобланади. Аммо ҳозирча АҚШ мустақиллигининг бешиги бўлган мазкур штатда Байден ғалаба қозонадиганга ўхшаяпти. Дастлабки овоз бериш натижаларига кўра, сайловчиларнинг 66 фоизи демократик партия вакилига, атиги 23 фоизи республикачилар вакилига овоз берган. Ўтказилган сўровлар ҳам бу штатда Байденнинг 5 фоизга олдинда кетаётганини кўрсатмоқда.

Агар барчаси юқорида тахмин қилингандай амалга ошса, Трамп Байденнинг 252 овозига қарши зарур бўлган 271 овозга эга бўлади. Шимолий Каролинанинг қолган 15та овози учун баҳслар узоқ вақт давом этади. Бироқ бу ҳисоб-китобнинг ҳаммасини Байденнинг ғалабаси бекор қилиши мумкин. Шу сабабли, бугун АҚШдаги сайловда ким ғалаба қозониши мумкинлигини тахмин қилиб бўлмайди.

Мавзуга оид